Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ёшлар иттифоқи мактабларга 47 номда жами 450 минг дона китоб совға қилди

Ёшлар иттифоқи мактабларга 47 номда жами 450 минг дона китоб совға қилди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи халқ таълими тизимида фаолият юритувчи мактабларга 47 номдаги жами 450 минг дона китобларни тақдим этди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Кеча, 27 декабрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида мазкур китобларни Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигига топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда M-fond ҳомийлик платформаси лойиҳа ҳамкори сифатида ишитрок этди.

“Халқ таълими тизими ходимлари ва фарзандларимиз номидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ташаккур билдираман. Биз фарзандларимизни китоб мутолаасига жалб этиш орқали уларнинг фикрлаш доирасини кенгайтирамиз ҳамда келажаги порлоқ бўлишига замин яратамиз. Келгусида ҳам бу каби ибратли лойиҳалар сони ошиб боради, деган умиддаман. Ҳозир ўғил-қизларимиз учун киритилган сармоялар йиллар ўтгач, албатта бир неча баробар кўп бўлиб қайтади”, деди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Ушбу лойиҳа доирасида 2018 йилда 47 номдаги китоблар тўплами 5 млрд. сўм маблағ ҳисобида нашрдан чиққан бўлса, кейинги йилда мазкур китоблар сони 200 номга етказилиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, бугунги кунга қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан Марказий Кенгаш қошидаги “Ёшлар нашриёт уйи”да “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида 47 номдаги бадиий китоб 10 000 нусхадан, жами 470 000 дона китоб чоп этилди.

Мазкур китоблар тўплами Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги орқали Республикадаги 9636 та мактаб ва 85 та олий таълим муассасаларига етказилиши белгиланган.

“Ёшлар кутубхонаси” рукни остида чоп этилаётган бадиий китоблар билан Республикадаги умумтаълим мактабларини таъминлашга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бюджетидан 10 млрд. сўм маблағ ажратилган.

2018 йил давомида “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида 60 номдаги ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари бўлган китоблар нашрга тайёрланди. Мазкур китобларнинг 47 таси 10 минг нусхадан чоп этилди. Нашрга тайёрланган китоблардан 41 тасини ўзбек адабиёти, 19 тасини эса жаҳон адабиётига оид асарлар ташкил этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг