Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дониёр Рўзметов

Ўқиганим ва билганим сари ўқимаганим ва билмаганим қанчалар кўп эканлигини тушуниб хижолат тортамен!

Дима Қаюмларга йўл очиб беринг!

Дима Қаюмларга йўл очиб беринг!

Мишель Жерар Жозеф Колюччи — Колюш.

Фото: JOEL SAGET / AFP

Францияда Колюш деган одам ўтган. У одамни Франциянинг Ҳожибой Тожибоеви деса ҳам бўлади. У ўзининг ичакузди ҳангомалари билан французларнинг қалбидан мангу жой олган. Ўзбеклар гап орасида Ҳожибойдан иқтибослар келтирса французлар одатда Колющдан мисол келтирадилар.

Колюш қизиқчиликдан ташқари актёрлик ва баъзан журналистлик ҳам қилган. У халққа яқин санъаткор бўлгани сабабли борган сари халқнинг дардига таъсирчан бўлиб боради. Бир томондан ўз чиқишларида ижтимоий ва маиший кулги орқали халқнинг дардини олиб чиққан бўлса, бошқа томондан у Франциядаги иқтисодий ва ижтимоий муаммоларга қарши очиқдан-очиқ курашга киришади. Мен ҳозир унинг санъати ёки сиёсий курашлари ҳақида ёзмоқчи эмасман. Бу гаплар фақат Колюшнинг ким эканлигини тушуниб олиш учун эди. Мен Колюшнинг қисқа умрида амалга ошириб кетган буюк бир иши ҳақида ёзмоқчиман...

Колюш камбағаллар ва халқнинг дардини гапиргани билан унинг ўзи жуда яхши пул топган. Бир куни топган даромадлари учун тўлаши керак бўлган 3 миллион франк пул учун чекка қўл қўя туриб у шундай дейди: «Тасаввур қилаяпсанми, агар мен каби пули кўпларнинг барчаси худди мана шунча пулни берадиган бўлсак, муаммолар ҳал бўлиб кетган бўларди». Шунда унинг ошпази Анита унга бир овқат 15 франк туришини айтади ва Колюш ҳисоблаб кўриб, битта ўзи тўлаган солиқнинг пулига 200 000 та овқат ҳадя қилиш мумкин эканлигини тушуниб етади.

1983 йилда Даниел Балавуан деган санъаткор радио орқали кулгига олиб, ҳукуматни ва супермаркетлар бошлиқларини «Озиқ-овқатлар банки» ташкил қилишга чақиради. Лекин радио унчалик машҳур бўлмагани учун бу ғояга ҳеч ким эътибор бермайди.

Орадан икки йил ўтиб, мазкур ғояни Колюш қайта жонлантиради ва биринчи донатор Даниел Балавуаннинг ўзи булади. Колюш «Истеъмолчилар жамиятида»даги исрофгарчиликларни танқид қилиб шундай дейди:

— Озиқ-овқатлар ортиб қолганда нархларни ушлаб туриш учун уларни йўқ қилиб ташлашади. Ундан кўра шу озиқ-овқатларни бизга берсангизлар биз уларни муҳтожларга, оч-наҳорларга тарқатамиз.

Мана шу ғоя асосида 1985 йил 21 декабрда Парижда «Юрак ресторани» деб номланган муҳтожларга бепул овқат тарқатадиган «ресторан» очилади. Орадан 15 кун ўтиб Франциянинг турли ҳудудларида 20 га яқин шундай ресторан очилади ва уч ой ичида 60 000 та (порция) овқат тарқатилади.

Ўша йили бельгиялик депутат Жозе Хаппартнинг ташаббуси билан Колюш Европа парламентида ортиб қолган ва кейинчалик йўқ қилиб ташланадиган озиқ-овқатларни муҳтожларга бердирадиган дастурни қабул қилдиришга эришади. Натижада супермаркетлар ва озиқ-овқат тарқатувчи дўконлар йиғилиб қолган яроқли ва сифатли озиқ-овқатларни йўқ қилиб ташламасдан «Юрак ресторанлари» ва бошқа уюшмаларга беришга мажбур бўладилар. Озиқ-овқатларни берувчилар норози бўлмаслиги учун давлат уларга камбағалларга озиқ-овқат берганлари учун солиқдан енгилликлар беради. Натижада пул кетказиб, маҳсулотларни йўқ қилиб ташлагандан кўра озиқ-овқат тармоқлари уларни ихтиёрий равишда камбағалларга бера бошлайдилар.

Ўзбеклар «касал қўй қурбонликка ярамас» деганларидай, камбағалларга бериладиган озиқ-овқатлар истеъмол қилиш муддати ўтган ёки яқинлашиб қолган, синган, чириган маҳсулотлар бўлмаслиги керак. Улар мижозларга қандай маҳсулот сотадиган бўлса камбағалларга ҳам шундай маҳсулотларни беришлари керак бўлади.

«Юрак ресторанлари»нинг юридик статуси 1901 йил қонуни доирасидаги ассоциация, яъни уюшма бўлиб, у ўз олдига тижорий йўллар билан пул топишни мақсад қилмайди. Аксинча, унинг мақсадлари хайрия ва савоб ишлар бўлиб, бунинг учун уларга давлат, Европа иттифоқи, тадбиркорлар, истаган сахий инсонлар моддий ва молиявий ёрдам беришлари мумкин. Уюшманинг маош тўланадиган ходимлари бор, лекин озиқ-овқатлар асосан кўнгиллилар томонидан тарқатилади.

Қуйидаги натижалар «Юрак ресторанлари»нинг самарасини кўрсатади:

  • 1986 йили 5000 кўнгилли томонидан 8,5 миллионта овқат тарқатилган;
  • 1988 — 1989-йиллари 9000 кўнгилли томонидан 25 миллионта овқат тарқатилган;
  • 2008 — 2009-йиллари 103 миллионта овқат тарқатилган ва ресторанлар очилгандан бери тарқатилган овқатларнинг сони 1 миллиарддан ошган;
  • 2015 — 2016-йиллари ресторанлар очилгандан бери тарқатилган овқатларнинг сони 2 миллиарддан ошган.

Бундан ташқари, Франциянинг машҳур инсонлари ва санъаткорлари хайрия концертлари ташкил қилиб, «Юрак ресторанлари»га молиявий ёрдам берадилар.

Франция санъат оламида Колюш ўлмаслар қаторидан жой олган бўлса, унинг ўлимидан бир неча ой олдин ташкил қилиб кетган «Юрак ресторанлари» ҳозирга қадар муҳтожларнинг қорнини тўйдириб, камбағалларга кун кўришларига ва асосийси миллионлаб тонна яроқли озиқ-овқатлар исроф қилинмаслигига сабаб бўлиб келаяпти.

Колюш 1986 йил 16 июнда, 41 ёшида йўл ҳалокати оқибатида вафот этади...

Дима Қаюм номини ижтимоий тармоқларда яхши биладилар. Унинг ҳажвий постлари ва таржималари аллақачон ўз мухлисларини топиб улгурган. Мазкур постлар ва таржималар яқинда бир китобга жамланиб чоп этилди. Аммо бу гаплар ўз йўлига. Мен ҳозир ҳажвий муаллиф Дима Қаюм ҳақида эмас, балки саховатли ва хайрия ишлари ташаббускори Дима Қаюм ҳақида ёзмоқчиман.

Дима Қаюм Риштонда кутубхона ташкил қилиш фикрини илгари суриб, ижтимоий тармоқ аҳлидан китоблар жўнатишларини сўраган пайтида бу ғоя ижтимоий тармоқдаги илмли инсонлар томонидан қўллаб-қувватланди ва кетма-кет китоблар жўнатиш бошланди. Мен ўшанда муаммонинг икки томонига хавотир билдирган эдим. Бу кутубхонанинг юридик мақоми ва китоблар кўпайиб кетганида кутубхонани бошқариш ҳамда унинг фаолиятини йўлга қўйиш масалалари эди. Бу ҳақда ўша пайтларда изоҳларда ҳам айтган эдим.

Кутубхонанинг мақоми масаласидаги хавотирим Дима Қаюмнинг кутубхона режаси яхши эмаслигидан эмас эди. Аксинча. Хавотирим Ўзбекистонда бундай режаларни амалга ошириш учун юридик асосларнинг етарли эмаслиги ва мураккаб эканлиги билан боғлиқ эди.

Шу ўринда Колюш очган «Юрак ресторанлари»нинг юридик мақоми ҳақида қисқача маълумот бериб кетсам. Бу ресторанлар «1901 йил қонуни» номи билан машҳур қонун асосида осонлик билан очилган ва жуда осонлик билан фаолият олиб боради.

1901 йил қонунига асосан «Ассоциация» очиш учун камида икки киши тижорий бўлмаган мақсадларни асос қилиб, битта низом ёзиб, шуни префектурага (ҳокимиятга) топширади. Агар сўралган 2-3 та ҳужжат жойида бўлса ва ассоциациянинг мақсади конституция ва қонунларга зид бўлмаса, префектура бир неча кун ичида ассоциациянинг очилишига рухсат беради ва ўша кундан бошлаб ассоциация расман юридик шахс сифатида фаолият олиб бораверади.

У ўз мақсадлари йўлида банкда ҳисоб очиши, аъзолардан бадал пули олиши, сахийлардан пул йиғиши, олди-берди муносабатларига киришиши мумкин. Агар ассоциацияга келадиган пулларнинг миқдори маълум суммадан ортадиган бўлса, бу суммадан давлатга солиқ тўланади. Агар ассоциациянинг фаолияти кенгайиб, унга келадиган пуллар имкон берадиган бўлса, ассоциация бу пуллар ҳисобига ходимлар олишга ва компанияларга ўхшаб уларга маош тўлашга ҳақли.

Энди яна Дима Қаюмга қайтамиз. У кутубхонани очмоқчи бўлганида барча юридик масалалар савол остида эди. Кутубхона қандай мақомда очилиши керак? Бунинг учун нималар қилиш ва қандай ҳужжатларни қаерга топшириш керак? Бу қанча вақт олади? Ва кутубхона қандай фаолият олиб боради? Ва ҳоказо. Шахсан мен бу саволларга жавоб топа олмадим.

Дима Қаюмга фақат ҳамма тегишли одамлар оғзаки ваъдалар берди холос. Темирни иссиғида босишни хоҳлаган Дима Қаюм одамларнинг эҳтиросли қўллови ва оғзаки ваъдаларга асосланиб, кутубхонани ташкил қилиб юборди.

Кутубхона ташкил бўлиб, унинг овозаси юртга таралгач, табиийки, китоблар оқими ортди ва мен юқорида айтган иккинчи масала — кутубхонани бошқариш ва унинг фаолиятини ташкил қилиш масаласи пайдо бўлди. Дима Қаюм ўз вақтидан, ўз энергиясидан, ўзининг бозордаги тадбиркорлик ишларидан иқтисод қилиб бўлса ҳам бу ишларни имкони қадар ташкил қилди.

Келган китобларнинг сони ортгач, кутубхонани катталаштириш масаласи кўндаланг турди. «Кутубхона қилмоқчиман, ер беринг» деса кимдир текинга Дима Қаюмга ер берармиди? Менимча, йўқ. Дима Қаюм бозордаги ўз ерининг бир қисмини кутубхона учун ажратиб, ижтимоий тармоқдаги дўстлар ва бошқа сахий инсонларнинг ёрдами билан каттароқ кутубхона қурди. Натижада яна мен юқорида айтган юридик муаммоларга дуч келди.

Юридик муаммолар, уларнинг нима билан тугаганига тўхталиб ўтирмайман. Кутубхона неча марта бузиладиган бўлиб, ниҳоят бузилмайдиган бўлганини воқеаларни кузатиб борган барча билади.

Хайрия ишларига хайрихоҳ инсон бу ишни ташлаб қўя олмайди. Мусулмонлар учун муқаддас ой, Рамазон ойида Дима Қаюм бева-бечораларга, муҳтожларга ёрдам бериш учун хайрия ишларини ташкил қила бошлади. Тўғри, у чўнтагидан бермаяпти, лекин у инсонларнинг кўнгилларидан хайрия учун пул чиқартириб, уларни муҳтожларга етказиб бераяпти. Бу иш чўнтагидан бергандан кўра 100 маротаба савоблидир. Зеро, чўнтакдан 10 минг сўм бергандан, кўпчиликдан 10 миллион сўм хайрия қилдириш савоблироқдир.

Дима Қаюм худди кутубхонадаги каби ўз болаларига ёки тадбиркорлик ишига сарфлаши мумкин бўлган вақтини, энергиясини яна ўзгаларнинг дардларини енгиллатишга сарфлаяпти. Энг асосийси, у инсонлардан йиғилган пуллар кимларга берилганининг ҳисоботини эринмасдан бериб бораяпти. Бермаслиги ҳам мумкин эди, лекин бериб бораётгани яхши бўлаяпти. Чунки пул сабабли одам бир зумда ёмонотлиққа чиқиб қолиши ва ҳатто туҳматга қолиб кетиши ҳеч гап эмас.

Солиштириб кўрилса, Дима Қаюм моҳиятан Колюш Францияда қилган ишларни қилаяпти. Фарқи шундаки, Франция давлати Колюшга хайрия ишларини амалга ошириши учун осон тизим яратиб бериб, ундан кейин фаолияти давомида қўллаб-қувватлаган. Францияда 2017 йилда 1,3 миллионта ассоциация фаолият олиб борган ва улар 1,8 миллион кишини иш билан таъминлаган. Уларнинг беминнат келтирган фойдалари ва уларнинг фаолиятига ҳисса қўшган кўнгиллиларнинг сони бу рақамларга киритилмаган.

Дима Қаюм эса ўз фаолиятининг юридик мақомини топа олмай ўз имконияти доирасида одамлардан пул йиғиб, муҳтожларга тарқатиб, устига устак балога қолиб кетмаслик учун ҳисобот ҳам бериб юрибди.

Ижтимоий тармоқларда бемор болаларга ёрдам беришни ташкил қиладиган бир инсондан «Жуда фойдали ва хайрли ишларни қилаяпсизлар, Ўзбекистонда бирон юридик мақом билан расман ишласангизлар бўлмайдими? Ҳам фаолиятингиз осон бўларди, ҳам одамларнинг дашномларига қолиб юрмас эдингизлар» деб сўраганимда, у менга «Биз бунга ҳаракат қилиб кўрганмиз. Очиш учун қилинадиган бошоғриқларни ва очилгандан кейинги ташвишларни кўрганимиздан сўнг тинчгина ижтимоий тармоқлар орқали ёрдам беришда давом этишга қарор қилганмиз» деб айтган эди.

Тан оламан, мен Ўзбекистондаги бундай фаолиятлар қандай ташкил қилиниши ва айтиб ўтилган бошоғриқлар нималардан иборатлигини билмайман. Ишончим комилки, Ўзбекистонда ҳам хайрия ишларини ташкил қилишнинг юридик асослари ва шакллари мавжуд. Бироқ, менимча, улар кенг амалиётга татбиқ этилмаганлиги сабабли уларнинг мавжудлигини инсонлар билмайдилар. Билганларида ҳам бюрократик қийинчиликлар сабабли уларнинг амалиётга қўлланиши самарасизликка юз тутган бўлса керак. Мен саволнинг жавобини мутасадди ташкилотларга қолдираман...

«Фейсбук»да бир киши Дима Қаюмга «Ака, шунча муҳтожларни қаердан топяпсиз?» деб ҳазиломуз савол берганини ўқиб қолдим. Аслида бу савол энг жиддий ва энг долзарб савол ҳисобланади.

«Бизда камбағаллар йўқ», «Ўзбекистонда ҳеч ким кўчада қолмайди» ва ҳоказо деган гапларнинг бари сафсата. Камбағаллар, муҳтожлар бутун дунёда, ҳатто АҚШ, Франция ва Хитойда ҳам бор. Фақат боргина эмас, улар сероб. Фақат дунё аҳли икки тоифага — камбағалларнинг борлигини тан оладиганлар ва уларнинг борлигини яширгиси келадиганларга бўлинади.

Касални яширган билан иситмаси ошкор қилади. «Бизда камбағаллар йўқ» дейдиган жамиятда Дима Қаюм 15 кун ичида 15 та аянчли ҳолатни оммага олиб чиқиб кўрсатди. Бу фақат Риштон туманидаги ҳолат холос. Республикамиздаги барча туман ва қишлоқлар қараб чиқилса, бундай ҳолатлар сон-саноқсиз эканлигини кўрамиз. Уларни мансабдорлар ва ҳатто оддий одамлар пайқамайдилар. Уларни Дима Қаюм ва унга ўхшаган инсонларгина кўра оладилар.

Шу сабабдан Ўзбекистонда хайрия ва саховат ишлари расмий ва қонуний йўллар билан осонликча амалга оширилишини таъминлаш учун давлат махсус тизимни йўлга қўйиши керак деб ўйлайман. Агар бундай тизим аллақачон мавжуд бўлса, уни осонлаштириб, бу ҳақда инсонларга маълумотлар бериш керак.

Дима Қаюмлар жамиятнинг давлат ва мансабдорларнинг нигоҳлари кириб бормаган жойларини кўра оладиган дастёрлардир. Шу боис давлатимиз уларни қўллаб-қувватлаши ҳамда уларга ўз фаолиятини қонуний йўллар билан осон олиб боришлари учун йўл очиб бериши керак деб ўйлайман.

Яна бир гап. Исрофгарчиликнинг олдини олиш ва шу билан бирга муҳтожларга ёрдам кўрсатувчи тизим сифатида менга Колюшнинг ғояси жуда маъқул бўлган. У қандайдир мафкуравий ёки ғаразли мақсадлар устига эмас, балки айнан инсоний тамойиллар асосига қурилган ва у фақатгина эзгу мақсадларни кўзлайди. Шундай экан, бизлар дунёнинг бирон нуқтасида эзгу мақсадларни кўзлайдиган тизимларни кўриб қолсак, улардан ўрнак олишдан уялмаслигимиз керак. Шу сабабдан мен Ўзбекистонда ҳам супермаркетлар ва озиқ-овқат тарқатувчи тармоқларга солиқлардан имтиёзлар бериш эвазига муҳтожларга маҳсулотлар бериш тизимини йўлга қўйишимиз керак деб ўйлайман. Тадбиркорлар муҳтожларга қанча кўп нарса берса, уларнинг солиқдан енгилликлари кўпаяверадиган бўлсин. Чунки уларнинг бу амаллари давлатнинг ижтимоий таъминот борасидаги сиёсатига кўмаклашади.

Агар юртимизда юқорида айтилгани каби ижтимоий ҳимоя тизимлари йўлга қўйиладиган бўлса ва бундай мақсадларда давлатга кўмакчи бўладиган инсонларга енгилликлар яратиладиган бўлса, давлат ва жамиятнинг айрим қатламлари ўртасида узилишлар бўлмайди ва давлатимизнинг пойдевори мустаҳкам бўлади.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг