Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ибрат мактабини аълога битирганлар ОТМга имтиҳонсиз грантга қабул қилинади

Ибрат мактабини аълога битирганлар ОТМга имтиҳонсиз грантга қабул қилинади

Фото: «President.uz»

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 3 май куни Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур мажмуа давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган, 2017 йил июль ойидаги ташриф чоғида ҳам бу ердаги қурилиш ишлари кўздан кечирилган эди. Икки гектардан зиёд майдонни эгаллаган ушбу мажмуа сўлим боғ, музей ва мактаб-интернатни ўз ичига олган.

Фото: «President.uz»

Шавкат Мирзиёев Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатни кириб кўрди.

Шавкат Мирзиёев шундай маърифатпарвар аллома номи билан аталувчи мактаб ҳар томонлама намунали бўлиши, бир нечта хорижий тилларни билган замонавий кадрларни тарбиялаши зарурлигини таъкидлади.

— Тил билиш бу — бойлик. Тил билган инсон дунёни билади, ҳеч қачон кам бўлмайди. Ота-боболаримиз шундай бўлган, бу бизнинг қонимизда бор. Ёшларимизда шундай интилишни уйғотишимиз керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Хорижий тиллар бўйича илмий ишлар қилиш, тил ўргатиш методологиясини такомиллаштириш, мактаб-интернатда дарсларни шу асосда олиб бориш кераклиги қайд этилди.

Фото: «President.uz»

Мактабда инглиз, немис, француз, рус, араб, хитой, корейс тиллари филологияси ўқитилади. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Дарс жараёнига чет эллик кўнгиллилар ҳам жалб этилади.

Президентимиз Ибрат мактабини аъло баҳоларга битирган ўғил-қизларни олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилиш ва грант асосида ўқитиш бўйича топшириқ берди.

— Ибрат мактаби нафақат Наманган вилояти, балки бутун мамлакатимизга хизмат қилиши керак. Бу ердаги шароитларни, ўқувчиларнинг билимини кўриб, ҳамма ота-оналар ҳавас қилсин. Хоҳласа, ёшлар бошқа вилоятлардан келиб ўқисин, — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари Исҳоқхон Ибрат музейи билан танишди. Мажмуадан ўрин олган айвонда вилоят зиёлилари билан суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг