Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШнинг Эронга ҳужумига Буюк Британия ҳам қўшилмаслиги мумкин

АҚШнинг Эронга ҳужумига Буюк Британия ҳам қўшилмаслиги мумкин

Буюк Британия АҚШнинг Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий зарбасида иштирок этиши кутилмаяпти.

Манбаларга кўра, Эронга биринчи зарба бериш Буюк Британиянинг халқаро ҳуқуқ бўйича талқинига мос келмайди. Аммо агар Қатар ёки минтақадаги бошқа иттифоқчи давлатлар ўзини ҳимоя қилишга мажбур бўлса, Британия ҳарбий кучлари жараёнга жалб қилиниши мумкин.

Ўтган ҳафта Қатарга жойлаштирилган Қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари (RAF)нинг 12-эскадрильяси – Қатар ҳарбий-ҳаво кучлари билан қўшма бўлинма Англиянинг Линкольншир графлигидан Қатарга кўчирилди. Бу пайтда АҚШ Эронга қарши эҳтимолий зарба учун минтақада катта ҳарбий куч тўплаётган эди.

Британия манбаларининг айтишича, эскадрилья Қатар томонининг илтимоси билан жойлаштирилган бўлиб, мақсад — минтақадаги энг йирик АҚШ авиабазаси жойлашган давлатни эҳтимолий дрон ва ракета ҳужумларидан ҳимоя қилиш.

Шу ой бошида Эрон агар Трамп мамлакатдаги норозиликлар фонида Эронни бомбалаган тақдирда, минтақада жойлашган АҚШ базалари – уларда оз сонли британ ҳарбийлари ҳам бор – жавоб зарбалари остида қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Хитойга сафари чоғида Эрон атрофидаги инқироз кучайиб бораётгани ҳақида сўралганда, АҚШнинг эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлари ҳақида тахмин юритишдан бош тортди. У асосий эътиборни Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш масаласига қаратди.

«Асосий муаммо – Эрон ядровий дастурга эга бўлмаслигини таъминлаш. Бу борада барчамиз бир фикрдамиз ва иттифоқчилар билан шу йўналишда ишлаяпмиз», – деди Стармер.

2024 йил апрель ва октябрь ойларида Эрон томонидан амалга оширилган дрон ва ракета ҳужумлари пайтида Буюк Британия Исроилга ўзини ҳимоя қилишда ёрдам берган давлатлар қаторида бўлган. Апрель ойида британ қирувчи самолётлари бир нечта эрон дронларини уриб туширган, октябрда эса RAF иштироки минимал бўлган.

Typhoon самолётлари асосан Қатар ёки бошқа кўрфаз давлатларини дрон ва қанотли ракеталардан ҳимоя қилишга мўлжалланган. Баллистик ракеталар эса жуда юқори тезликда учиши сабабли, қирувчи самолётлар томонидан уриб туширилиши мумкин эмас – бу фақат АҚШнинг Patriot ёки THAAD каби махсус ҳаво мудофаа тизимлари орқали амалга оширилади.

Қатардаги Al-Udeid авиабазаси Яқин Шарқдаги энг йирик АҚШ ҳарбий объекти ҳисобланади. У ерда тахминан 10 минг нафар АҚШ ҳарбийлари жойлашган ва база АҚШ Марказий қўмондонлигининг штаб-квартираси вазифасини бажаради. Шу ой бошида у ерда тахминан 100 нафар британ RAF ходими бўлган, аммо кескинлик авж олган пайтда уларнинг аксарияти эвакуация қилинган.

Шунингдек, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли F-15 қирувчи самолётлари Англиянинг Суффолк графлигидаги Лейкенхит базасидан Иорданиядаги Muwaffaq Salti авиабазасига кўчирилди. Мутахассислар фикрича, уларнинг асосий вазифаси Эронга ҳужум қилиш эмас, балки эҳтимолий жавоб зарбаларига қарши Иордания, Исроил ва Форс кўрфази давлатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Яқин Шарқдаги асосий иттифоқчилари — Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари Эронга зарба берилган тақдирда Вашингтонга ёрдам беришдан бош тортгани хабар қилинган эди. 

Манба: theguardian.com

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг