Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Халқ таълими вазирлиги Чироқчидаги абгор мактаб юзасидан баёнот берди

Халқ таълими вазирлиги Чироқчидаги абгор мактаб юзасидан баёнот берди

Фото: «Ishonch.uz»

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги «Фейсбук»даги расмий саҳифасида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги ҳолат ҳақида баёнот берди.


Мавзуга доир: «Тўрт синфни жамлаган бир хонали мактаб»


«Оммавий ахборт воситаларида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 146-сонли умумтаълим мактабининг филиалидаги мавжуд шароитлар танқид остига олиниб, кўплаб муҳокамаларни келтириб чиқармоқда. Мазкур масала Халқ таълими вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорининг 20-бандида «олис (тоғли, чўлли) аҳоли пунктларида яшовчи мактаб ёшидаги болаларнинг умумий ўрта таълим олишларини ташкил этиш мақсадида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида умумтаълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилади», — деб белгиланган. Бунда «умумтаълим муассасаларининг филиалларида ўқувчилар сони 100 нафаргача бўлади» деб кўрсатилган.


Мавзуга доир: «Чироқчидаги хароба мактаб ўқувчилари бошқа жойга кўчирилди»


Чироқчи туманидаги 146-мактабнинг филиалида жами 18 нафар ўқувчи, шундан 8 нафар 1-синф, 3 нафар 2-синф, 4 нафар 3-синф ва 3 нафар 4-синф ўқувчилари таълим олади. Уларга 3 нафар ўқитувчи, жумладан, 2 нафар бошланғич синф ўқитувчилари Бобомуродов Зойир ва Жуманазаров Тўчи дарс беради. Боймуродов Орзиқул ҳафтада икки мартаба асосий мактабдан келиб инглиз тилидан сабоқ беради.

Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорига биноан кам комплектли умумтаълим муассасаларида (филиалларда) бошланғич синф ўқувчилари қуйидаги ҳолларда битта синфга бирлаштирилиши мумкин:

ўқувчилар сони 8 нафаргача бўлган I — IV синфлар;
ўқувчилар сони 12 нафаргача бўлган учта бошланғич синф;
ўқувчилар сони 24 нафаргача бўлган иккита бошланғич синф (I ва III, II ва IV синфлар).

Қишлоқдаги 16 нафар юқори синф ўқувчилари 5-8-синфларда асосий мактабда тенгдошлари билан бирга таълим олиб келмоқда. 146 мактабнинг асосий биноси ва филиали ўртасидаги масофа 4 кмни ташкил этади ва шу сабаб ота-оналар бошланғич синф фарзандларини асосий бинога юбормайди.

Фото: «Фейсбук» / Халқ таълими/Народное образование

Бугундан бошлаб туман халқ таълими бўлими ва мактаб маъмурияти томонидан 18 нафар бошланғич синф ўқувчилари учун транспорт воситаси ташкил этилиб, улар ўқишни 146-мактабнинг асосий биносида давом эттиришмоқда. Ҳозирда янги ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларни асосий мактаб биносига олиб-бориб келиш учун транспорт воситасини узлуксиз йўлга қўйиш масаласи маҳаллий ҳокимлик ва ҳудудий халқ таълими бошқарув идораси томонидан кўриб чиқилмоқда».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг