Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бобурийлар изидан: Покистоннинг бой тарихи ва туризм имкониятлари

Бобурийлар изидан: Покистоннинг бой тарихи ва туризм имкониятлари

Покистон деганда кўпчиликнинг кўз олдига баланд тоғлар, Исломобод ёки гавжум шаҳарлар келади. Аммо мамлакатни яқиндан кўрганимизда, унинг сайёҳлик имкониятлари анча кенг эканига гувоҳ бўлдик. Айниқса, Лаҳор — тарихни севган киши учун алоҳида бир олам.

Покистонга сафаримиз давомида Исломободдан кейин Лаҳор шаҳрида ҳам бўлдик. Бу шаҳарга кириб боришингиз билан муҳит ўзгаради. Исломобод замонавий ва тартибли шаҳар сифатида таассурот қолдирса, Лаҳорда тарих ҳар қадамда сезилади.

Бу бежиз эмас. Асрлар давомида Лаҳор минтақанинг муҳим сиёсий ва маданий марказларидан бири бўлган. Айниқса, Бобурийлар даври шаҳар тарихида чуқур из қолдирган.

Эски Лаҳор — очиқ осмон остидаги тарих

Сафаримиз давомида Лаҳорнинг Эски шаҳар ҳудудида ҳам бўлдик. Тор кўчалар, бир-бирига деярли туташиб кетган эски уйлар, ёғоч деразалар, қадимий эшиклар, бозорлар...

Бу ерда тарих – музей витринаси ортида эмас, балки ҳали ҳам одамлар ҳаёти билан ёнма-ён яшаётганига гувоҳ бўласиз.

Лаҳорнинг девор билан ўралган қадимий шаҳар қисми Бобурийлар даврида айниқса ривожланган. Акбар даврида шаҳар деворлари мустаҳкамланиб, дарвозалар барпо этилган. Кейинги Бобурий ҳукмдорлар даврида эса масжидлар, саройлар, боғлар ва бошқа меъморий иншоотлар қурилган.

Бугун ана шу тарих Лаҳорнинг энг катта сайёҳлик объектларидан бири дейиш мумкин.

Девони аам — подшоҳнинг халқни қабул қилиш зали

Лаҳор қалъасидаги Девони аам Бобурийлар даврида подшоҳнинг очиқ қабул маросимлари ўтказиладиган жой бўлган. Иншоот Шоҳ Жаҳон даврида, 1631–1633 йилларда қурилган. У 40 устунли катта зал бўлиб, бу ерда ҳукмдор халқ ва амалдорлар билан учрашган, мурожаатларни тинглаган.

Мумтоз Маҳал етиб келолмаган сарой

Лаҳор қалъасидаги энг қизиқарли иншоотлардан яна бири — Шиш Маҳал, яъни Ойналар саройи.
Бу бинонинг тарихи муҳаббат ва айрилиқ ҳақидаги ҳикоя билан боғлиқ.

Шоҳ Жаҳон уни севимли рафиқаси Мумтоз Маҳал учун қурдиргани айтилади. Сарой деворлари майда ойналар, нақшлар ва безаклар билан ишланган. Маҳаллий манбаларда ҳатто бир шам ёқилса, унинг нури кўплаб ойналарда акс этиб, бутун хонани ёритгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Аммо Мумтоз Маҳал бу саройда яшашга улгурмаган. У 1631 йилда вафот этган. Шиш Маҳал эса Шоҳ Жаҳон даврида барпо этилган энг нафис сарой иншоотларидан бири бўлиб қолган.

Мумтоз Маҳал номи кейинчалик дунёдаги энг машҳур бинолардан бири — Аградаги Тож Маҳал билан боғланди.

Лаҳордаги Шиш Маҳал эса ана шу тарихнинг яна бир саҳифасини сақлаб турибди.

Наулакҳа — саройдаги нафис павильон

Шиш Маҳал ҳовлисида эътиборимизни тортган яна бир иншоот — Наулакҳа павильони бўлди.

Оқ мармардан қурилган бу кичик, аммо жуда нафис бино Шоҳ Жаҳон даврида, XVII асрнинг 30-йилларида барпо этилган. Унинг номи ҳам қизиқ: расмий маълумотларга кўра, қурилишга ўша даврда тўққиз лакҳ рупий сарфлангани учун «Наулакҳа» деб аталган. Павильон қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар билан безатилган.

Наулакҳа Шиш Маҳал ҳовлисининг ғарбий қисмида жойлашган. Бир қарашда унинг эгри шаклдаги томи ва оқ мармар безаклари бошқа бинолардан ажралиб туради.

Павильон олдидаги ҳовли ҳам ўзига хос. Унинг марказида саёз ҳовуз ва мармар майдонча бор.

Тарихий мажмуа ҳақидаги расмий маълумотларда бу ҳовузда тўртта фаввора ва унга сув олиб келган тўртта ариқ бўлгани қайд этилади.

Биз борганимизда ҳовуздаги қора тошдан ишланган юраксимон безаклар ҳам диққатимизни тортди. Оқ мармар фонидаги бу қора нақшлар ҳовлига алоҳида кўрк бериб туради.

Шиш Маҳал ҳақида маълумот берган йўлбошловчининг айтишича эса, қора тошдан ишланган юракчалар – ўз соҳибаси учун аза тутган саройни ифодалайди.

Бизга берилган тушунтиришларга кўра, ҳовуз марказидаги мармар майдонча саройдаги томошалар, жумладан, раққослар чиқиши учун ҳам фойдаланилган. Ҳукмдор ва сарой аҳли эса атрофда ўтириб, мусиқа ва рақсларни томоша қилган.

Шу жойда туриб, бир неча аср аввал бу ҳовлида фавворалар ишлаб тургани, мусиқа янграгани ва сарой аҳли учун турли томошалар ўтказилганини тасаввур қилиш қийин эмас. Бугун эса бу жой Лаҳор қалъасининг энг гўзал ва сайёҳларни ўзига жалб қиладиган нуқталаридан бирига айланган.
 
Бадшоҳий масжиди — нафақат меъморчилик, балки акустика мўъжизаси

Лаҳордаги энг таъсирли манзиллардан бири — Бадшоҳий масжиди. У Бобурий ҳукмдор Аврангзеб даврида 1671–1673 йилларда қурилган. Қизил қумтош, оқ мармар, улкан гумбаз ва миноралар масжидга ўзига хос салобат беради.

Аммо бизни бу ерда фақат бинонинг кўриниши эмас, унинг акустикаси ҳам ҳайратга солди.

Ҳозир катта масжидларда овоз кучайтиргичлар оддий ҳол. XVII асрда эса микрофон ҳам, электр ҳам бўлмаган. Шунга қарамай, Бадшоҳий масжидининг намоз зали шундай ҳисоб-китоб билан қурилганки, имомнинг овози кенг ҳудудга аниқ тарқалган. Гумбазлар, равоқлар ва деворларнинг шакли товушни йўналтиришга хизмат қилган. Тадқиқотларда ҳам масжиднинг марказий залида овоз тарқалишининг ўзига хос хусусияти борлиги қайд этилган.

Бу ерда ташриф буюрувчиларга қизиқ тажриба ҳам кўрсатилади: бир нуқтада паст овозда айтилган гап залнинг бошқа қисмида ҳам эшитилиши мумкин. Саёҳатчилар ҳақидаги ҳисоботларда гидлар гумбазли шифтлар орқали товуш қандай тарқалишини амалда намойиш қилиши қайд этилган.

Бунинг сири оддий «акс-садо»да эмас. Бинонинг ўлчами, гумбазлар тузилиши ва ички меъморий ечимлар товушнинг йўқолиб кетмасдан тарқалишига ёрдам беради. Шу боис юзлаб йиллар олдин ҳам имомнинг қироати ва хутбасини катта жамоат эшита олган.

Бадшоҳий масжидида турганда Бобурийлар меъморчилиги фақат чирой учун яратилмаганини ҳис қиласиз. Ҳар бир гумбаз, равоқ ва деворда амалий ҳисоб-китоб ҳам бор. Масжиднинг акустикаси эса бунинг энг қизиқ мисолларидан бири.

Иқбол қабри зиёрати

Бадшоҳий масжиди яқинида Покистон тарихида алоҳида ўрин тутган шоир ва мутафаккир Муҳаммад Иқболнинг қабри жойлашган.

Биз ҳам у ерни зиёрат қилдик.

Покистонликлар Иқболни катта ҳурмат билан тилга олади. Уни «Шарқ шоири» ва «Покистон мутафаккири» деб аташади. Иқбол 1938 йил 21 апрелда Лаҳорда вафот этган. Унинг мақбараси Бадшоҳий масжиди соясида, Ҳазурий боғи ҳудудида жойлашган.

Иқбол ижодининг яна бир жиҳати бизга яқин: унинг шеъриятида Шарқ тарихи, ислом фалсафаси ва Жалолиддин Румийга бўлган эҳтиром муҳим ўрин тутади.

Шу боис Иқбол қабри зиёрати биз учун оддий туристик манзилга бориш эмас, балки Покистон маънавий ҳаётини тушунишга хизмат қилган бир манзил бўлди.

Покистон туризм учун нимани таклиф қила олади?

Шундай қилиб, Покистоннинг туристик имкониятлари фақат тарихий шаҳарлар билан чекланмайди.

Мамлакатнинг шимолида Каракорум тоғлари, жанубида Ҳинд дарёси дельтаси, турли водийлар ва табиий ҳудудлар бор. Трекинг, альпинизм ва тоғ туризми Покистон туризмининг муҳим йўналишларидан саналади. Расмий туризм ташкилоти ҳам мамлакатнинг табиий ва маданий меросини туризмни ривожлантиришда асосий ресурс сифатида кўради.

Бундан ташқари, Таксила ва Ҳараппа каби қадимий археологик ёдгорликлар, сўфийлик зиёратгоҳлари, тарихий масжидлар ва Бобурийлар мероси ҳам хорижий сайёҳлар учун катта қизиқиш уйғотиши мумкин.

Лаҳор қалъаси ва Шалимар боғлари эса ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бу икки объект Бобурийлар меъморчилигининг энг муҳим намуналаридан ҳисобланади.

Ўзбекистонлик сайёҳ учун таниш тарих

Лаҳорда юрганда яна бир нарсани – бу тарих биз учун мутлақо бегона эмаслигини ҳис қиласиз.

Бобур Фарғонада туғилган. У асос солган сулола кейинчалик Ҳиндистон яриморолида улкан давлат барпо этди. Унинг авлодлари қурдирган саройлар, масжидлар ва боғлар бугун Покистон ва Ҳиндистоннинг энг машҳур тарихий обидалари қаторида туради.

Шу маънода Покистонга келган ўзбекистонлик сайёҳ фақат бошқа мамлакат тарихи билан танишмайди. У муайян маънода Марказий Осиёдан бошланган тарихнинг давомини ҳам кўради.

Лаҳорда бу боғлиқлик айниқса яққол сезилади.

Эски шаҳар кўчалари, Лаҳор қалъаси, Шиш Маҳал, Бадшоҳий масжиди ва бошқа ёдгорликлар биргаликда катта бир тарихий манзарани ҳосил қилади.

Покистон учун эса ана шу меросни яхши сақлаш, уни хорижда кенгроқ танитиш ва сайёҳ учун қулай йўналишларга айлантириш катта имкониятдир.

Чунки Лаҳорда тарихни фақат ўқиб эмас, унинг ичида юриб ҳам ҳис қилиш мумкин.

Элбек,
Тошкент-Исломобод-Лаҳор-Тошкент,
20 сентябр, 2026 йил.
xabar.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг