Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Давлат раҳбари таълим ва меҳнат бозоридаги камчиликларни кўрсатди

Давлат раҳбари таълим ва меҳнат бозоридаги камчиликларни кўрсатди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 июль куни ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ярим йилдан буён бутун дунё кучайтирилган карантин шароитида яшамоқда. Бу мураккаб даврда ҳамма давлатларда энг асосий муаммо аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, даромад билан таъминлаш бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонда ишсизларнинг 732 минг нафари ёшлар, 834 минг нафари хотин-қизлардир.

Ёшлар муаммоларини самарали ҳал этиш мақсадида жорий йил 30 июнда «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга мувофиқ, ёшлар сиёсатини юритишда давлат идоралари олдига масала қўя оладиган, зарур ваколат ва молиявий ресурсларга эга бўлган Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди.

Хотин-қизлар билан ишлаш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида вертикал тизим яратилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари ёшлар ва хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш муҳимлигини таъкидлаб, бу борада алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлган йўналишларни кўрсатиб ўтди.

Аввало, мактаб битирувчиларини ўқиш ва ишга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Жорий йилда умумтаълим мактабларини 452 минг ўғил-қиз тамомлади. Уларнинг 70 минги олий таълим, 85 минги профессионал таълимга киради. 95 мингдан зиёди ишга жойлашган тақдирда ҳам, яна 200 мингга яқин ёшларнинг бандлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Мактабданоқ касбга ўқитиш тизими жорий этилиши белгиланди. Навбатдаги ўқув йилидан бошлаб мактаб директори ва ўқитувчиларга ўқувчиларнинг олий таълимга кириши, касб эгаллаб, ўз ишини топиши даражасига қараб оширилган иш ҳақи тўланади. Бунинг учун 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг касблар кесимида қизиқиши аниқланади. 8-9-синф ўқувчилари дастурчи, дизайнер, таржимон каби истиқболли касблар учун пойдевор бўладиган билим ва кўникмаларни эгаллайди. 10-синфдан робототехника, дастурлаш каби талаб юқори касбларга ўргатиш йўлга қўйилади.

Жорий йил охиригача маҳаллаларда 136 та касб-ҳунар ўқитиш маскани, қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини ташкил этиб, 31 та касб-ҳунарга ўқитиш марказларини жиҳозлаш бўйича топшириқ берилди. Бу мақсадлар учун Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Бандликка кўмаклашиш жамғармасига 200 миллиард сўм ажратиш, ўқув курсларини, аввало, камбағаллик энг юқори бўлган маҳаллаларда ташкил этиш кераклиги таъкидланди.

Йиғилишда меҳнат бозоридаги бугунги талаб ва ёшларнинг уларга тайёрлиги масаласи ҳам таҳлил қилинди.

Жорий ўқув йилида 339 та касб-ҳунар мактаблари, 212 та коллеж, 175 та техникумда 215 минг нафар ёшларнинг таълим олиши режалаштирилган. Лекин бу таълим масканларидаги йўналишлар на сон, на сифат бўйича талабга жавоб беради.

Мисол учун, мамлакатимизда катта кўламда қурилишлар бўлаётган бугунги даврда йилига камида 50 минг нафар профессионал қурувчига эҳтиёж бор. Бироқ, қурилиш йўналишида 170 та коллежда 13 минг мутахассис тайёрлаш режалаштирилган, холос.

Ёки IT-технологиялар бўйича «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси бошланганига қарамай, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларга ушбу мутахассисликлар бўйича бор-йўғи 12 минг нафар ўқувчи қабул қилинади.

Давлат раҳбари бу каби камчиликларни кўрсатиб, меҳнат бозорида ишчи касбларга реал эҳтиёжни ҳар бир тармоқ ва соҳа кесимида аниқлаш, талаб юқори бўлган касблар бўйича хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқитиш дастури ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Тоғ-кон, металлургия, нефть-газ, кимё, автомобилсозлик, қурилиш, электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат, транспорт-логистика соҳасидаги йирик корхоналар ва кластерлар давлат берган имтиёз ва преференцияларга жавобан ўзлари учун ишчи-мутахассисларни тайёрлайдиган инфратузилмани барпо этишлари кераклиги таъкидланди. Мутасаддиларга шу бўйича топшириқлар берилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тижорат банклари билан бирга ёшларни замонавий агротехнологиялар бўйича ўқитишни ташкил этиш вазифаси қўйилди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг