Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Термизда дарахт кесган собиқ мансабдорга нисбатан суд ҳукми ўқилди

Термизда дарахт кесган собиқ мансабдорга нисбатан суд ҳукми ўқилди

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ жиноят ишини қайта кўриб чиқди.

Иш материалларига кўра, собиқ Термиз шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ҳамда “М. Т. Т” МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, Термиз шаҳридаги “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида жойлашган дарахтларни кўчиришни режалаштирган. Бунинг учун томонлар ўртасида дастлаб 20 миллион сўмлик шартнома ҳам расмийлаштирилган.

Бироқ ҳудуддаги дарахтлар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда Миллий гвардия бошқармалари ходимлари томонидан хатловдан ўтказилиб, қимматли дарахтларни кўчириш ёки кесиш бўйича мурожаат қонунчилик талабларига мувофиқ рад этилган.

Шунга қарамасдан, қурилиш ҳудудидаги 61 туп “Элдор қарағайи”, 36 туп “Виргин арчаси”, 101 туп “Шарқ биотаси”, 16 туп чинор ва 4 туп тут дарахти — жами 217 туп дарахт ўзбошимчалик билан кесиб ташланган.

Натижада табиатга 2 миллиард 69 миллион 437 минг 500 сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланган.

Апелляция жараёнида собиқ мансабдор ўзини айбсиз деб ҳисоблаб, дарахтларни кесишга рухсат бор деб ўйлаганини ҳамда қурилиш ташкилотига фақат “ёрдам бергани”ни билдирган.

Бироқ суд ҳайъати иш бўйича тўпланган далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари ва экспертиза хулосаларини таҳлил қилиб, уни Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми билан айбли деб топди.

Суд ҳукмига кўра, айбдорга иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинадиган 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Дастлабки қамоқда сақланган муддат инобатга олиниб, якуний жазо муддати 1 йил 5 ой 15 кун этиб белгиланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг