Дизел ёқилғиси бўйича фермерларга субсидия берилади
Президентнинг тегишли фармони билан қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор механизмлар жорий этилди.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 апрелдан 1 июлгача биржа орқали дизел ёқилғиси харид қилган қишлоқ хўжалиги корхоналарига республика бюджети ҳисобидан субсидия ажратилади.
Унга кўра, ҳар бир тонна дизел ёқилғиси қийматининг 13 миллион сўмдан ошган қисми учун, бироқ 2 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда субсидия берилади. Маблағлар Аграр соҳада тўловлар агентлиги орқали ажратилади.
Фармон билан 2026 йил 1 сентябрдан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг айрим субсидия ажратиш ваколатлари Аграр соҳада тўловлар агентлигига ўтказилади.
Жумладан, қишлоқ хўжалиги субъектларига ўз маблағлари ва тижорат банклари кредитлари ҳисобидан етиштирилган пахта хомашёсини биржада сотишда расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактура қийматининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби жорий қилинади.
Шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналарига ўз маблағлари ҳисобидан харид қилинган пахта хомашёси қийматининг бир қисми компенсация қилиб берилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter