Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бекободда янги саҳифа очилди

Бекободда янги саҳифа очилди

Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида Мустақиллик байрамининг шукуҳи ва шодиёна кайфияти ҳукм сурмоқда. Ана шундай маънавий-руҳий кўтаринкилик муҳитида Тошкент вилояти Бекобод тумани меҳнаткаш фуқаролари иштирокида самимий ва файзли суҳбат бўлиб ўтди.

Айтиш жоизки, бу учрашув, аввало, Президентимизнинг ташаббуслари билан бутун мамлакатимиз бўйлаб “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг узвий давомидир. Унинг асосий мақсади — халқ орасида юриш, қалбларга назар ташлаш, ҳар бир фуқаро билан дилдан мулоқот қилишдир.

Маънавият ва маърифат байрами

Қарийб бир асрлик тарихга эга Бекободда айни кунларда бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда. Йўллар таъмирланмоқда, кўркам боғ-роғлар барпо этилмоқда, янги ишлаб чиқариш иншоотлари қад кўтармоқда, замонавий инфратузилмалар қурилмоқда. Бир сўз билан айтганда, ҳеч ким бўш эмас.

Шу шароитда биз — зиёлилар, таниқли санъаткорлар, ёзувчилар ва маънавият тарғиботчилари “қайдасан, Бекобод!” дея тумандаги аҳоли ҳузурига ошиқдик.

Туман маданият саройида ҳоким Зайнилобиддин Низомиддинов ҳамда туман аҳлининг фаол қатлами — ёшлар, маҳалла “еттилиги”, хотин-қизлар ва кўплаб фуқаролар бизга самимият билан пешвоз чиқишди. Биз ҳам уларга Давлатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг маънавий саломларини етказдик.

Учрашувда мамлакатимиз мустақилликка эришиш йўлида халқимизнинг фидойиларча меҳнати билан боғлиқ тарихий воқеаларга тўхталдик, фикр ва мулоҳазалар алмашдик. Суҳбат самимият ва кўтаринки руҳ билан ўтди.

“Учрашувдан ғоят катта маънавий озуқа олдик”, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Бекобод тумани бўлими раҳбари Нурали Жалилов. — “Айниқса, халқимиз ардоғидаги санъаткорлар — Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов ва Гавҳар Зокироваларнинг туманимизга ташрифи тарихий воқеа бўлди. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган бу тадбирлар халқ билан юзма-юз мулоқот қилиш, орзу-умидларини баҳам кўриш имконини бермоқда”.

Янги Бекободнинг янги маънавий ҳаёти

“Бу ташрифдан маънан бойидик, бошимиз осмонга етди”, — дейди “Янги Бекобод” газетаси бош муҳаррири Сарвиноз Шералиева. — “Чиндан ҳам, сўнгги йилларда туманимизда маънавий-маърифий соҳада таназзул кузатилган эди. Айниқса, ҳокимият газетасининг чоп этилмаслиги маълум бир узилишларга сабаб бўлганди. Энди эса, ижобий ўзгаришлар туфайли газета яна қайта тикланди. Янги ном — “Янги Бекобод” билан мунтазам чоп этилаётган нашр орқали халқимизга янгиликлар ва маърифий ғояларни етказмоқдамиз. Фурсатдан фойдаланиб айтаманки, биз маърифат тарқатишдек улуғвор ишдан чарчамаймиз”.

Байрам кайфияти давом этади

Тадбирда Ёшлар иттифоқи фаоллари томонидан саҳналаштирилган “Жадидлар орзуси” драмаси ҳамда таниқли хонанда Бобуржон Худойқуловнинг маҳоратли чиқишлари томошабинларда ўчмас таассурот қолдирди.

Йиғилиш якунига яқин туман ҳокимига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, сенатор Сирожиддин Сайид қўнғироқ қилиб, “Маънавият карвони” доирасида мингдан зиёд адабиётлар юкланган юк машинаси Бекобод сари йўлга чиққанини маълум қилди. Демак, бу ерда маънавият ва адабиёт байрамлари ҳали давом этади.

Обиддин Маҳмудов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва
Республика Маънавият ва маърифат тарғиботчилари аъзоси

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг