Ташаббусли бюджет: кимга кўпроқ, кимга камроқ?
Бугун фуқаролар бюджет маблағларининг қаерга сарфланаётганини шунчаки кузатибгина қолмаяпти — улар бу жараёнда қарор қабул қилишда ҳам иштирок этмоқда. 2018 йилдан йўлга қўйилган “Очиқ бюджет” лойиҳаси айни шу мақсадга хизмат қилиб, давлат билан халқ ўртасида ишончли мулоқот майдонини яратди. Шу пайтга қадар лойиҳанинг ҳар бир мавсумида минглаб фуқаролар ўз таклифлари ва овозлари орқали бюджет маблағларининг қандай сарфланишига бевосита таъсир кўрсатиб келмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 2025 йилда жами 4 772 та лойиҳа ғолиб деб топилган ва уларни молиялаштириш учун 6 477,9 миллиард сўм маблағ ажратилган. Маблағларнинг энг катта қисми, яъни 49 фоизи ички йўлларни, жумладан пиёдалар йўлакчалари ва йўл ўтказгичларни, 23 фоизи умумтаълим мактаблари, 10 фоиз улуши соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига йўналтирилган. Қолган 18 фоиз маблағ эса бошқа йўналишдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун сарфланган.
Бироқ ушбу рақамлар ташаббусли бюджет маблағлари қандай йўналтирилгани ҳақида умумий тасаввур берса-да, уларнинг ҳудудлар кесимида қай даражада мутаносиб ва адолатли тақсимлангани ҳақида савол туғдиради. Аҳоли сони, инфратузилмага бўлган эҳтиёж ҳамда жон бошига тўғри келадиган харажатлар ўртасидаги фарқни аниқлаш мақсадида ушбу тақсимотни алоҳида таҳлил қилишга қарор қилдик.
Меъёрий чекловлар демографик мувозанатни таъминлаяптими?
Тадқиқот давомида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ташаббусли бюджет харажатларини оширишда лойиҳалар сонини кўпайтириш стратегик аҳамиятга эга эканини аниқладик. Ҳозирги кунда маблағлар тақсимотида ўзига хос номутаносиблик кузатилмоқда: аҳоли сони кам бўлган ҳудудларда ташаббусли бюджет харажатларининг жон бошига тўғри келувчи маблағи юқори, бироқ аҳоли зич жойлашган ҳудудларда бу кўрсаткич анча пастлигича қолмоқда. Масалан, Сирдарё ва Боёвут туманларида аҳоли сони деярли 140 мингдан юқори бўлса-да, лойиҳалар сони минимал талабга, яни 10 тага яқинлиги аҳоли жон бошига харажатлар қисқаришига олиб келган. Шунингдек, ташаббусли бюджет харажатларининг қуйи ўнлигидан жой олган Самарқанд шаҳри (42 та лойиҳа) ва Ургут тумани (34 та лойиҳа)да қонунчиликда кўрсатилган максимал лойиҳалар сони 30 та ва ундан юқори бўлишига қарамай аҳоли жон бошига харажатлар пастлигича қолмоқда.
Шу ўринда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бизга берган маълумотига кўра, 30 та лойиҳа учун белгиланган лимитдан ташқари, агар йил давомида қўшимча маблағ шаклланса, лойиҳалар сонини ошириш имконияти мавжуд.
Мазкур номутаносибликларнинг юзага келишида ташаббусли бюджет жараёнларини тартибга солувчи амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим роль ўйнамоқда. Аввал, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 30 январдаги KQ-666-IV-сон қарорига кўра, ушбу жараёнга туман ва шаҳарлар бюджетларининг камида 5 фоизи ва туман (шаҳар) бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи йўналтирилиши керак эди. Бироқ, 2025 йил 13 январдаги Сенатнинг KQ-34-V-сон қарори билан бу тартиб ўзгартирилди. Унга кўра, эндиликда 5 фоизлик қатъий меъёр ўрнига бошқа ёндошув жорий этилди: ҳар бир туман ва шаҳар бюджети доирасида камида 10 та, кўпи билан 30 та лойиҳани молиялаштириш учун маблағ режалаштирилади. Агар лойиҳалар сони 10 тадан ошса маблағлар туман ёки шаҳар аҳолиси сонидаги улушидан келиб чиқиб тақсимланади.
2026 йил учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2025 йил 17 декабрдаги KQ-280-V-сонли қарорига мувофиқ, “Ташаббусли бюджет” доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар сони камида 6 та ва кўпи билан 30 та этиб белгиланган.
Амалий таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, энг камида 10 та ва юқори чегараси 30 та лойиҳа бажарилиши талаби ҳудудларнинг аҳоли сони фарқларини етарли даражада ҳисобга олмаяпти. Натижада кам аҳоли яшайдиган ҳудудларда лойиҳалар сонининг минимал талаблардан юқори бўлиши аҳоли жон бошига харажатларнинг сунъий ошишига олиб келмоқда. Aксинча, аҳолиси кўп бўлган туман ва шаҳарларда лойиҳа сонининг юқорилаб кетиши кузатилмоқда ва бу ҳам ижтимоий эҳтиёжларнинг тўлиқ қопланмаслигига сабаб бўлмоқда. Хусусан, аҳоли сони 100 минг нафаргача бўлган ҳудудларда ташаббусли бюджет доирасида ўртача 16 та лойиҳа амалга оширилган, аҳоли жон бошига тўғри келган харажат 331 минг сўмни ташкил этган. Аҳолиси 300-400 минг оралиғида бўлган ҳудудларда эса лойиҳалар сони 34 тага етган, аҳоли жон бошига ўртача маблағ 138 минг сўмга тушган. Энг йирик — аҳолиси 500-600 минг бўлган туманларда 38 та лойиҳа қайд этилган бўлса-да, аҳоли жон бошига тўғри келувчи маблағ бор-йўғи 95 минг сўм.
Ҳудудлар кесимида аҳоли жон бошига харажатларнинг юқори ва қуйи 10 талиги ўртасидаги фарқ қуйидаги графикларда ҳам яққол намоён бўлади.
Аҳоли зич жойлашган йирик туман ва шаҳарларда эса аҳвол бутунлай бошқача. Бу ерда бир кишига тўғри келадиган маблағ 100 минг сўм атрофида тўхтаб қолган:
Ғозғон шаҳрининг аҳолиси 9,3 минг киши, 14 та лойиҳа ғолиб деб топилган бўлиб, ҳар бир фуқарога тўғри келадиган маблағ 1,5 миллион сўмдан ошади.
Ургут туманининг аҳолиси 572 минг нафар, 34 та лойиҳа белгиланган бўлиб (юқори чегарадан кўпроқ), жон бошига тўғри келадиган улуш атиги 90,5 минг сўмни ташкил этади.
Ушбу туманларда аҳоли жон бошига маблағлар ўртасидаги фарқ қарийб 16,5 баробарни ташкил этади. Бу рақамлар лойиҳалар сонини белгилашда аҳоли сони омилини киритиш қанчалик зарурлигини исботлайди.
Нима учун бу муҳим?
Бюджет маблағларини аҳоли жон бошига тақсимланишини таҳлил қилиш ижтимоий адолат ва давлат сиёсати самарадорлигини белгиловчи омилдир. Тадқиқот натижалари кўрсатган номутаносибликлар бир нечта сабабларга кўра муҳим аҳамиятга эга.
Юқорида таъкидлаганимиздек, Ғозғон шаҳрида яшовчи фуқаро учун бюджетдан ажратилаётган маблағ (1,5 млн сўм) Ургут туманидаги фуқаро улушидан (90,5 минг сўм) 16,5 баробар кўп. Бу дегани, бир ҳудудда яшаётган аҳоли замонавий инфратузилмага эга бўлаётган бир пайтда, бошқа ҳудудда эҳтиёжлар йиллар давомида қондирилмай қолиб кетмоқда. Жон бошига ҳисобланган мезон ҳудудлараро бу ижтимоий тафовутни камайтиришга хизмат қилади.
Аҳоли зич жойлашган ҳудудларда (масалан, Самарқанд шаҳри ёки Наманган туманларида) мавжуд йўллар, мактаблар ва шифохоналар бир неча баробар кўп аҳолига хизмат қилади. 500 минг аҳолиси бор туманга ҳам, 50 минг аҳолиси бор туманга ҳам бир хил (максимал 30 та) лойиҳа квотаси берилиши, катта ҳудудлардаги муаммоларнинг “сурункали” бўлиб қолишига олиб келади. Маблағлар аҳоли сонига қараб кўпайтирилса, инфратузилманинг эскириш тезлиги ва янгиланиш тезлиги ўртасида мувозанат пайдо бўлади.
Давлат учун ҳар бир сўмнинг самарадорлиги муҳим. Аҳоли зич ҳудудларда қурилган битта мактаб ёки таъмирланган йўлдан фойдаланувчилар сони кўпроқ бўлади. Демак, маблағни аҳоли сонига қараб йўналтириш ижтимоий инвестициянинг энг юқори самарадорлигига эришиш демакдир.
Бу йил қандай янгиликлар кутилмоқда?
Тадқиқот жараёнида “Очиқ бюджет” портали орқали амалга оширилаётган лойиҳалар эндиликда нафақат овоз йиғиш пойгаси, балки ижтимоий масъулият босқичига қадам қўйганига яна бир бор амин бўлдик.
Сенат Кенгашининг 2025 йил 17 декабрдаги қарорига кўра, 2026 йил учун “Ташаббусли бюджет” жараёнларига киритилган ўзгартиришлар эса тизимни янада шаффофлаштириш ва маблағларнинг манзиллилигини таъминлашга хизмат қилади.
Илгари лойиҳа ғолиб бўлиши учун бор-йўғи 10 та овоз талаб этилгани тизимда маълум маънода “пассив” ташаббусларнинг кўпайишига сабаб бўлган эди. Эндиликда энг кам овоз чегарасининг 50 тага кўтарилиши маҳалла фаолларидан янада каттароқ мобилизация ва жамият бирдамлигини талаб қилади. Бу ўз-ўзидан “сунъий” лойиҳаларнинг сараланишига, энг долзарб ва аҳамиятли ташаббусларнинг юзага чиқишига олиб келади.
Яна бир янгилик — “50/50” тамойили асосидаги шерикчилик моделидир. Бунда аҳоли ташаббус маблағининг 50 фоизини тўпласа, қолган қисми давлат томонидан қопланади ва лойиҳа автоматик равишда ғолиб деб топилади.
Бу тизимнинг жорий этилиши аҳолида дахлдорлик ҳиссини пайдо қилади, кўп овоз тўплай олмаган, лекин молиявий имконияти бор кичикроқ жамоалар учун ўз муаммосини тезкор ҳал қилиш имконияти туғилади. Давлат ҳамма нарсани қилиб бериши керак, деган қарашдан “биргаликда қиламиз” деган замонавий ёндашувга ўтилади.
Аммо бир маҳаллага бир мавсумда фақат битта шерикчилик лойиҳасига рухсат берилади. Бюджет ташкилотларига оид лойиҳаларга мазкур тартиб қўлланмайди.
Кўп ҳолларда муҳим лойиҳалар бир нечта овоз етмай қолгани учун четда қолиб кетарди. Энди эса овоз бериш якунлангач, 10 кунлик қўшимча босқичда маҳаллий ва республика депутатларига муҳим ваколат берилмоқда. Унда туман (шаҳар) депутатлари етишмаган маблағни маҳаллий бюджет ҳисобидан қоплаши мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари эса овоз тўплаган битта лойиҳани қўшимча ғолиб сифатида танлаш ҳуқуқига эга.
Депутат танлови учун лойиҳа сайлов округида жойлашган, камида 50 та овоз олган ва шерикчилик лойиҳаси бўлмаслиги шарт. Бир маҳалладa кетма-кет икки мавсум лойиҳа танланишига йўл қўйилмайди.
Бу ислоҳотлар аҳолининг лойиҳаларни танлашдаги иштирокини янада рағбатлантириш ва бюджет маблағларини ҳаққоний тақсимлаш механизмини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ечим нимада?
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, мамлакатимиздаги туман ва шаҳарлар аҳоли сони бўйича бир-биридан кескин фарқ қилади. 2025 йил “Ташаббусли бюджет” жараёнларида иштирок этган 200 дан ортиқ ҳудудларда деярли 10 мингдан 600 минггача аҳоли истиқомат қилади. Бироқ, амалдаги тизимда аҳолиси энг кам ва энг кўп бўлган ҳудудлар учун лойиҳалар сони бўйича бир хил чеклов ўрнатилган.
Бундай ёндашув инфратузилма эҳтиёжларини адолатли қондириш имконини бермаяпти. Масалан, кичик туман ва аҳолиси бир неча баробар кўп бўлган йирик шаҳарга бир хил лимит қўйиш реал эҳтиёжлар инобатга олинмаётганига ишора.
Шу боис, тадқиқот доирасида лойиҳалар сонини аҳоли сонига мутаносиб равишда белгилаш таклиф этилади.
Биринчидан, аҳолиси кам бўлган ҳудудларда амалдаги минимал кўрсаткичларни сақлаб қолиш ўринли. Иккинчидан, аҳоли сони ўртача ва юқори бўлган ҳудудларда ғолиб лойиҳалар сонини аҳоли зичлигига боғлаш лозим. Бунда ҳар 10–15 минг нафар аҳоли учун битта лойиҳа ҳисобидан квота ажратиш ижтимоий адолатни таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, аҳоли қанча кўп бўлса, ғолиб лойиҳалар сони ҳам шунча кўп бўлиши керак. Бундай дифференциал ёндашув давлат маблағларини ҳудудларнинг реал юки ва одамларнинг ҳақиқий эҳтиёжидан келиб чиқиб тақсимлашга хизмат қилади.
Иқтисодчи: Нодиржон Тойиров,
Журналист: Барно Султонова,
Ментор: Савия Ҳасанова.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter