Муҳиддин Қориёқубов таваллудининг 130 йиллиги нишонланди (фото)
«Туркистон» санъат саройида Ўзбек давлат филармонияси асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Муҳиддин Қориёқубов таваллудининг 130 йиллигига бағишланган тантанали юбилей кечаси бўлиб ўтди.
Унда маданият ва санъат масъуллари ва фахрийлари, Муҳиддин Қориёқубовнинг авлодлари, ОАВ вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон давлат Филармонияси томонидан ташкил этилган мазкур юбилей кечаси ўз даврида мусиқа санъатининг кўплаб йўналишларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган устоз санъаткор хотирасига юксак ҳурмат ифодаси бўлди.
Муҳиддин Қориёқубов нафақат филармония ташаббускори, балки юртимизнинг опера, мусиқий-драматик ва академик санъати шаклланишига ҳам муносиб ҳисса қўшган беқиёс тарихий шахс ҳисобланади.
Шу сабаб дастурда Алишер Навоий номидаги Давлат академик Катта театри ҳамда Муқимий номидаги давлат мусиқали театри артистлари ўз вақтида «Шарқнинг биринчи баритони» дея юксак эътироф этилган Муҳиддин Қориёқубов томонидан ижро этилган илк ўзбек операларидан парчалар куйлашди.
Шунингдек, мазкур юбилей кечасида Давлат академик халқ чолғулари оркестри ҳамроҳлигида Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Муножат Йўлчиева, Мансур Тошматов, Замира Суюнова, Женисбек Пиязов ҳамда хонандалар Рустам Алимардонов, Севара Тўланова, Дилфуза Қобиловалар чиқиш қилишиб, Муҳиддин Қориёқубов репертуаридаги қўшиқлардан ижро этишди.
Дастур давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Хор жамоаси ҳамда Давлат Хор капелласи томонидан ижро этилган асарлар ҳамда «Шодлик» рақс ансамбли ва «Баҳор» давлат рақс ансамблларининг жозибадор чиқишлари томошабинларнинг гулдурос олқишларига сазовор бўлди.
Ушбу тантанали дастур билан Ўзбекистон давлат филармониясининг 90-концертлар мавсуми ҳам расман очилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter