Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Алламжоновга тегишли Тошкент имтиҳон маркази нархларни кескин оширди

Алламжоновга тегишли Тошкент имтиҳон маркази нархларни кескин оширди

Фото: Имтиҳон маркази

Шу йилнинг февраль ойи бошларида Тошкент имтиҳон маркази очилганди. У пойтахтда ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга номзодларни назарий ва амалий тест синовларидан ўтказадиган ягона автоматлаштирилган имтиҳон комплекси ҳисобланади.

Марказ очилганида назарий ва амалий тест синовларидан ўтиш нархи 100 минг сўм этиб белгиланганди.

Маълум бўлишича, Тошкент имтиҳон маркази орадан кўп вақт ўтмай нархларни 50 фоизга оширган.

«Бизнинг асосий ҳамкорларимиз мамлакатларидаги беқарор иқтисодий вазият, мамлакатимизда инфляциянинг тезлашишига сезиларли таъсир кўрсатаётган валюта курсининг кескин ўзгариши муносабати билан юқори сифат ва хизмат кўрсатиш даражасини сақлаб қолиш учун 1 апрелдан бошлаб Тошкент имтиҳон маркази назарий ва амалий имтиҳонларни топшириш учун биринчи уриниш нархини 150 000 сўмгача оширишга мажбур», дейилади марказ эълонида.

Изоҳда доллар курси ўзгариши Тошкент имтиҳон маркази фаолиятига қандай боғлиқлигига аниқлик киритилмаган.

Бироз аввалроқ марказнинг ўзида имтиҳонлардан ўта олмаган номзодлар сони кўплиги сабабли унга тайёрланиш учун экспресс курслар ҳам ташкил қилинганди. Қисқа курсларнинг нархлари 1 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев давлат имтиҳон олиш марказлари Президент қарорига зид равишда ёпилганини маълум қилганди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Президент қарори талабларига зид ҳаракатлар содир этилаётганлиги сабабли Ҳукуматга киритиш учун тегишли таклиф ишлаб чиққани қайд этилганди.

«Монополияга қарши курашиш қўмитаси жавоби асосида биз ҳам энди ҳукумат ва ҳукумат  аъзоларига сўров киритамиз», – деб ёзганди Расул Кушербаев.

Кушербаевнинг бу чиқишига жавобан Комил Алламжонов «Тошкент шаҳри учун хизмат кўрсатаётган ҳозирча ягона бўлиб турган имтиҳон маркази тўлиқ Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мос равишда фаолият юритмоқда», дея таъкидлаганди.

«Соққа» қилишга келсак, айнан «соққа» ҳар соҳанинг драйверидир. Сизнингча фикрланса, сиз ҳам фақат «соққа» учун ишлайсиз ва «соққа қиласиз», чунки текинга ишламайсизку (ўзингиз айтгансиз шу гапни, видео иловада). Аслида «соққа» қилиш гуноҳ эмас. Жиноят ҳам эмас. Албатта, уни қандай қилиш муҳим,деганди Алламжонов.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг