Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция қачон ўтказилиши маълум бўлди

Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция қачон ўтказилиши маълум бўлди

Чили Республикаси Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Родриго Хосе Нието

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Кеча, 20 февраль куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Чили Республикаси Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланган (қароргоҳи Москва шаҳрида) Родриго Хосе Ниетони қабул қилди.

Элчи ўзининг ишонч ёрлиқларини тақдим этди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар берди.

Қисқа маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон-Чили ҳамкорлигини икки томонлама шаклда ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Хусусан, парламентлар ва ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйиш, маданий ва гуманитар муносабатларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ва Чили ўртасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини кенгайтириш истиқболлари қўллаб қувватланди. Қайд этилганидек, савдо, иқтисодий ва сармоявий муносабатларни ошириш мақсадида фахрий консуллар тайинлаш имкониятларини муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.

Суҳбат чоғида БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари, шунингдек, минтақавий муаммолар, хусусан, халқаро ҳамжамият эътибори марказида бўлган Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.

Элчига Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли халқаро конференцияда иштирок этиш таклифи берилди.

Абдулазиз Комилов Германия Федератив Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Гунтер Оверфелдни ҳам қабул қилди.

Суҳбат чоғида Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли халқаро конференция кун тартиби ва унда Германия иштироки билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Франция Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Виолен Биет де Вилмор билан учрашди.

Суҳбат чоғида Афғонистондаги вазиятни ҳал этиш масалаларига тўхталиб ўтилди, хусусан, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли халқаро конференция юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Исматулла Иргашев ТИВда Италия Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Андреа Бертотсси билан ҳам учрашди.

Музокараларда Тошкент шаҳрида 2018 йил 26-27 март кунлари бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли халқаро конференция кун тартибига доир масалалар юзасидан фикр алмашилди, шунингдек, форумда Италия иштирокига оид амалий жиҳатлар муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлигида Туркия Республикаси Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аҳмет Башар Шен билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида икки томон муносабатларининг амалий жиҳатлари, хусусан турли даражаларда бўлажак Ўзбекистон-Туркия учрашувлари жадвали бўйича таклифлар ҳамда БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг