Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Агар Кореяда бўлганида... ёки ватанпарварлик ҳақида

Агар Кореяда бўлганида... ёки ватанпарварлик ҳақида

Ҳамма бир-бири томон қадам ташлаши лозим.

Фото: «Рolitforums.net»

Ён қўшниларимиз билан чегаралар очилганидан бошлаб кўча-кўйда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам асосан ҳар иккала давлатдаги нархларни солиштириш билан, қайси давлатда нима арзону нима қимматлигини муҳокама қилиш билан бандмиз.

Тожикистонда бўлиб қайтган танишлардан, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан шуни билдикки, Тожикистонда озиқ-овқатлар биздан бироз қиммат, халқ тилида «битовая техника» деб аталувчи уй-рўзғор буюмлари эса биздан арзон экан. Шунингдек ён қўшниларимиз Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам аҳвол шундай.

Йўллар очилиб, қўшни давлатларга бемалол, эмин-эркин бориб келиш имкони бўлаяпти. Маълум суммадаги турли маҳсулотларни мамлакатимиздан қўшни давлатларга, қўшни давлатлардан юртимизга бемалол олиб кириш мумкин. Божхона назорат-ўтказиш пунктларини одам босиб кетган.

Қўшни давлатлардан «уёқда арзон экан» деб турли буюмларни юртимизга олиб кираётган одамларни кўриб кеча бир ҳамюртимиз «буларда ватанпарварлик йўқ» деб айблабди. Тўғри-да, агар одамларимиз ўша давлатлардан олиб кираётган буюмларини ўзимиздан харид қилсалар бу билан ўзимизнинг иқтисодиётимизга муносиб ҳисса қўшган бўлар эди. Аммо тирикчилик, «сендан угина, мендан бугина» деган гаплар бор.

Эсимда, 1990-йилларнинг охирида дунё бўйлаб иқтисодий инқироз юзага келди. Ўшанда инқироз Жанубий-Шарқий Осиёдаги бир қатор мамлакатлар қатори Жанубий Кореяни ҳам четлаб ўтмади. Мамлакатда олтин-валюта захиралари камайиб, чет эл валюталарининг нархи тез ошиб кетаверди. Шунда мамлакат президенти ўз халқидан ёрдам сўраб мурожат қилди. Ўша мурожаатдан кейин жанубий кореяликлар қўлларидаги ортиқча валюта ва тилла буюмларни олиб бориб банкка топшира бошладилар. Албатта, ўша валюта ва тиллалар шунчаки ёрдам сифатида эмас, қарз сифатида олинди. Жанубий Корея аҳолиси ўз ҳукуматига ишонди. Ҳукумат ҳам уларнинг ишончини оқлади ва кейинчалик мамлакат иқтисодий инқироздан чиқиб олганидан кейин олинган тилла ва валюталар аҳолига фойдаси билан қайтариб берилди.

Жанубий кореяликларнинг ўша ватанпарварлиги билан юртдошларимизнинг ўз иқтисодимизга зарар етказиб бўлса-да бироз арзонлиги учун қўшни давлатлардан қандайдир буюмларни ташишлари ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Корейсларнинг ўша ватанпарварлиги ҳар қандай таҳсинга лойиқ. Улар ватанпарварлиги учун ҳукумат ҳам муносиб жавоб бера олишига ишонади. Уларда мабодо бирон табиий офат юз берганда ҳам ҳукуматнинг роли билинади ва ҳукумат ўз фуқароларига имкони борича ёрдам беради.

Хўш, бизда-чи? Одамлар ва ҳукумат ўртасида Жанубий Кореядагидай ишонч борми? Унчалик эмас. Одамлар мутасаддиларга ишонишмайди. Бунга эса уларнинг етарлича асослари бор.

Узоққа бормай, ўтган йилнинг кузида, шу йил баҳорда мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида қаттиқ шамол баъзи одамларнинг уйларнининг томини, ҳатто тўсинлари билан ағдариб ташлаган ҳолатлар бўлди. Биргина маҳалламизнинг ўзида ўндан ошиқ хонадоннинг томини шамол учиргани, тўсинлари билан ағдариб ташлаганининг гувоҳи бўлдим. Қишлоғимиз, туманимиз миқёсида бу анча катта рақам эди. Ўшанда табиий офатдан зарар кўрган инсонларнинг ҳолидан на ҳокимият хабар олди, на бошқа ташкилот. Зарар кўрганлар орасида қўли қисқароқ инсонлар ҳам бор эди. Уларга ҳеч бир мутасадди ёрдам бермади. Яхши ҳам халқимиз оғир кунларда бир-бирини ташлаб қўймайдиган халқ. Кўпчилик бўлиб ҳашарга боришди. Томларни қайтадан ёпиб беришди.

Ҳозир шуларни ёзаяпману, аслида табиий офатларда маҳаллий ҳокимиятларнинг аҳолига ёрдам бергани ё далда бўлганини эслай олмадим.

Фақат бир марта, Сўх ёки Шоҳимардонда одамларнинг уйларини сел оқизиб кетганида аҳолига ҳукумат даражасида ёрдам берилганини биламан. Бошқа ҳолатларни эшитмаганман ёки бехабарман.

Ҳаммамиз кўриб турибмиз, бу йил қишда тузук қор ёғмади. Баҳорда ёмғир ҳам кам ёғди. Дарёларимизда сув озлиги туфайли кўп жойларда анҳор ва каналларга сув кам олинаяпти. Баъзи жойларда олинмаяпти ҳам. Шу сабабли томорқаларда турли экинларни етиштириш бу йил жудаям оғир бўлмоқда. Хўш, вазиятнинг оғирлигини кўриб турган мутасаддилар керакли идораларга мурожат қилиб, таклиф киритиб, аҳолидан олинадиган томарқа солиғини ёки фермерлардан олинадиган даромад солиғини ҳеч бўлмаганда ярмига қисқартирса мақсадга мувофиқ бўлмасмиди? Аммо ҳозирча бу иш ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти.

Ана шундай ҳолатларда чегаранинг уёғидан буёққа биздан арзонлиги ва озгина фойда учун буюм ташийдиган одамлардан ватанпарварлик талаб қилиш учун кишининг калласи катта бўлиши керак.

Аҳолининг ишончини тиклаш учун авваламбор расмийлар, мутасаддилар, жойлардаги ҳокимлар биринчи қадамни ташлаши лозим. Чунки ўртада ишонч йўқлиги учун одамлар ҳеч қачон биринчи қадамни ташламайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг