Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бепул тиббий ёрдамдан қачон фойдаланамиз?

Бепул тиббий ёрдамдан қачон фойдаланамиз?

2026 йил мамлакат ҳаётининг бир неча муҳим соҳалари билан биргаликда соғлиқни сақлаш тизимида ҳам қатор ижобий, таъбир жоиз бўлса инқилобий янгиликлар киритилди ва киритилади. Хусусан, 1 апрелдан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари ходимлари учун беш кунлик иш ҳафтаси жорий этилади, 15 йил иш стажига эга давлат тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фарзандлари учун олий таълим контрактининг 30 фоизи қоплаб берилади, 1 январдан олий маълумотли ҳамаширалар маошига қўшимча равишда 100 фоиз устама олади. Энг муҳими поликлиникада навбат кутиш ва қоғозбозликдан халос бўлиш учун — DMED давлат рақамли тиббиёт тизими ишга туширилди. Аммо халқимиз ва тизим соҳасидагиларнинг ўзи бунга тайёрми?

Умумий жавобим – ҳозир йўқ. Буни тушунтириб бераман. Соғлиғимда юз берган шикоят бўйича пойтахт туманларидан биридаги яшаш манзилимга бириктирилган оилавий поликлиникага бориб, ўзим учун бепул тиббий ёрдам олишга 2-марта қарор қилдим.

Соат 11 ларда терапевт қабулига кириб, тушликдан кейин ишлайдиган невропатолог қабулига соат 14:00 га биринчи бўлиб ёзилдим. Ҳар ҳолда терапевт менга шундай деди. DMED тизимида ҳам автоматик равишда невропатолог қабули кўринди. Уйга қайтиб тушлик қилгач, белгиланган соат 14:00 га етиб келдим. Шифокор эшиги олдида тумонат одам жонли навбатда шифокор келишини кутиб ўтиришибди. Янги DMED тизими бўйича қабул қилинмайдими десам, ҳамширалар ҳам навбатда турганлар ҳам бир овоздан биз ҳали Америка бўлмадик, жонли навбат дейишди. Бундай ҳолатда жонли навбат менга кечга яқин етиб келиши аниқ, тизим бўйича Кадрлар бўлимидагилар шифокор DMED бўйича қабул қилинишини айтди. Бироқ муаммо шундаки, невропатологга йўналтирувчи бошқа шифокорлар ҳаммаси тизимда соат 14.00 га беришган. Бу дегани ҳаммани навбати соат 14:00 да! Банк ёки мйговъда онлайн навбат олиш бўйича иши тушганлар тизим бир вақтга 3-4 кишидан кўп одам олмаслигини билишади.

Ҳақли савол туғилади: киритилган янги тизим – тиббиёт соҳасидагилар учунми ёки аҳоли учун ёки президентга жимжидор ҳисоботлар бериш учунми?

Оилавий поликлиника фақатгина болаларни эмлайдиган жой эмас, унинг қонунчиликда белгилаб қўйилган кўплаб вазифалари бор.

Бироқ, соҳа вакиллари ва аҳоли янги киритилган тизимга ҳали мутлақо тайёр эмас. Тизимлилик ва инсон ҳақ-ҳуқуқи кафолати сифатида кўрилган DMED’га тайёр эмасмиз. Камчиликлар бўйича Uzinfocom’нинг соғлиқни сақлашни рақамлаштириш бўйича директори Руслан Султонов Ucast подкастида айтиб берганди. Бироқ мутасаддилар томонидан тиббиёт ходимларининг айниқса, кекса авлод вакиллари орасида компьютер саводхонлиги даражасининг пастлиги ҳақли тарзда тан олинган.

Аммо қарс икки қўлдан чиқади. Бу ерда яна бир муҳим жиҳат кўздан қочирилган. Танганинг иккинчи томони – аҳоли ўртасида ҳам навбатда туриш, технологияни тезда қабул қилиш маданияти ҳали шаклланмаган. Жонли навбат шифокорга ҳам ортиқча бошоғриқ бўлмайди. Табиатан, одамлар янги технологиялар жорий қилинишига, унга кўникишга фаол қаршилик қилади. Соҳа мутассаддилар янги тизимни тезроқ жорий қилиш учун аҳолига тушунтириш ишларини кўздан қочирмаслиги зарур. Акс ҳолда навбатда турганларнинг ўша гапи – биз ҳали Америка эмасмиз, деб юраверамиз.

Ҳа, айтганча, бепул биринчи ёрдам олиш бўйича шифокорни айблай олмайман, чунки ҳали бундай ёрдам олишга мушарраф бўлмадим.

Сардор Абдуғаниев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг