Европа Иттифоқи давлатлари: мудофаа харажатлари энг кўп кимда?
Европа Иттифоқи мамлакатлари глобал хавфсизликка бўлган таҳдидлар кучайиб бораётган бир пайтда мудофаа соҳасидаги сарф-харажатларни сезиларли равишда оширди. Европадаги Мудофаа агентлиги (EDA) маълумотларига кўра, 2024 йилда ЕИ давлатлари умумий ҳисобда 343,2 миллиард евро мудофаа мақсадларига йўналтирган. Бу кўрсаткич сўнгги беш йилда деярли икки баравар ўсиш демакдир.
2024 йилда ЕИ мудофаа сарфларининг деярли ярми икки давлат ҳиссасига тўғри келган:
- Германия — 90,6 млрд евро (26,4 фоиз)
- Франция — 59,6 млрд евро (17,4 фоиз)
Уларнинг умумий ҳиссаси 43,8 фоиз, яъни 150 млрд евродан ортиқ.
Бу икки давлатнинг етакчилиги Европа хавфсизлик стратегиясида уларнинг ўрни янада кучайиб бораётганини кўрсатади.
Мутaxассислар фикрича, харажатларнинг кескин кўпайиши тўғридан-тўғри қуйидаги омиллар билан боғлиқ:
- Россиянинг Украинага тўлиқ масштабли босқини;
- АҚШнинг Европа хавфсизлигидаги иштироки камайиши;
- НАТО ва ЕИнинг ўзини-ўзи ҳимоя қилиш имкониятларини кучайтириш зарурати;
- Россия билан бўлиши мумкин бўлган янги тўқнашув хавфи, айниқса Украина қўшнилари учун.
EDA ҳисобларига кўра, 2025 йилда ЕИ мудофаа харажатлари 392 миллиард еврога етиши мумкин.
Биринчи бешлик 2024 йилда умумий харажатларнинг 69 фоизидан ортиғини ташкил этди:
- Италия — 32,7 млрд евро;
- Польша — 31,9 млрд евро;
- Испания — 22,7 млрд евро.
ЕИнинг 14 давлати мудофаага 5 миллиард евродан кам (умумий ҳисобда 28,2 млрд евро) маблағ сарфлаган. Энг кам харажат қилган давлат эса Мальта, атиги 99 млн евро.
НАТОнинг асосий аъзоларидан, бироқ Евроиттифоқ таркибида бўлмаган Буюк Британия ва Туркия, Альянс маълумотларига кўра, 2024 йилда мос равишда юқоридаги мақсадлар учун 65,8 млрд фунт стерлинг (74,97 млрд евро) ва 24,4 млрд евро сарфлаган.
2014 йилда, Россиянинг Украинага биринчи босқини вақтида, бу мақсадлар учун харажатлар 188,5 млрд евро эди. Шундан бери ЕИ ҳар йили мудофаа бюджетини ошириб келмоқда.
- 2020 йилда — 234,2 млрд евро
- 2024 йилда — 343,2 млрд евро
- 2025 йилда — 381 млрд евро (прогноз)
ECFR таҳлилчиси Рафаэль Лосснинг таъкидлашича, 2014 йилдан сўнг Европа мамлакатлари мудофаани заифлаштириш сиёсатидан воз кечиб, қайта қуролланиш йўлини танлаган. НАТОнинг аъзо давлатлардан ҳар йили ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) камида 2 фоизини мудофаа харажатларига сарфлаш талаби янада қатъийлашди.
Манба: ru.euronews.com


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter