Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жуда қийин уй вазифаларининг фойдасидан зарари катта — тадқиқот

Жуда қийин уй вазифаларининг фойдасидан зарари катта — тадқиқот

Иллюстратив фото

Уйга вазифалардан асосий мақсад — мактабда олинган билимларни мустаҳкамлаш ва болаларнинг когнитив (инглизча (лотин) «cognize»  сўзидан олинган бўлиб, билмоқ, англамоқ, тушунмоқ ва фикрламоқ кабиларни билдиради) қобилиятларини янада ривожлантиришдир. Аммо уй вазифалари ҳатто ота-оналар ҳам ечолмайдиган даражада мураккаб бўлса-чи?! У ҳолда боланинг соғлиғида айрим муаммолар пайдо бўлиши мумкин, дейилади яқинда ўтказилган тадқиқотда.

Кўп ота-оналар учун боласининг илк маротаба мактаб остонасига қадам қўйиши — ҳақиқий синов. Биринчи навбатда ўйлантирадигани — бола янги муҳитда ўзини қандай ҳис этиши. Иккинчидан, ота-онанинг кундалик тартиби жиддий ўзгаради — ишдан қайтиб дам олиш ёки уйни йиғиштириш, овқат тайёрлаш ва ҳоказолар қаторига фарзандига уй вазифасини бажаришда ёрдамлашиш ҳам қўшилади.

Айрим тадқиқотларга кўра, бошланғич синфлар ўқувчилари ўзлаштиришга энг қийналадиган фан математикадир. Чунки бу фан мантиқий фикрлаш, таҳлил қилиш, масалаларни ечиш, қолаверса, мавҳум нарсаларни ҳам тушунишни талаб қилади. Бу фан бўйича уйга вазифалар айнан юқоридаги сифатларни ва шахсий интизомни ривожлантиришга қаратилган бўлиши шарт. Аммо уйга вазифалар ўта қийин бўлса кўзланган натижани бермайди. Қайтанга салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Жанубий Австралия университети ва Авлиё Франциск университети (Канада) олимлари Канадада 8 та оила ўртасида сўров-тадқиқот ўтказишди. Математикадан уйга вазифаларни бажариш тажрибаси ва унинг оилага таъсири сўралди. Тадқиқотда қатнашган ҳар бир оилада 3-синф ўқувчиси — 8-9 ёшли бола бор эди.

Маълум бўлишича, бу оилаларнинг барчасида болалар ва ота-оналар математикадан айрим вазифаларни бажаришда қийналишган. Оқибатда уйқу бузилиши (оилаларнинг барча аъзолари), оилавий жанжаллар, болаларнинг ҳафсаласи пир бўлиши (ўзи уй вазифасини мустақил тайёрлай олмагани ва ота-онаси ёрдам бера олмагани учун) каби муаммолар юзага келган. Ўз-ўзидан бола кўз ўнгида ота ва онанинг «обрўси»га жиддий путур етади.

Катталар 3-синф ўқувчисининг математикадан уй вазифасини ишлай олмаслигининг асло уят жойи йўқ, бу билим пастлигидан эмас. Гап шундаки, катталар, яъни ота-оналар ўзлари ўқувчи пайтлари бу фанларни бутунлай бошқа услубда ўқишган, вақтлар ўтиб фанларни, жумладан, математикани ўргатиш усуллари бутунлай ўзгариб кетди.

Аммо бола бу фарқни тушунмайди: «оддийгина» болалар учун вазифани еча олмаган ота-онасига муносабати ўзгаришни бошлайди. Кейинчалик фанларни ўзлаштириш ва касб танлашга қийналиши ва ота-онаси билан ўзаро муносабатларида бу акс этиши мумкин.

Гарчи юқоридаги тадқиқот қамрови жуда тор бўлгани билан, натижалари жуда муҳим: биринчидан, замонавий таълимда муаммолар етарли, иккинчидан, фарзанларига уйга вазифаларини тайёрлашда ёрдам бериши керак бўлган ота-оналарнинг ўзлари ҳам мададга муҳтож.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг