Эрон Европа Иттифоқи армияларини террористик ташкилотлар деб эълон қилди
Эрон парламенти Европа Иттифоқи мамлакатлари қуролли кучларини террористик ташкилотлар деб эълон қилди. Бу ҳақда Reuters Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бағир Ғолибафга асосланиб хабар берди.
«Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини террористик ташкилот деб эълон қилишга қарши чоралар тўғрисидаги қонуннинг 7-моддасига кўра, Европа мамлакатлари армиялари террористик гуруҳлар ҳисобланади», деб эълон қилди Ғолибаф.
«Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига зарба беришга уриниш орқали европаликлар ўз оёқларига ўқ узишди ва яна бир бор ўз халқининг манфаатларига зид қарор қабул қилишди, америкаликларга кўр-кўрона бўйсунишди», деди парламент спикери.
Ғолибафнинг эълон қилишича, парламентнинг Миллий хавфсизлик қўмитаси Европа Иттифоқи ҳарбий атташеларини чиқариб юбориш масаласини муҳокама қилади ва Ташқи ишлар вазирлиги билан музокараларни давом эттиради.
29 январ куни Европа Иттифоқи бош дипломати Кая Каллас Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини террористик ташкилот деб эълон қилишга келишиб олганликларини эълон қилди. Ушбу ҳаракат корпуснинг декабр ойи охирида Эронда бошланган оммавий норозилик намойишларини бостиришдаги иштироки билан боғлиқ.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter