Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевга ўзбекона айвонлар учун миннатдорчилик билдирди

Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевга ўзбекона айвонлар учун миннатдорчилик билдирди

АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакат мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан унга туҳфа қилинган ўзбек айвонлари учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.

«Мамлакатимиз мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан менга туҳфа этилган гўзал ўзбек айвонлари учун Ўзбекистоннинг юксак ҳурматга сазовор Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлигимни билдирмоқчиман.

Ўтган ҳафта ўзбек элчиси Фурқат Сидиқов ва Ички ишлар вазири Дуглас Бергум иштирокида бўлиб ўтган айвонларнинг очилиш маросими вақтида Marine One вертолётида ушбу ҳудуд узра парвоз қилиш мен учун катта шараф бўлди. Айвонлар ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли даражада гўзал!

Ўзбек моҳир ҳунармандлари бир неча ой давомида Ўзбекистондаги оилаларидан узоқда бўлиб, мураккаб об-ҳаво шароитида 200 йиллик тоғ ёнғоғи дарахтлари ёғочидан ушбу айвонларни юксак маҳорат билан бунёд этдилар. Улар чинakam истеъдод соҳибларидир!

Ушбу туҳфани шахсий мулк сифатида сақлаш ўрнига, мен бу гўзал айвонларни кенг жамоатчиликка тақдим этишга қарор қилдим. Улар ҳозирда хавфсиз ва гўзал пойтахтимизда, Tidal Basin сув ҳавзаси бўйида, Томас Жефферсон ва Жорж Вашингтон ёдгорликлари манзараси очиладиган жойда қад ростлади.

Бир йилдан сўнг, Миллий Қаҳрамонлар боғи очилгач, ушбу айвонлар турмуш қуриш таклифларини билдириш, дипломатик қабуллар ўтказиш, сакура гуллаши фестивали давомида фотосессиялар ташкил этиш ҳамда Tidal Basin ҳудудига кундалик ташрифлар учун шаҳарнинг энг машҳур масканларидан бирига айланади.

Шунингдек, буюк ўзбек ҳунармандлари билан яқиндан ҳамкорлик қилган Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва АҚШ Миллий боғлар хизматига ҳам ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман.

Биз Вашингтонни ҳар қачонгидан ҳам гўзал шаҳарга айлантирмоқдамиз!»

Президент ДОНАЛЬД Ж. ТРАМП

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг