Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Цукерберг АҚШ Конгрессидаги чиқишида Ўзбекистонни ҳам тилга олди

Цукерберг АҚШ Конгрессидаги чиқишида Ўзбекистонни ҳам тилга олди

Фото: «NV.ua»

«Facebook» асосчиси Марк Цукерберг 10 апрель куни АҚШ Конгресси аъзолари қаршисида чиқиш қилди. 44 сенаторнинг ҳар бирига Марк билан суҳбатлашиш учун 5 дақиқадан вақт ажратилган, деб хабар бермоқда «Терабайт».

Марк Цукерберг «Facebook» фойдаланувчилари олдидаги айбини тан олди ва тармоқдаги фойдаланувчиларга оид шахсий маълумотларнинг тарқалиши унинг хатоси билан содир бўлганини маълум қилди.

Мурожаатда маълум қилинишича, «Facebook» ихтиёрсиз равишда 87 миллион нафар фойдаланувининг шахсий маълумотларини сиёсий маълумотларни қайта ишлаш билан шуғулланадиган «Cambridge Analytica» компаниясига фойдаланиш учун тақдим қилган.

«Facebook» асосчисининг қайд этишича, инглизларнинг хусусий компанияси бўлган «Cambridge Analytica» муассасасига реклама сотишни 2015 йилдаёқ тақиқлаши лозим бўлган эди. Бироқ компания «Facebook» тармоғидан олган фойдаланувчиларга оид шахсий маълумотларнинг йўқ қилинганини айтганидан сўнг Марк бу фикридан қайтган.

Фойдаланувчилардан кечирим сўрар экан, Марк Цукерберг АҚШ президенти Дональд Трампнинг ҳамкори бўлган «Cambridge Analytica» компанияси ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига тегишли шахсий маълумотлардан 2016 йилги президентлик сайловларида Трампнинг ғалабаси учун фойдаланилганлиги тўғрисидаги маълумотни рад этди.

Цукерберг «Cambridge Analytica» «Facebook» тармоғида тўплаган маълумотлардан Россиянинг «Internet Research Agency» номли троллар жамоаси фойдаланган бўлиши мумкинлигини ҳам айтди. Бироқ «Cambridge Analytica» раҳбари компания ҳеч қачон Россия ва россияликлар билан ишламаганини маълум қилган.

Тегишли давлат органларининг маълум қилишларича, 2014-2015 йилларда Россиянинг «Lukoil» компанияси раҳбарияти «Cambridge Analytica» раҳбарияти билан 3 маротаба учрашган. Бу вақтда «Cambridge Analytica» 2016 йилги сайловлар учун шиорлар ва чора-тадбирлар тайёрлаётган эди.

Фото: «NV.ua»

Ушбу троллар жамоаси 2014 йилда фаолиятини бошлаган ва АҚШ сиёсий тизимига, жумладан 2016 йилдаги президентлик сайловларига халақит қилишга уринишган.

Чиқиши чоғида Марк Цукерберг Ўзбекистонни ҳам тилга олган. Хусусан, унга кўра «Internet Research Agency» (IRA) 270 та саҳифа ҳамда бу профиллар орқали аҳолиси рус тилида сўзлашувчи бир нечта мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам тарғибот ишларини олиб боришган. Хусусан, улар фойдаланувчиларнинг Трампга нисбатан хайрихоҳлигини оширишган, унинг рақиби бўлган Ҳиллари Клинтон ҳақида ёлғон хабарлар тарқатишган.

«Ўтган ҳафтада биз IRA томонидан юритилган 270 дан зиёд саҳифа ва профиллар фаолиятини тўхтатдик. Улар Россия ва Озарбойжон, Ўзбекистон ва Украина каби русийзабон мамлакатлардаги аҳолини нишонга олишган», дейди Марк.

Марк Цукерберг бундан кейин учинчи томонга фойдаланувчининг номи, сурати ҳамда электрон почта манзилидан бўлак бошқа маълумотлар тақдим қилинмаслиги, бошқа шахсий маълумотлар учун компаниялар билан қатъий чекловлар белгилаб олинган шартнома тузилишини айтди.

Шу билан бирга, «Facebook» раҳбари тармоқдан фойдаланишнинг пуллик бўлиши тўғрисидаги маълумотларни ҳам рад этди.

Савол-жавоблар чоғида «Facebook» раҳбари тармоқнинг хавфсизлик ва контентни мувофиқлаштирувчи жамоасини 10,000 дан 20,000 нафар ходимга оширишини, фойда олишдан кўра жамиятни ҳимоя қилишнинг муҳим эканлигини айтган.

Цукербергнинг сўзларига кўра, компания мазкур можаро юзасидан ички терговларни давом эттиради.

Энг қизиғи, фойдаланувчилар шахсий маълумотларининг ошкор қилиниши билан боғлиқ можаролар компания даромадига таъсир қилгани йўқ. Хусусан, Цукербергнинг чиқиши жараёнида ҳам компания акцияларининг баҳоси ўсишдан тўхтамади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг