Нью-Йоркда Мадуро устидан суд ўтказилди: нималар маълум?
Мадуро устидан АҚШдаги суд жараёни: биринчи суд мажлиси якунланди.
Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес иши бўйича биринчи суд мажлиси Ню-Йорк федерал судида бўлиб ўтди. Бунгача сиёсатчи ва унинг рафиқаси вертолётда тергов ҳибсхонасидан суд биноси яқинидаги жойга олиб кетилган эди.
Мадуро суд залига кишансиз олиб кирилди. У таржимон ёрдамида, испан тилида гапирди. Унга ва рафиқасига қарши айбловлар ўқиб эшиттирилди. 25 саҳифали айблов хулосасига кўра, улар гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғ савдоси жиноятларида, жумладан, «наркотерроризм бўйича фитна»да айбланмоқда.
Иш 92 ёшли АҚШ округ судьяси Алвин Хеллерштейн томонидан кўриб чиқилмоқда. У 11 сентябрь террористик ҳужумлари қурбонларининг оилалари томонидан қўзғатилган суд жараёнлари, Доналд Трамп иши ва продюсер Харви Вайнштейнга қарши иш каби шов-шувли ишларда иштирок этгани билан машҳур.
Суд мажлисида Николас Мадуро ўзини айбсиз деб атади: «Мен айбсизман. Мен ҳалол одамман. Мен ҳали ҳам ўз мамлакатим президентиман». Силия Флорес ҳам унга қарши қўйилган айбловларни рад этди.
Мадуронинг адвокати гаров пули сўрамади. Ҳимоячилар бундай сўров кейинроқ берилиши мумкинлигини айтишди. Бироқ, Мадуро ва унинг рафиқаси консуллик ходими билан қонуний равишда талаб қилинган учрашувни сўрашди, суд эса бу сўровни қондирди.
Суҳбатдан сўнг, судья Мадуро ва Флоресни ҳибсда сақлашни буюрди ва кейинги суд мажлисини 17 мартга белгилади. Шу билан биринчи суд мажлиси якунланди. Sky News хабар беришича, сиёсатчи ва унинг рафиқасининг адвокатлари мижозларининг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар, жумладан, Флореснинг қовурғаси кўкарганлиги ҳақида хабар беришган.
Ню-Йоркдаги суд олдида эса АҚШнинг Венесуэладаги ҳаракатларига қарши норозилик намойиши бўлиб ўтди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter