Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аёл раҳбар бўлса... Саволлар долзарб, жавоблар-чи?

Аёл раҳбар бўлса... Саволлар долзарб, жавоблар-чи?

Фото: «Xabar.uz»

Жамиятда бугун ҳамманинг диққат марказида бўлиб, эртага кун тартибидан тушиб қоладиган масалалар бўлади. Аммо шундай мавзулар борки, улар ҳамиша қизиқ туюлади. Жамиятга аёл раҳбар керакми?

У бирор бир йўналиш бўйича бошлиқ бўлиб қолса, бутун куч-қуввати, фикри-зикри хизматига сарфланиб, оиласи иккинчи даражага ўтиб қолмайдими? Ё ўзи бошқараётган жамоадаги турфа феъл-атворли одамлар билан муомала қилавериб, иш битириш учун (чунки ҳамма масъулият унда-да) ҳар хил идоралар эшигини қоқавериб, аёллик фазилатларидан узоқлашиб кетмайдими? Ҳам аёллик, ҳам оналик, ҳам раҳбарлик вазифаларини бирдай қойилмақом қилиб адо этиш учун унинг кучи етадими? Етса, қачонгача?

Замондошларимиз фикратида айланиб юрган, айни пайтда мавзумизга тегишли бўлган шу саволларга жавоб ахтарар эканмиз, гоҳ бир-бирини тўлдирувчи, гоҳ рад қилувчи фикрларга дуч келдик.

Кўпроқ бўлса, хўпроқдир

Мамлакатимиз аҳолисининг 50 фоизини аёллар ташкил қилади. Аниқ кузатувларимиз хулосасига кўра, айни кунда бизда 1300дан зиёд турли ташкилотларда, 22та нодавлат ташкилотларга аёллар бошчилик қилади. Суд-ҳуқуқ тизимида эса 1200 раҳбар аёллар етакчидир. Албатта, ҳамма раҳбар аёлга бир хил тош-тарози қўйиб бўлмайди. Лекин аксарият кузатиш, ўрганишлар уларда масъулият кучли эканлигини, улар раҳбар бўлиб майдонга чиққач, ор-номус учун, «Аёл боши билан шу ишни уддалай олмади», деган иснодга қолмаслик учун астойдил тиришиб меҳнат қилаётганини далиллайди.

Модомики раҳбар аёллар ўз елкасига олган вазифани тўлақонли адо этишни ҳаёт-мамот масаласи деб билар экан, ҳозир республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар кўламини тасаввур этсак, бу ислоҳотларни амалга ошириш, фармон, қонун, қарорларни ўз вақтида бажариш учун оддий ишчи, оддий раҳбар эмас, қобилиятли раҳбар керак эканлигини ҳисобга олсак, жамиятимизда яна ва яна аёл раҳбарларга эҳтиёж борлиги сезилади.

– Шу эҳтиёждан келиб чиқиб, етакчилик қобилиятига эга аёлларни раҳбарлик лавозимига тайёрлаш ишларига алоҳида эътибор қаратяпмиз, – дейди Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Дилором Қўзиева. – Уларнинг сиёсий билимларини чуқурлаштириш, меҳнат кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида жойларда ўқув-семинарлар, тренинглар ташкил қиляпмиз. Бу йил мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён-парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар йили бўлганлиги боис белгилаб қўйилган 30 фоизли натижага эришиш учун захира кадрлар ўртасида 140дан ортиқ сиёсий ўқувлар ташкил этилди.

Ҳа, аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш борасида ҳамма йўналишларда ҳаракат бор. Аёлнинг бошлиқ, етакчи бўлиши фақат у ишлаётган жамоа учун эмас, унинг ўзи учун ҳам янгиланиш, юксалиш имкони. Унинг ташқи қиёфаси ҳам, ўзини тутиши ҳам ўзгаради. Чунки энди у жамият орасига оддий Гулчеҳра, оддий Раъно бўлиб эмас, раҳбар Гулчеҳра, раҳбар Раъно бўлиб киради. Шунинг учун ҳар жиҳатдан ўрнак бўлишга ҳаракат қилади, ўзини тарбиялайди. Ҳатто, оиласи, фарзандларини ҳам ибрат даражасига кўтаришга, кўтаргандан сўнг ўша даражада ушлаб туришга ҳаракат қилади.

Хатар нимада, тўсиқ-чи?

Албатта, ҳар қандай ҳолатнинг икки томони бўлганидек, аёл раҳбар ҳаётида ҳам яхши ўзгаришлар баробарида салбий ҳолатлар ҳам кузатилиши мумкин. Уларнинг аксарияти белгилаб қўйилган соатлик иш режасидан чиқиб кетади. Чунки вазифасидаги иш кўлами бу соатга сиғмайди. Раҳбар аёл кўпинча уйидан эрталаб 7-8ларда чиқиб кетиб, кечқурун 10, 11 қилиб қайтади. Бу ҳолат унинг болалари эътиборидан четда қолиши, турмуш ўртоғининг норозилиги, ҳатто кўнгли совушигача олиб келиши мумкин. Кўп бўлмаса-да, айнан шундай сабаблар боис, айрим раҳбар аёллар оиласида муаммолар кузатилади. Фарзанди нотўғри йўлга кириш ҳолатлари учрайди.

Бундай ҳолатларда:

– Менга фарзандларимнинг бахти, тинчлиги, оилам мустаҳкамлиги керак, – деб бўшаши учун ариза ёзаётганлар ҳам, «Бу даражага осонликча етдимми, болам ҳам хато қила-қила йўлини топиб кетар. Менга эр керак эмас,  дея ўз курсисига маҳкамроқ ёпишиб яшаётганлар ҳам бор.

Бизнингча, аёлни Яратган эгам энг аввало бекалик, оналик, меҳр-муҳаббат аталмиш булоқ умрини узайтириш учун яратган. Шундай экан, у доим бирор ишни бажаришдан аввал йўқотиши ва топиши мумкин бўлганларини ақл тарозисида ўлчаб, оғирроқ келган тарафини танлаши керак.

Собиқ раҳбар аёлнинг иқрори

Мен ўн беш йил бир соҳада раҳбар бўлиб ишладим. Турмуш ўртоғим, тақдир тақозоси билан бандаликни бажо келтирди. Ҳатто, фарзанд кўришга улгурмадим. Бор куч-қувватимни ишимга бердим.

 Хизмат юзасидан эшигини қоқиб борганим – баъзи идоранинг эркак  раҳбарларининг менга боши очиқ аёл сифатида қарашлари, эрмак учун қилган таклифлари асабимни еди. Меъёрсиз иш, асабий ҳолатлар балки бунга сабаб эмасдир. Тақдирим шудир, касал бўлдим.

Менга шифокорлар: Турмушга чиқсангиз фарзанд кўрсангиз, тузалиб кетишингиз мумкин, дейишди. Аммо мен ҳаммани, айниқса, мен ҳақимда нотўғри ўйлаган эркакларни чўққида порлаб ўтириб, қойил қилмоқчи бўлдим. Ишлайвердим. Бугун тўшакдаман, кун санаяпман... Ҳар бир аёл унга Яратган томонидан берилган неъматлардан баҳраманд бўлиб яшаши керак экан...

Ишончни йўқотмаслик керак

– Лекин бизнинг ҳозирги кунларимизда имкониятимиз бўла туриб, ҳеч қандай сабаб ўзимизни четга олишга баҳона бўла олмайди, – дейди Юнусобод тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнора Ишходжаева. – Миллатимиз ҳаётида шундай давр бошландики, биз эркакларимиз билан бир тану бир жон бўлиб, мамлакатимиз фаровонлиги, халқимиз юксалиши йўлида астойдил хизмат қилмоғимиз керак. Раҳбар аёлнинг эри ҳам шу давлат фуқароси, унинг ҳам юраги шу юрт деб уриб турибди. Фақат уларнинг ишончини йўқотиб қўймаслигимиз керак.

Гулнора Ишходжаеванинг асосли фикрларини давом эттириб шуни айтиш мумкинки, жамиятимизда бугун чиндан ҳам аёл раҳбарларнинг кўпайишига эҳтиёж бор. Чунки аёл табиатан саранжом-саришта, куйди-пишди хилқат. Шу фазилатлари билан иш жойида ҳам муваффақиятларга эришиши мумкин. Лекин ҳар қандай сунъийлик ишни бунёд эмас, барбод қилганидек, сунъий равишда корхонага бошлиқ қилиб, ҳар соҳада аёл раҳбар «яратиш»га урғу бериш самара бермаслиги мумкин. Ижтимоий, сиёсий «қозон»ларда қайнаб, маънан, қалбан юксалиб, ўзи, оиласи намуна даражасига кўтарилганда, табиий равишда мансаби кўтарилган аёлдан оила ва жамият бирдай манфаат кўради.

Бу бизнинг фикримиз. Сизнинг фикрингиз бошқача бўлиши мумкин. Зеро, ҳақиқат қарама-қаршиликларда юзага чиқади, дейишади. Шундай бўлса, ёзинг, қўнғироқ қилинг, фикрлашамиз.

Нигора Раҳмонова, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг