Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ким Чен Ин тахт вориси борасида якуний тўхтамга келди

Ким Чен Ин тахт вориси борасида якуний тўхтамга келди

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ўз қизи Ким Чжу Эни ўзидан кейин давлат раҳбари сифатида қолдиришга қатъий равишда қарор қилди. Бу ҳақда Ғарб матбуоти Жанубий Корея миллий разведка хизматига (NIS) таяниб хабар бермоқда.

Жанубий Корея махсус хизмати хулосасига қараганда, Ким Чен Ин қизини ворис сифатида тайинлаш ва унинг мавқеини мустаҳкамлаш учун аллақачон амалий чоралар кўрмоқда.

“Ким Чжу Э турли тадбирларда қатнашиб келган ва у айрим давлат ишлари юзасидан ўз фикрини билдирган. NIS эндиликда у ворис сифатида тайинланиш босқичига ўтмоқда деб ҳисоблайди”, – деган Жанубий Корея парламенти депутати Ли Сон Квон разведка хизмати билан учрашувдан кейин.

Айни пайтда 13 ёшда экани тахмин қилинаётган Ким Чжу Э 2022 йилдан буён муҳим сиёсий ва ҳарбий тадбирларда отасига ҳамроҳлик қила бошлади. У гоҳ раҳбар отаси билан биринчи ҳарбий разведка сунъий йўлдошини учиришга тайёргарликни кўздан кечирган бўлса, гоҳ армиянинг жанговар шайлигини текширишда қатнашган.

Ўтган йил сентябрь ойида эса у отаси билан Пекинга келди ва Хитой томонидан ўтказилган катта парадда иштирок этди.

Шимолий Корея патриархал қарашдаги давлат саналади. Бу жиҳатдан ҳукумат тепасига аёл кишининг келишини жамият бирданига қабул қила олмаслиги мумкин. Таҳлилларга кўра, қизини мунтазам равишда ёнида олиб юриш орқали Ким Чен Ин, аввало, қизалоққа шоҳона бошқарув расм-русумларини ўргатмоқда. Қолаверса, у жамоатчиликни ҳам аёл етакчи тимсолини қабул қилишга руҳан ҳозирлаётир.

Бунга қадар “доҳий”нинг синглиси, ҳозирда Шимолий Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитасининг тарғибот ва ташвиқот бўлими раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаётган Ким Ё Чжон эҳтимолий ворис ўлароқ кўрилган эди. 2020 йилда ҳам Ким Чен Ин юрак жарроҳлиги операциясидан кейин ўлим тўшагида ётгани, унинг ўрнини синглиси эгаллаши ҳақида овоза тарқалганди.

Шимолий Корея Халқ Демократик Республикаси таъсис этилган 1948 йилдан буён ўлкани Кимлар сулоласи идора этиб келади. Ким Ир Сен 1948–1994, Ким Чен Ир 1994–2011 йилларда раҳбарлик қилган. Бобоси ва отасидан қолган “тахт”ни  2011 йилда Ким Чен Ин эгаллаган.

Шимолий Корея аҳолиси онгига Ким сулоласи вакиллари томирида муқаддас қон оқиши, улар мамлакат бошқарувига илоҳий кучлар томонидан йўллангани ҳақидаги чўпчаклар сингдирилади. Шунга кўра аксар таҳлилчилар мазкур сулоланинг тўртинчи авлоди ҳам олий ҳокимиятни эгаллашига шубҳа қилмайди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг