Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Болага неча ёшидан компьютерга рухсат бериш керак?

Болага неча ёшидан компьютерга рухсат бериш керак?

Фото: «sharpsight.in»

Халқаро нуфузга эга клиник психолог Кэтрин Штайнер-Адэр ўзининг «The Big Disconnect» («Улкан ажратгич») китобида бола ва компьютер муносабатлари масаласини кўтарган. Китобнинг «Технология — болалик кушандаси» бўлимида ёзилишича, компьютер, смартфону планшетларга сарфланган вақт кейинчалик болаларнинг ўзаро ва ташқи дунё билан мулоқотга киришишларини қийинлаштиради.

Бола нима ўйнаяпти, интернетда ким билан мулоқот қиляпти-ю нималарни ўрганяпти — буларни ота-оналар яхши билиши лозим, дейди муаллиф. Интернетнинг яхши томонлари кўп, бироқ компьютер ўйинлари, экран юзасига тинмай қалқиб чиқувчи рекламалар, ижтимоий тармоқлар, ахлоқий бузуқлик кони бўлган веб-сайтлар боланинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Психологнинг айтишича, глобал тармоқнинг энг катта хавфи айнан болаларнинг ўз ёшига мос бўлмаган ахборотга дуч келишидир.

Бугунги болалар электрон қурилмаларга жуда чанқоқ (айниқса смартфон ва планшетларга): оддий ўйинчоқ олиб берсангиз узоғи билан бир кун ўйнайди ёки йўқ. Кейин навбат яна смартфонга...

Гўдакнинг қурилмадаги тугмаларни босишни яхши кўриши ва видео томоша қила олиши асло унинг компьютерда ишлашга тайёр эканини англатмайди.

Каролин Жейнс,
Болалар учун ўргатувчи онлайн маҳсулотлар чиқарувчи Leapfrog Enterprises компанияси ходими

Жейнснинг таъкидлашича, икки ёшгача бўлган болалар дунёни реал ҳаракатлар ва муносабатлар орқали англайди. Бола компьютер қаршисида ўтказган вақтда эса бу нарса содир бўлмайди. Болаларни уч ёшидан электрон қурилмалар билан таништиришни бошлаш мумкин, дейди Жейнс. Аммо компьютер ва планшетлардан болалар фақат махсус компаниялар ишлаб чиққан таълим контентини ўрганиш мақсадида фойдаланишлари керак.

Аксарият экспертлар бола аввал мактаб ёшига етишини кутишни ва шундан кейингина уни компьютерга яқинлаштиришни тавсия қилишади. Маната (Флорида, АҚШ) мактаб округи таълим технологиялари куратори Женни Галиндонинг айтишича, кўп нарса боланинг қурилмадан қандай фойдаланишига боғлиқ: яъни у ота-она назорати остидами ёки кўчада ўйнаяптими?

— Назорат муҳитида ҳатто 4-5 ёшли болалар ҳам смартфон ёки планшетдан фойдаланишлари мумкин, чунки улар бирон нимани ўрганиш билан машғул бўладилар. Назоратсиз муҳит (бола уйда ёлғиз қолиши, кўчада бўлиши)да эса бола то 11-13 ёшга етмагунича унга смартфон ва планшет олиб бериш тавсия этилмайди, — дейди Женни Галиндо.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг