Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Абдумажид Аҳмедов

Тақдирга ишонганимдан мана шу ёзаётганларим сизгача етиб боришидан умидворман. Ризқ деб аталмиш бебаҳо нарсадан сиқмаганига шукр...

Швейцария банклари ҳақидаги баъзи уйдирмалар

Швейцария банклари ҳақидаги баъзи уйдирмалар

Фото: «Cryptonovosti.com»

Баъзан банкда чиққан муаммолардан безган ёки пул қадрсизланишидан чўчиган кишилар гўёки пулларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган Швейцария банклари ҳақида эслаб қолишади. Бундай ишонч қанчалик тўғри ёки нотўғри экани ҳақида бироз фикр юритиш зарар қилмаса керак!..

Биз идеаллаштириб юборган хориж банклари аслида биз ўйлаганчалик ишончли эмас. Улар ҳақидаги уйдирмаларнинг айримларига тўхталамиз. 

1. Исталган хориж банки пулларнинг 100 фоиз сақланишига кафолат беради ва ҳеч қачон синмайди!

Америкадаги ипотека бўҳрони биринчи навбатда айнан банкларга зарба берди. Буюк Британиядаги сентябрь шов-шуви эса дард устига чипқон бўлди. Мамлакатдаги йирик банклардан бирига ликвидликни сақлаб туриш учун ёрдам кераклиги маълум бўлганида, ваҳимага тушган инглизлар уч кун ичида бир неча соатлаб навбатда турган ҳолда ўз ҳисобварақларидан 4 миллиард долларни ечиб олишган. Ундан кейин эса Европа иттифоқидаги бошқа мамлакатлар аҳолиси ҳам банкоматларга югурган. Натижада қитъадаги кўпгина кредит ташкилотлари акцияларининг нархи кескин тушиб кетди. Энг асосийси, асрлар давомида бирдай туриши таъкидланган буюк банклар бир неча ой ичида ер билан яксон бўлди. 

2. Хорижда мижозларни фуқаролиги ва даромад туридан қатъи назар яхши кўришади!

Кўпгина хорижлик банкирлар ҳозир ҳам ривожланаётган давлатлардаги миллионерлар чет эл банкларида ҳисоб очишини, шу орқали ноқонуний йўл билан топган миллионларини яшираётганини тахмин қилишади. Европа иттифоқидаги қонунлар жуда қаттиқ бўлиб, «ифлос» пулларга қарши курашишга йўналтирилган. Ўз ҳалоллигингизни исботлаш учун маҳаллий тилга таржима қилиниб, нотариус тасдиқлаган қатор ҳужжатларни тақдим этишингиз керак бўлади. Қоғозларни йиғишда анча пул йўқотганингиздан кейин банк пулларингиздан «сизнинг кредит тарихингиз бизга тўғри келмайди, биз эса таваккал қилишни хоҳламаймиз» деган маънода воз кечиши ҳам мумкин. Баъзи банклар эса ўз ҳисобларини узоқда туриб бошқарадиган мижозларни умуман ёқтирмайди. Сиз эса айнан шундай мижозлар қаторига киришингизни унутманг. 

3. Хорижда ставкалар жуда юқори!

Европа банклари қўйган омонатингизга катта фоиз тўлаши билан ҳеч қачон мақтанишмаган. Улар мижозларни ҳар хил бонуслар ва совғалар, кредит карталарини бепул расмийлаштириш билан жалб этишади. Аммо банкда ҳисоб очмоқчи бўлсангиз, хизматлар учун катта пул тўлашингизга тўғри келади. Масалан, Швейцарияда ҳар бир банк амалиёти учун олинадиган мукофот пули жуда катта. Албатта, агар сиз миллиард доллар қўймоқчи бўлсангиз, бунга эътибор қилмаслигингиз мумкин. Бироқ «ортиқча» 20 минг долларингиз бўлса, таъбингиз хира бўлиши турган гап. Сизга муддатли омонатдан бошқасини таклиф қилишмайди.

4. Солиқ тўламаслик учун пулларни хориж банкига қўйиш керак!

Хориж банкида ҳисоб очаётган пайтида хорижий фуқаро бу ҳақда бир ой ичида солиқ инспекциясини хабардор қилиши ва ҳар йили унда қанча пул йиғилгани ҳақида маълумот бериб туриши шарт. Бундан ташқари, ё ўзининг мамлакатида, ёки банк жойлашган мамлакатда барибир солиқ тўлашга тўғри келишини тушуниш лозим. Хорижликлар солиқларни тўлашга жуда жиддий қарашади, шу боис банк ва мижоз ўртасида тузиладиган шартномада давлатга тўланадиган солиқларнинг барчаси охирги тийинигача кўрсатилади. Ушбу қоиданинг бузилиши жаримага (ва ҳатто қамоқ жазосига) сабаб бўлади.

Хуллас, швейцарияликларда қандай мақоллар борлигини билмадигу, бизнинг ота-боболаримиз «Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тош-тарози» деб бежиз айтишмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг