Аҳмад аш-Шараа Трампга тагдор ҳазил қилди
Аҳмад аш-Шараа Оқ уйда. 2025 йил 10 ноябр.
Сурия президенти Аҳмад аш-Шараа Исроил томонидан босиб олинган Жўлон тепалиги борасида АҚШ раҳбари Доналд Трампга тагдор ҳазил қилди.
Гап шундаки, Сурияга тегишли Жўлон тепалигини АҚШ Исроил ҳудуди деб тан олган.
22 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Атлантика кенгаши ташкил қилган давра суҳбатида қатнашган Сурия президенти Аҳмад аш-Шараа Доналд Трампга бу борада эътироз билдирганини ҳикоя қилган.
«Исроилликларга нега Нью-Жерсини бериб қўяқолмайсиз? Жўлон тепалиги сизга тегишли эмас, бинобарин, уни бировга бера олмайсиз. Аммо Нью-Жерси сизники. Боз устига, Нью-Жерсида Трамп учун овоз бермайдиган демократлар тўлиб ётибди», – дея америкалик ҳамкасбига мутойиба оҳангида эътироз билдирган Сурия президенти.
Аҳмад аш-Шараага кўра, Суриянинг янги ҳукумати Исроил билан хавфсизлик ва чегара масаласида бир йилга яқин вақт мобайнида ёпиқ музокара олиб борган. Аммо бу борадаги битим 90 фоиз тайёр бўлган бир пайтда Исроил тўнини тескари кийиб олган.
Сурия президенти БМТ Бош ассамблеясидаги 23 сентябрь кунги чиқишида ҳам Жўлон тепалиги масаласини кўтарган.
«Бизнинг суверенитетимизни, халқаро ҳуқуқни бузишга қаратилган ҳар қандай уриниш бартараф этилади. Жўлон Суриянинг ҳудуди бўлиб қолади», – деган ўзи ҳам Жўлон минтақасида туғилган ва ҳокимиятга келгунча қадар «Жўлоний» лақаби билан аталган Аҳмад аш-Шараа.
Маълумот ўрнида:«Ҳайъат таҳрир аш-Шом» гуруҳи 2024 йил 8 декабрь куни Башар Асад ҳокимияти ағдарилишида муҳим ўрин тутган эди. Шундан кейин гуруҳ етакчиси Аҳмад аш-Шараа Суриянинг амалдаги раҳбарига айланди.
Дамашқда ҳокимият алишгач, Исроил армияси Жўлон тепалиги оша Сурия ҳудудига бостириб кирди. Асад режими қулаши ортидан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Сурия билан 1974 йилда имзоланган битим ҳам ўз кучини йўқотганини иддао қилди ва стратегик аҳамиятга эга Аш-Шайх тоғини эгаллади ҳамда Қунайтра музофотидаги қишлоқларда коммендантлик соати жорий қилди.
Исроил Суриянинг Жўлон тепалигини 1967 йили Олти кунлик уруш якунида босиб олган. 1974 йили Сурия ва Исроил ўртасида ҳарбий кучларни ажратишга доир битим имзоланиб, 400 квадрат км ҳудудда буфер зона ташкил этилган.
1981 йилда Исроил Жўлон тепалигини аннекция қилган.
БМТ Жўлон тепалигини Сурия ҳудуди деб билади ва 1981 йилги аннексияни тан олмайди.
2019 йил 25 март куни АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп Исроилнинг Жўлон бўйича суверенитетини эътироф этган.
Жўлон тепалиги хавфсизлик нуқтаи назаридан Исроил учун стратегик аҳамиятга эга. Дамашқдан атиги 60 км узоқликдаги тепалик назорати Исроилга нафақат Сурия, бошқа қўшни давлатлар билан муносабатда ҳам устунлик беради. Қолаверса, ҳудуд сув манбаларига бой. Исроил сувга бўлган салмоқли эҳтиёжини Жўлон тепалигидаги булоқлардан қоплайди.
Таҳлилчиларга кўра, сўнгги вақтларда Ливан, Фаластин, Яман ва Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб борган Исроил ҳукумати Сурияга нисбатан ҳам агрессив сиёсат юритмоқда.
2024 йилда Исроил ҳаво ҳужумлари орқали Сурия флотини яксон қилди.
Дамашқ ҳукуматига кўра, Исроил 2024 йилдан буён Сурияга 500 дан зиёд авиазарба йўллаган. Жумладан, 2025 йил августда берилган зарбалар оқибатида камида етти киши ҳалок бўлган.
Сурияда янги ҳукумат ички муаммолар билан андармон бўлиб турган пайтда Исроил маъмурияти Жўлон тепалиги ҳудудида яҳудий манзилгоҳларини икки баравар кўпайтириш режасини тасдиқлаган.
Ҳозирда бу ҳудудда 30 мингга яқин яҳудий келгиндилари истиқомат қилади.
Бош вазир Нетаняҳу Жўлон тепалиги абадиян Исроилники эканини иддао қилган.
Расмий Дамашқ талабига кўра, Исроил 1974 йилги келишувда белгиланган ажратиш чизиғига қайтиши керак.
Сурия раҳбарияти Исроил билан ихтилофни истамаслигини очиқ айтиб келади.
Айни пайтда Исроил Суриядаги айирмачи кучлар орқали мамлакатни бўлиб ташлашга уринаётгани айтилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter