Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Биз «Facebook»ни синдирдик»

«Биз «Facebook»ни синдирдик»

Фото: «The Forward»

«Cambridge Analytica» қандай қилиб Трамп фойдасига 50 миллион фойдаланувчининг маълумотларини қўлга киритди?

Европа парламенти «Facebook» асосчиси Марк Цукербергни «Cambridge Analytica» компанияси қандай қилиб ижтимоий тармоқнинг 50 миллиондан ортиқ фойдаланувчисига тегишли шахсий маълумотларни қўлга киритганлиги борасида кўрсатма бериши учун парламентга чақирди.

«Cambridge Analytica» компанияси «Facebook»нинг махфийлик сиёсатини бузганликда ва АҚШ президентлиги сайловларида Доналд Трамп фойдасига америкаликлар фикрини бошқарганликда гумон қилинмоқда. Сўнгги кунларда «Facebook» акцияларининг баҳоси кескин тушиб кетиб, унинг имижига жиддий зарар етказмоқда.

Ушбу можаро сабаб «Facebook»нинг капиталлашуви бир ҳафта ичида 58 млрд долларга камайди. Компаниянинг бир дона акцияси нархи АҚШ фонд биржасида 19 мартдаги 177 доллар 1 центдан 24 мартга келиб 159 доллар 39 центгача арзонлашди.

Буюк Британиянинг «Cambridge Analytica» компаниясига 2013 йилда асос солинган. Компания тақдимотида келтирилишича, у потенциал сайловчилар ҳақида профессионал маълумот тўплаш ва интернетда сайловолди ташвиқоти учун стратегик коммуникацияларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

«Cambridge Analytica» фойдаланувчининг психологик портретини чизади ва шундан сўнг ижтимоий тармоқлардаги одамларнинг хатти-ҳаракатини инобатга олган ҳолда, мақсадли сиёсий рекламани жойлаштиради. Хориж ОАВнинг маълумотларига кўра, компания бутун дунё бўйлаб 200 дан ортиқ сайлов кампанияларида, жумладан, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан («Brexit») чиқишида ҳам асосий роль ўйнаган.

«Cambridge Analytica» ўзининг «ифлос» иш усули билан танилган: компания раҳбари Александр Никс ўз ходимлари сайловолди кампаниялари вақтида рақибнинг шаънига путур етказувчи видео ва суратларни тарқатганини журналистларга маълум қилган.

 Александр Никс. 
Фото: «Корреспондент»

Айни вақтда «Cambridge Analytica» 2016 йилда АҚШда бўлиб ўтган президентик сайловлари арафасида америкалик сайловчиларни Доналд Трампга овоз беришга ундаганликда айбланмоқда. Трампнинг «Cambridge Analytica» билан боғлиқлигини унинг сайловолди кампанияси маслаҳатчиси Стив Беннон фирманинг собиқ вице-президенти бўлганлиги, шунингдек, республикачи миллиардер Роберт Мерсер «Breitbart News Network» порталини ва «Cambridge Analytica»ни 15 миллион долларга молиялаштиргани кўрсатиб турибди. Бундан ташқари компания раҳбари Александр Никс «кўп маротаба» Трамп билан шахсан кўришганини маълум қилган.

«Cambridge Analytica» «Facebook» ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини Кембриж университетининг психология соҳаси бўйича профессор Александр Когандан сотиб олган. Коган саккиз йил СССРда яшаган ва АҚШга кўчиб кетган, бироқ Россия билан алоқларини сақлаб қолган: профессор даражасини олган Коган 2014–2015-йилларда Санкт-Петербург давлат университетида мастер-класс ва маъруза ўқишга ташриф буюрган. Шунингдек, у россиялик олимлар билан бирга «Facebook» фойдаланувчиларининг руҳий хатти-ҳаракатлари борасида бир нечта тадқиқотларни ўтказган.

Коган «Cambridge Analytica» билан Санкт-Петербургга келишидан анча олдин ҳамкорлини бошлаб юборган. 2010 йилда профессор «Facebook» платформасида «This is your digital life» («Бу сенинг рақамли ҳаётинг») дастурини ишлаб чиққан. Дастур фойдаланувчиларнинг маълумотларини тўплаш ва уларнинг психологик портретини чизишга мўлжалланган. Ушбу дастур потенциал сайловчилардан ўзларининг дўстлари рўйхати ва босган «лайк»ларига оид шахсий маълумотларидан фойдаланиш борасида рухсат сўраган. Шундан кейингина фойдаланувчилар тестлардан ўтган, Коган эса ўзига керакли психологик маълумотларни олган. Мазкур тестлардан ўтишда фойдаланувчиларга пул тўланган.

«Facebook» сени ҳаётингдаги ҳар қандай бошқа одамдан кўра яхши билади.

Санкт-Петербургдаги маърузалардан бирида Коган «лайк»лар орқали фойдаланувчи ҳақида деярли ҳар қандай маълумотни билиб олиш мумкинлигини айтган: унинг жинси, этник келиб чиқиши, IQ даражаси ва ўзига хос жиҳатлари.

«Facebook» сени ҳаётингдаги ҳар қандай бошқа одамдан кўра яхши билади. Мен бир дона ҳам савол бермай туриб, сен ҳақингда юзта фактни билиб олишим мумкин

Александр Коган

«Лайк»лар ҳақида маълумотлар фойдаланувчилар ҳақида якуний хулоса олишда етарли бўлган. Масалан, «Мен Исроилни ёмон кўраман» жумлаларига «лайк» босганлар «Nike» оёқ кийимлари ва «KitKat» ширинликларини яхши кўради. «Лайклари» фойдаланувчининг ота-онаси бирга яшаши ёки ажрашганлиги ҳақида маълумотларни берган. Буларнинг барчасига фойдаланувчи онгига постлар, статус ва суратларни тақдим этиш орқали эришилган.

«Facebook»нинг ҳисоблашича, Коганнинг ҳаракатлари ноқонуний: ижтимоий тармоқ профессорга маълумотларни фақатгина академик мақсадларда тўплашига рухсат берган, уларнинг Британия компаниясига сотилиши эса қонунбузарлик ҳисобланади.

Профессорнинг айтишича, «Cambridge Analytica» уни фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини бериши қонуний эканлигига ва бу «Facebook» низомларига зид эмаслигига ишонтирган.

Эндиликда Коганнинг фикрича, иккала компания ҳам барча айбни ўзидан соқит қилиб, Коганга юклашга уринмоқда.

Ижтимоий тармоқдаги маълумотларнинг тақалгани ҳақидаги дастлабки хабарлар «Cambridge Analytica» компанияси собиқ ходими Кристофес Уайли «The Guardian» нашрига бу ҳақида сўзлаб берганидан сўнг пайдо бўлган. Унинг таъкидлашича, компания фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларидан «психологик қурол» сифатида сиёсий реклама ва ташвиқотларда ноқонуний фойдаланган.

Кристофес Уайли.
Фото: «Euronews»

Уайли инсоннинг характери унинг сиёсий фикрларига таъсир кўрсатишини англаган: масалан, либерал қарашлар тарафида бўлган инсонлар янги ғояларга мойил бўлади. Миллионлаб фойдаланувчиларнинг маълумотларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган Уайли «психологик операциялар»ни ўтказа бошлаган. «Ахборот устунлиги» деб аталган усул орқали, улар турли миш-мишларни, ёлғон маълумотлар ва сохта янгиликларни тарқатган. Уайлининг сўзларига кўра, «Cambridge Analytica» фойдаланувчиларнинг сиёсий портретини чизишда керак бўладиган барча маълумотларни тўплашга 7 миллион доллар сарфлаган. «Биз «Facebook»ни синдирдик», — дейди Уайли.

Натижада «Cambridge Analytica» ростдан ҳам фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини тўплаганини, бироқ «Facebook» сиёсатини бузмаслик учун уларни йўқ қилганликларини тан олди. Бироқ кейинроқ маълум бўлишича, барча маълумотлар ҳам йўқ қилинмаган.

ОАВ томонидан ўтказилган бир нечта тергов ўрганишларидан сўнг, «Facebook» ижтимоий тармоқда «Cambridge Analytica» аккаунтини блоклади ва компаниянинг сиёсий рекламаларига тақиқ қўйди.

«Facebook» шаъни ва активларининг тушиб кетишига ОАВларда тарқалган хабарлар сабаб бўлмоқда. Март ойининг атига бир неча куни ичида компания салкам 60 миллиард доллар йўқотди. Ташкилотни информацион хавфсизлик бошқармаси раҳбари Алекс Стамос тарк этди.

«Facebook»ка нисбатан бошланган можародан сўнг, инвесторлар компания раҳбаридан компенсация талаб қилган ҳолда судга даъво аризасини топширдилар. Цукербергга қарши «WhatsApp» асоcчиси Браян Актон ҳам чиқиш қилиб, «Twitter»да «It’s time» («Вақти келди») пости остида #deletefacebook хештегининг («Facebook»ни ўчириш») оммалаштирди. «WhatsApp»нинг ўзи ҳозирги кунда «Facebook»ка тегишлидир.

Марк Цукерберг бир неча кун ҳеч нима демади ва 21 март куни можаро борасида ўз фикрларини билдирди. У компания хатога йўл қўлганини тан олди. «Биз сизларнинг маълумотларингизни сақлашга мажбурмиз ва биз буни уддалай олмасак, у ҳолда сизга хизмат кўрсатишга лойиқ эмасмиз», — дея баёнот берди Цукерберг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг