Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент, Самарқанд ва Гулистонда адвокатлар пора билан ушланди

Тошкент, Самарқанд ва Гулистонда адвокатлар пора билан ушланди

Видеодан скриншот

Тошкент, Самарқанд ва Гулистон шаҳарларида ўтказилган тезкор тадбирларда 3 нафар адвокатнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди, деб хабар берди ДХХ.

ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, пойтахтда фаолият юритувчи адвокатлар ҳайъатининг муқаддам судланган адвокати ноқонуний тарзда 5 минг доллар олган вақтида ушланган.

Аниқланишича, у Миробод туман ИИО ФМБ Тергов бўлими юритувида бўлган Жиноят кодексининг 131 (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) ва 135-моддалари (одам савдоси) билан қўзғатилган жиноят иши айбланувчисидан суд тизимидаги танишлари орқали 135-моддани олиб ташлаб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида ёрдам бериш эвазига 10 минг доллар талаб қилган.

Самарқанд шаҳрида эса маҳаллий адвокатлик фирмаси адвокати жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўрилаётган Жиноят кодексининг 273-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши айбланувчисига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида суд идораларидаги танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 4 минг доллар олган вақтида ушланган.

Шу каби қонун бузилиши Сирдарё вилоятида ҳам қайд этилиб, Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик бюроси адвокати Оқолтин туманидаги МЧЖ раҳбаридан 450 миллион сўмлик дори воситаларини олиб, пулини бермай юрган шахсларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардаги танишлари орқали жиноят иши қўзғаттириб бериш эвазига 1500 доллар олган вақтида ушланган.

Ҳозирда учала адвокатга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг