Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Facebook» асосчиси бир кунда 6 миллиард доллардан айрилди

«Facebook» асосчиси бир кунда 6 миллиард доллардан айрилди

Фото: «RBK»

«Facebook» асосчиси Марк Цукерберг 19 март куни 6 миллиард доллар зарар кўрди. Бунга ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг маълумотлари тарқалиб кетганлиги ҳақида янгилик сабаб бўлди, деб хабар берди «RBK».

«CNBC»нинг маълум қилишича, «Facebook» акциялари нархи 19 март куни 8 фоизга пасайган. Бунга дам олиш кунлари Дональд Трампнинг сайловолди кампанияси манфаатлари йўлида сайловчиларнинг фикрини ўрганган «Cambridge Analytica» маълумотлари сабаб бўлди. Улар ижтимоий тармоқнинг 50 миллиондан ортиқ фойдаланувчисидан рухсат олмай шахсий маълумотларини таҳлил қилган.

Бунинг оқибатида Цукерберг 6,06 миллиард доллар йўқотди. У «Bloomberg» кўрсаткичи бўйича дунёдаги энг бой тўртинчи инсон ҳисобланади. Ундан олдинги поғоналардан Жефф Безос, Билл Гейтс ва Уоррен Баффет ўрин олган.

«Facebook» «Cambridge Analytica»га ҳеч қандай алоқаси йўқ эканлигини билдирди. Шунга қарамай кўплаб таниқли шахслар, жумладан, америкалик сиёсатчилар ҳам ушбу можарога ўз фикрини билдирди. АҚШ Демократлар партияси вакили сенатор Марк Уорнернинг айтишича, «Facebook»нинг сиёсати «ёввойи ғарб» даврини эслатмоқда.

Шу билан бирга аниқлик киритилишича, «Cambridge Analytica»га маълумотларни «Global Science Research» фирмасига асос солган ўз ходимлари Жозеф Канселлор ва Александр Коган етказиб турган.

Хабарларга кўра, «Facebook» хавфсизлик бўлими раҳбари Алекс Стамос муддатидан олдин истеъфога чиқарилиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг