Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Сатторов

Ким нени изласа, топгай бегумон...

Болаларингизни саратон хасталигидан ҳимоя қилинг!

Болаларингизни саратон хасталигидан ҳимоя қилинг!

Фото: «Inspired Taste»

Француз адиби Оноре де Бальзакнинг «Сағри тери тилсими» асарини ўқиган бўлсангиз керак. Асар қаҳрамони ўз умрининг тимсоли бўлган сағри терисини қўлга киритгач, орзуларига эриша бошлайди. Бу орзулар амалга ошгани сайин тери, яъни унинг ҳаёти ҳам қисқариб боради. Гарчи, умри қисқариб бораётганини билиб турса ҳам, қаҳрамон хоҳишларини амалга оширишдан тўхтамайди.

Бугунги тўкин-сочин замонда инсонлар табиий маҳсулотлардан кўра сохта маҳсулот ва таъмларга ўч бўлиб қолди. Хусусан, газланган ичимликларнинг ёки кимёвий қўшимчалар қўшилган маҳсулотларнинг ҳаёт учун хавфли эканини билсак-да, уларни истеъмол қилишдан ўзимизни тия олмаймиз. Яъни, ҳаётга қасд қилишга тенг бўлса ҳам, истак ва хоҳишлардан тийилиш қийин бўлиб қолди.

2017 йилнинг май ойида Европа озиқ-овқат стандартлари ва хавфсизлиги ташкилоти бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилаётган пальма ёғи таркибида канцероген моддалар аниқланганини маълум қилди. Яъни қандолат, хусусан шоколад тайёрлашда кенг фойдаланилаётган пальма ёғи 200 даражадан юқори иссиқликда қиздирилганда ундан глицидил моддасига эга ёғли эфир кислотаси ажралиб чиқар экан.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, бу кислота генотоксик ёки канцероген модда бўлиб, саратон хасталигини келтириб чиқаради ҳамда ривожлантиради. Хусусан, бу ёғ саратон хасталиги тўқималари кўпайиши ва танининг бошқа ерига кўчиб ўтишига ёрдамлашади. Айниқса, бундай моддалар организми ҳали нимжон бўлган болаларнинг саломатлиги учун катта хавф туғдиради.

Бугун биз ҳар куни истеъмол қилаётган сутли маҳсулотлар, шоколадли қандолат маҳсулотларида ҳам пальма ёғидан кенг фойдаланилади. Айниқса, болалар учун шоколад пасталари ишлаб чиқарувчи компаниялар даромад топиш, кам харажат қилиш учун пасталарга писта ёғи ўрнига пальма ёғидан қўшишади. Қатиқ, қаймоқ ва сарёғ, маргаринларга ҳам таннархи арзонлашиши учун пальма ёғи қўшилган бўлади.

Малайзия ва Индонезия асосан ана шундай ёғ экспорти билан шуғулланади. Жаҳон миқёсида 85 фоиз пальма ёғи ана шу давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Ҳар йили Ўзбекистонга хориждан, асосан Малайзиядан катта миқдорда пальма ёғи олиб келинади ва озиқ-овқат саноатида кенг фойдаланилади.

Буюк Британиянинг «The Independent» нашрига кўра, Европада 2016 йилдан бошлаб пальма ёғи қўшиб тайёрланган маҳсулотларга қарши аёвсиз кураш кетмоқда. Мисол учун, ўша йилнинг май-август ойларида пальма ёғи қўшилган 200 дан зиёд маҳсулот савдо расталаридан олиб ташланган.

Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Бугун нима сабабдан давосиз саратон хасталиги кўпайиб кетди? Ўзбекистонда ҳам гўдаклар ўртасида саратоннинг ҳар хил турлари билан оғриётганлар сони кўпаймоқда. Чунки дастурхонимиздаги сохта маҳсулотларнинг сони ортаяпти. Шуларни ҳисобга олиб, қуйидаги икки таклифни илгари сурмоқчиман.

1. 2018 йилнинг 16 январида Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга асосан қандолат ва сут маҳсулотлари ҳамда пальма ёғидан фойдаланган ҳолда озиқ-овқат ишлаб чиқараётган тадбиркорлар фаолиятини алоҳида назоратга олиш.

2. Пальма ёғи ва бошқа маҳсулотларнинг инсон организмига салбий таъсирлари, саратон хасталикларини ўрганиш юзасидан илмий ишлар учун давлат грантлари ажратиш.

Алишер Навоий бобомиз «Олдига қўйганни емоқ – ҳайвоннинг иши» деган. Шунингдек бизда «Шакарнинг ҳам ози яхши» деган гап бор. Шундай экан, болаларимизга турли-туман ширинликлар олиб беришдан, дастурхонни хилма-хил, кимёвий моддаларга бой маҳсулотлар билан тўлдиришдан тийилиш лозим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг