Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Кенг кўламли эпидемия белгилари йўқ, аммо вазият ўзгариши мумкин» — ЖССТ хантавирус ҳақида

«Кенг кўламли эпидемия белгилари йўқ, аммо вазият ўзгариши мумкин» — ЖССТ хантавирус ҳақида

Фото: РБК

12 май ҳолатига кўра, дунёда хантавирус билан боғлиқ 11 та касалланиш ҳолати қайд этилган бўлиб, улардан учтаси ўлим билан якунланган. Барча ҳолатлар «MV Hondius» кемаси йўловчилари ва экипажи аъзолари орасида аниқланган.

Айни пайтда кенг кўламли эпидемия хавфи белгилари кузатилмаяпти, аммо вазият ўзгариши мумкин. Бу ҳақда сешанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус маълум қилди.

Унинг айтишича, 11 ҳолатдан тўққизтасида одамдан одамга юқадиган Андес вируси (хантавирус тури) тасдиқланган, яна иккитаси эҳтимолий ҳолат сифатида баҳоланмоқда.

«Сўнгги бир ҳафта ичида бу рақамлар бир неча давлатлар ҳукуматлари ва ҳамкор ташкилотлар саъй-ҳаракатлари туфайли деярли ўзгармади», — деди ЖССТ раҳбари. Унинг таъкидлашича, ташкилот 2 май куни касалланганлар гуруҳи ҳақида биринчи марта маълумот олганидан бери янги ўлим ҳолатлари қайд этилмаган.

Унинг сўзларига кўра, тасдиқланган ёки гумон қилинган инфекцияга чалинган барча беморлар изоляция қилинган ва қатъий тиббий кузатув остида сақланмоқда.

«Бу инфекциянинг кейинги тарқалиш хавфини минимал даражага туширади», — деди у.

Шу билан бирга, ЖССТ раҳбари вируснинг инкубация даври узоқ эканини эслатиб, яқин ҳафталарда янги ҳолатлар аниқланиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Унинг айтишича, кема йўловчилари қайтган ҳар бир давлат уларнинг саломатлигини назорат қилиш учун масъул ҳисобланади.

Якшанба ва душанба кунлари «MV Hondius» круиз лайнери йўловчилари ва экипажи Тенерифда қирғоққа туширилди. Операция Испания соғлиқни сақлаш органлари ва ЖССТ вакиллари, жумладан ташкилот раҳбари назорати остида амалга оширилди. Экипажнинг тахминан 30 нафар аъзоси кема бортида қолиб, тиббий гуруҳ ҳамроҳлигида Нидерландияга қайтган.

«ЖССТга вирус юқишига мос келувчи симптомларга эга кам сонли беморлар ҳақида хабарлар маълум», — деди Тедрос. Унинг айтишича, ташкилот ҳар бир хабарни тегишли давлатлар билан ҳамкорликда текширмоқда.

ЖССТ бундай шахсларни махсус карантин муассасасида ёки уй шароитида вирус билан сўнгги эҳтимолий алоқадан кейин 42 кун давомида кузатишни тавсия қилмоқда. Сўнгги эҳтимолий контакт санаси 10 май деб ҳисобланади, шу сабабли кузатув муддати 21 июнгача давом этади.

Симптомлар пайдо бўлган ҳар қандай инсон зудлик билан изоляция қилиниши ва даволаниши керак. ЖССТ раҳбари ташкилот ушбу вазиятга жалб қилинган давлатлар билан яқин ҳамкорликни давом эттиришини таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг