Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Навоийда олтин қазувчилар ушланди

Навоийда олтин қазувчилар ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати Навоий вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан давлат захирасидаги ерларда ноқонуний олтин қазиб олиш ва уни кимёвий усулда қайта ишлаш билан шуғулланган шахслар фаолиятига барҳам берилди.

Маълум бўлишича, ноқонуний олтин савдосига ихтисослашган уюшган жиноий гуруҳ хорижий давлат фуқароларини жалб қилган ҳолда солиқ, геология, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги қатор қонунчилик талабларини қўпол равишда бузиб келган. Жиноий гуруҳга Кармана туманида жойлашган спорт соҳасига ихтисослашган масъулияти чекланган жамият раҳбари бошчилик қилган.

Тезкор тадбир давомида қонунбузарлардан 17,2 килограмм олтин ва кумуш қоришмаси, 20 килограмм ярим тайёр олтин маҳсулоти, таркибида олтин зарралари бўлган 250 килограмм бойитилган кўмир, шунингдек 280 тоннадан ортиқ қум ва руда ашёвий далил сифатида олинди. Шу билан бирга, 230 литр махсус кимёвий воситалар, олтинни ажратиб олишга мўлжалланган лаборатория ускуналари, махсус идишлар, газ баллонлари ҳамда бошқа асбоб-анжомлар ҳам мусодара қилинди.

Аниқланишича, уюшган жиноий гуруҳ томонидан олтин ажратиб олиш мақсадида сунъий равишда ташкил этилган 4 та ҳовуз кимёвий моддалар билан тўлдирилиб, 1 гектар ер майдони амалда саноат ишлаб чиқариш ҳудудига айлантирилган.

Ҳозирда ашёвий далиллар тегишли экспертизаларга юборилган бўлиб, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг