Tata Steel Chess–2026: ўзбек шахматчилари мусобақада етакчилик қилмоқда
Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида шахмат бўйича умумий соврин жамғармаси 1,2 миллион АҚШ долларидан ошадиган нуфузли Tata Steel Chess турнири давом этмоқда.
Мусобақанинг Masters гуруҳида кеча 6-тур баҳслари ўтказилди. Унда Ўзбекистоннинг биринчи рақамли шахматчиси, 21 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Домараджуга қарши оқ доналарда баҳс олиб борди. Испанча партиянинг 35-юришигача ўйин мутлақо тенг кечди. Бироқ 36-юришда Гукеш томонидан йўл қўйилган қўпол хато рақибга қимматга тушди — Абдусатторов вазиятдан усталик билан фойдаланиб, рақибини таслим бўлишга мажбур қилди.
6-тур якунларига кўра, Нодирбек Абдусатторов 4,5 очко билан мусобақада якка пешқадам бўлиб олди. Жавоҳир Синдоров эса 4,0 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

7-турда Нодирбек Абдусатторов германиялик Винсент Кеймер, Жавоҳир Синдоров эса АҚШ вакили Ханс Ниманнга қарши баҳс олиб боради.
Маълумот учун, мусобақа жами 13 турдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, Нодирбек Абдусатторов 2025 йилги Tata Steel Chess турнирида 3-ўринни қўлга киритган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter