Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сэр Алекс Фергюсон терма жамоада: илк ва сўнгги имкон

Сэр Алекс Фергюсон терма жамоада: илк ва сўнгги имкон

Тахминан ўттиз йил... Йўқ, ундан ҳам сал кўпроқ вақтни ортга қайтаришга ҳаракат қилишимиз керак. Қандайдир Алекс Фергюсон деган йигит футбол бўйича Шотландия терма жамоасида бош мураббий ёрдамчиси бўлиш учун борини беришга тайёр. Ёш мураббий «Абердин» билан сенсацион тарзда катта ютуқларга – лига чемпионлиги ва кубок, кубок эгалари кубоги баҳсларида ғолибликка эришганидан сўнг уни термага чақиришди. Алекс учун бу орзусидаги иш эди: у ўзининг кумири, афсонавий менежер Жок Стейн ёнига бораётганди.

Стейнга бўлган ҳурматни Фергюсон бир неча йил ўтиб, ўз офисидаги сурат билан исботлади. Жок билан тушган сурати хонасининг энг кўринарли жойида илиниб турарди. Сурат Шотландиянинг Уэлсга қарши баҳси олдидан, 1985 йилнинг 10 сентябрида олинган эди. Айнан ўша ўйиндан сўнг Стейн вафот этган эди.

* * *

1985 йил. Кейинги йили Мексикада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига бориш учун Шотландия саралаш гуруҳида Испания ва Уэлсдан устун келиши керак. Сўнгги турдан олдинги ҳолат шундай: агар шотландлар Кардиффда ҳеч бўлмаса дуранг ўйнашса, плей-офф баҳсига чиқишади, акс ҳолда...

Катта Жок ва унинг янги ёрдамчиси учун ўша кунлар жуда қийин кечарди. Ҳатто 1967 йилда «Селтик» жамоаси билан Британия клублари орасида биринчи бўлиб чемпионлар кубогини ютиб олган Стейн учун ҳам бу жуда мураккаб иш эди. Жок Уэлсга қарши уй учрашувидаги мағлубиятдан сўнг журналистлар унинг юзига «лой чаплашгани»ни ҳали эсдан чиқармаганди. Сўнгги баҳс олдидан журналистларнинг танқид тошлари ва уэлсликларнинг қўпол муомаласи ортиқчалик қиларди.

Фергюсон ўзининг биринчи автобиографияси «Managing My Life»да ўша вақтларни ёдга олади. Шотландлар тезкор гол ўтказиб юборганидан сўнг танаффусга асабий ҳолатда чиқишди. Голга дарвозабон кўзидаги линзалардан бирини ўйин вақтида тушириб юборгани сабаб бўлади. Фергюсон учун бу кутилмаган ҳолат бўлиб, кўзида муаммоси бор дарвозабон унинг жамоаси бўлмиш «Абердин» аъзоси эди. Фергюсон ўшанда ўз футболчилари ҳақида тўлиқ маълумот олиш қанчалик муҳимлигини тушуниб етган бўлса ажаб эмас. Мажбурий алмаштиришдан сўнг Стейн эсанкираб қолган ёрдамчисига қараб: «Буни тушунтириб беришга ҳаракат қиласан», – дейди. Аммо унгача етиб бормади.

Шотландия 81-дақиқада пеналтидан ҳисобни тенглаштирди.

Тўп уэлсликлар дарвозабонининг қўллари ёнидан ўтиб кетганида Стейн ҳеч нарса демади, фақатгина анчадан бери хиралик қилаётган ёнидаги сураткашни қувиб юборди. Фергюсон Жокнинг аҳволи яхши эмаслигини сезди ва ўйин давомида устозидан кўзини узмади. Терма жамоа шифокорига ҳам бош мураббийга эътиборлироқ бўлишни таъкидлади.

Ўйин тугашига икки дақиқа қолганида ҳакам ҳуштагини чалди. Стейн буни финал ҳуштаги деб ўйлаб, рақиб захира ўриндиғи томон юра бошлади. Аммо бир-икки қадамдан сўнг Жок оёқлари ўзига бўйсунмай ерга қулади. Фергюсон шифокор билан биргаликда Жок ёнига югурди ва унинг қўлларидан тутди. Стадион ходимлари уни тиббиёт хонасига олиб кетишди.

Дуранг Шотландияни кейинги босқичга олиб чиқди. Фергюсон футболчиларни вазифани бажарганликлари билан табриклаб, тиббиёт хонасига шошилди. Эшик ёнида дисквалификация қилинган жамоа сардори Грэм Сунесс йиғлаб турарди: «У ўлганга ўхшайди...».

Қаторасига тўртинчи бор терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқишга яқин турган мураббий ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади. У юрак хуружи туфайли стадионнинг тиббиёт хонасида вафот этди. Жокнинг охирги сўзлари «Ҳаммаси жойида» бўлди.

Футболчи ва журналистларнинг хотирлашича, улар уйга қайтишда жуда аянчли манзаранинг гувоҳи бўлишади. Ҳамма ўз сумкасини олганидан сўнг аэропорт конвейерида битта сумка қолиб кетади. Ходим сумка кимники эканлиги билан қизиққанида унинг ичида китоблар, таблеткалар ва Жок Стейнга ёзилган қандайдир мактуб бор эди...

* * *

Фергюсон Стейнни жуда ҳурмат қиларди. У ўзининг ҳар учала китобида ҳам Стейн ҳақида сўзлайди. «Жок қизиқ одам эди. 1985 йилнинг майида Шотландия термаси билан «Уэмбли»да Англияни таслим этдик – 1:0. Шундан кейин Рейкявикка – Исландия терма жамоаси билан ўйинга учдик. Ажойиб ғалабадан кейин ҳамманинг кайфияти зўр эди. Манзилга етиб боргач, фақат раҳбарият учун банкет уюштирдик. Креветка, лосос ва икрадан иборат дастурхонга ичимлик ҳам тортилди. Жок ҳеч қачон ичмасди, мен уни инглизлар устидан қозонилган ғалаба шарафига бир қадаҳ оқ вино ичишга мажбурладим.

Эртасига Исландияга қарши ўйин жуда қийин кечди. Биз базўр ғалаба қозондик. Ўйинимизни фожиа деса бўларди. Шундан кейин Жок менга ўгирилди ва ғазаб билан: «Кўрдингми? Бунинг ҳаммаси сен ва сенинг оқ винонгни деб бўлди», – деди.

Алекс Фергюсон «Абердин» футболчилари билан биргаликда Жок Стейннинг дафн маросимида.

Стейннинг ўлимидан сўнг кутилганидек Фергюсон Шотландия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Мексикага бориш учун аввало қитъалараро плей-офф баҳсида Австралияни мағлуб этиш лозим эди. Гарчи яшил қитъа вакилларига қарши ўйинларда катта муаммо юзага келмаган бўлса-да, жаҳон чемпионати қуръаси шотландлар учун унчалик ҳам омадли келмади. Мексикага Шотландиянинг «Ливерпул»даги юлдузлари Кенни Далглиш ва Алан Хансенларсиз борган Фергюсон шогирдлари ГФР, Дания ва Уругвай терма жамоалари билан ўйнагандан сўнг уйга қайтишга мажбур бўлишди.

Шундан сўнг Фергюсон терма жамоа футболига қайтмади. Унга бир неча бор Англиядан аниқ таклифлар бўлса-да, Алекс фикрини ўзгартирмади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг