Афғонистонга Ўзбекистон халқининг навбатдаги инсонпарварлик ёрдами етказилди
200 тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулоти ортилган навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юклари Афғонистоннинг Балх вилоятига етказилди.
Қайд этилишича, мазкур юк «Қурбон ҳайити» муносабати билан ва Афғонистоннинг сел-сув тошқинларидан жабр кўрган аҳолисига кўмак кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон халқининг бағрикенглик ва қўллаб-қувватлаш рамзи сифатида жўнатилган.
Инсонпарварлик юклари Ҳайратон шаҳрида Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда Балх вилояти губернаторининг ўринбосари Нурулҳоди Абуидрис, шунингдек, икки томон расмийлари иштирокида топширилди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан ун, гуруч, шакар, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, нўхот, тез тайёрланадиган таомлар ўрин олган.
Афғонистон расмийлари Ўзбекистон Президенти ва халқига кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорчилик билдириб, Қурбон ҳайити муносабати билан самимий табрикларини йўллашди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter