Жиззахда ИИБ ходимидан пул ундиришга уринган икки товламачи қўлга олинди

Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида ИИБ ходимидан гўёки айблов мазмунидаги аудиоёзувни бошлиқларига бераман, деб қўрқитиш орқали пул ундиришга уринган икки нафар фуқаро қўлга олинди.
Вилоят ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, ходим туман «Телеграм чат»ида оиласини уйига олиб кетиш учун такси топишда ёрдам сўраб эълон жойлаган.
Эълонга шу туманда яшовчи, шахсий автомобилида таксичилик қилиб юрган 18 ёшли йигит жавоб беради. У ва унинг 26 ёшли қўшниси вазиятдан фойдаланиб пул ишламоқчи бўлишган.
Йигитлар ИИБ ходими билан ёзишмаларда бир-бирларини ҳақорат қилишган ва суҳбатни ўзларига ёзиб олиб, уни ИИБ ходимининг бошлиқларига жўнатишини айтиб, таҳдид қилган ва «жим юриши» эвазига 15 миллион сўм талаб қилишган. Улар, шунингдек, ходимга устидан юқорига арз қилгани, сўралган пулларни берса, аризаларини қайтариб олишларини ҳам айтишган.
Музокаралардан сўнг томонлар 12 миллион сўмга келишиб олишди, аммо товламачилар шантажларини давом эттириб, пул миқдорини яна оширадилар.
Ходимнинг вилоят ИИБга қилган мурожаати асосида олиб борилган тезкор тадбир давомида жиноятчилар олинган пуллар билан воқеа жойида қўлга олинди.
Текширув давомида маълум бўлишича, бундан бир неча кун аввал, яъни 6, 8 октябр кунлари мазкур шахслар «102» ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, ички ишлар ходими уларни ҳақорат қилганини айтишган. Бироқ, ўзларини тушунтириш учун чақирилганда, улар келмаган.
Ушбу товламачилик ҳолати юзасидан туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter