Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Блогерлар чемпионатининг биринчи босқичи якунланди. Иккинчи босқичга ўтиш квотаси оширилди!

Блогерлар чемпионатининг биринчи босқичи якунланди. Иккинчи босқичга ўтиш квотаси оширилди!

Шу йилнинг 12 апрелида Ўзбекистон блогерлари чемпионатига старт берилган эди. Чемпионатнинг 1-босқичига 387 та ижодий иш (матнли, фото, видеоблоглар) келиб тушди. Аслида келиб тушган ишларнинг сони 500 дан ортади, бироқ улар Блогерлар чемпионати низоми талабларига жавоб бермагани учун қабул қилинмади.

Статистик ҳисоб-китобларга кўра, келиб тушган ишлар BLOG.XABAR.UZ платформасида 100 минг мартадан кўпроқ ўқилган, уларга 1848 та изоҳ ёзиб қолдирилган.

Ҳакамлар ҳайъати биринчи босқичга келиб тушган ижодий ишларни баҳолашни якунлади. Натижаларни мана бу ерда кўриш мумкин.

Хабарингиз бор, чемпионатнинг навбатдаги босқичига 50 нафар блогер йўл олиши керак эди. 50-ўриндаги иштирокчи билан яна бир нечта блогернинг натижаси бир хил бўлиб қолган тақдирда, уларнинг барчаси кейинги босқичга ўтиши кўзда тутилган эди.

Блогерлар чемпионатининг 1-босқичи. ТОП-10 талик. 
Манба: BLOG.XABAR.UZ

Биринчи босқич муддатини узайтирилгач, чемпионатда кутилганидан анча кўп ишлар келиб тушди. Уларнинг жуда кўпчилиги ўқишли, сифатли. Буни ҳакамлар, блогерлар ва ўқувчиларнинг баҳоси, изоҳларидан ҳам билиш мумкин. Бироқ айни пайтдаги қоидага амал қилинса, 50 тагина блогпост кейинги босқичга ўтиб, қолганлари курашни шу ерда тўхтатишлари керак бўлади.

Шуларни инобатга олиб, ташкилотчилар Блогерлар чемпионати низомининг 10.1-бандига асосан 50 нафар эмас, балки 75 нафар блогерга чемпионатнинг 2-босқичида иштирок этиш ҳуқуқини тақдим этишга қарор қилди. Умид қиламизки, ташкилий қўмитанинг бу қарори чемпионатнинг янада қизиқарли, муросасиз ўтишига хизмат қилади.

Иккинчи босқичга ўтиш чизиғи.
Манба: BLOG.XABAR.UZ

Иккинчи босқич эртадан, яъни 22 майдан старт олади. Иккинчи босқичда блогерлар янги, ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган блогпост тақдим этиши лозим. Аввал бошқа жойда эълон қилинган блогпостлар келиб тушса, иштирокчи шу заҳоти чемпионатдан четлаштирилади.

Мазкур босқичга ижодий ишларни тақдим этишнинг сўнгги муддати — 31 май соат 23:59. Бундан кечиккан ишлар қабул қилинмайди ва кўриб чиқилмайди.

Эслатиб ўтамиз, Блогерлар чемпионатининг ғолиблари қуйидаги мукофотлар билан тақдирланишади:

1-ўрин (1 та): 15 миллион сўм.
2-ўрин (2 та): ҳар бирига 8 миллион сўмдан.
3-ўрин (3 та): ҳар бирига 5 миллион сўмдан.

Бундан ташқари, ўндан зиёд номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади. Номинациялар ғолиблари ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг