Дорихоналарнинг аксариятида спирт ўрнига лосьон сотилгани аниқланди
Рақобат қўмитаси «Сирли мижоз» тадбири доирасида келиб тушган мурожаатлар асосида дорихоналарда спирт маҳсулотларининг реализация қилиниши ҳолатларини ўрганди.
Ўрганишларда 20 дан ортиқ дорихоналар қамраб олинди ва шундан тахминан 25 фоизида спирт сўралганда унинг ўрнига лосьон берилгани аниқланди.
Шу билан бирга, дори воситаларини ишлаб чиқаришда GDP сертификатлари жорий этилиб, сифат назорати кучайтирилган даврда айрим спирт ишлаб чиқарувчилар лицензия олмаган ва спирт ўрнига лосьон ишлаб чиқаришни бошлаган.
«Мазкур ҳолат юзасидан истеъмолчиларга тўлиқ маълумот берилмагани уларни чалғитишга олиб келган.
Маълумки, 70 фоизли тиббий спирт соғлиқни сақлаш соҳасида яъни: инъекциялар олдидан терини ишлов бериш, асбоб-ускуналарни стерилизация қилиш, яраларни даволаш ва жарроҳлик амалиётларида қўлланилади.
Лосьон эса таркибида спирт миқдори паст бўлган косметик маҳсулот ҳисобланади ва асосан терини тозалаш ва ортиқча ёғланишни камайтириш, косметика қолдиқларини бартараф этишга мўлжалланган», – дейилади қўмита муносабатида.
Таъкидланишича, шу боис, спирт ўрнига лосьон таклиф этилиши кутилган натижани бермаслиги ва истеъмолчилар соғлиғига зарар етказиши мумкин.
Ушбу ҳолат ўз навбатида истеъмолчиларга нотўғри маълумот берилиши ва натижада зарар етказилишига ҳам олиб келади.
Рақобат қўмитаси ушбу ҳолатни қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари сифатида эътироф этиб, дорихоналарга нисбатан тегишли иш қўзғатиш ва бундай ҳолатларни олдини олиш чораларини кўриш ҳақида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига тегишли хат чиқарган.
Қўмита, шунингдек, юқоридагилардан келиб чиқиб, дорихоналарни истеъмолчиларга тўғри ва тушунарли маълумот тақдим этмаслик қонунчилик талабларини бузилиши эканлиги бўйича огоҳлантирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter