Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жек Ма уч ой деганда кўриниш берди: у қаерда эди?

Жек Ма уч ой деганда кўриниш берди: у қаерда эди?

Фото: JUSTIN CHIN/BLOOMBERG NEWS

Хитойлик миллиардер Жек Манинг сирли йўқолиши (қарийб уч ой кўриниш бермади) жаҳон матбуоти ва бизнес ҳамжамиятини озмунча ташвишлантиргани йўқ.

Бироқ хавотирлар ўринсиз. Жек Ма соппа-соғ ва омон. Бугун қатор хориж оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган хабарлар шундан далолат беради.

Хитой ОАВларига кўра, «Alibaba Group» асосчиси Ханчжоудан унча олис бўлмаган бошланғич мактабга борган, қолаверса, бугун, 20 январь куни қишлоқ ўқитувчилари ташаббусларига бағишланган онлайн-тадбирда қатнашган.

Энг бой хитойлик ($50,9 млрд.) «Ant Group» молия-техника компанияси қимматбаҳо қоғозлари биринчи савдоси (IPO) арафасидаги 2020 йил 24 октябрдаги можароли нутқидан сўнг жамоатчилик кўз ўнгидан йўқолиб қолганди. Ўша нутқида Жек Ма ХХР молия тизимини танқид қилиб, инновациялар фурсати етганига урғу берганди.

Шундан сўнг Хитой ҳукумати «монополия иши» очиб, «Alibaba»ни қаттиқ сиқувга олганди. Ма ҳамда ҳамкорлари Хитой қимматбаҳо қоғозлар қўмитасига чақирилиб, шўъба компанияси («Ant Group»)нинг IPO си бекор қилинганди.

Бунинг оқибатида, биржада $34 млрд. жалб этиш ўрнига, «Alibaba» акциялари 11 фоизга қадрсизланиб, компания капитал қийматининг $80 млрд.ини йўқотганди.

Жек Манинг йўқолиб қолиши борасидаги миш-мишлар турли-туман. Айримлар миллиардер Хитойдан қочиб кетган дейишса, яна бировлар уни «йўқолишга» мажбурлашган дейишади. Жек Ма «Alibaba» штаб-квартираси жойлашган Ханчжоуга муваққат «узлатга чекинган», деган гаплар ҳам йўқ эмас. Айрим манбалар бу ўтган даврда у тинмай ҳукумат билан музокаралар олиб бориб, ҳатто компанияларидан бирини миллийлаштиришга кўнганини таъкидлайди.

Жек Мани Хитой компартияси кечирдими? Эҳтимол, ҳукумат ҳам йирик корпорациянинг юқори даромадли бизнесини вайрон қилишни истамаётгандир. Булар бизга қоронғу. Аммо Манинг қайтиши ҳақидаги хушхабардан сўнг «Alibaba» акциялари бугун Гонконг биржасида салкам 6 фоизга қимматлашгани айни ҳақиқат.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг