Энди ов қилишга фақат овчилик хўжаликлари ерларидагина рухсат берилиши мумкин
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳаси ов қилиш жараёнларини аниқ тартибга солиш, овчилик хўжаликлари фаолиятини тизимлаштириш, ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва уларнинг табиий кўпайиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
Қонун лойиҳасида ов қилиш жараёнлари шаффофлигини оширишга қаратилган нормалар акс этмоқда. Шу билан бирга, овчилик йўлланмалари (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкалари)ни бериш махсус электрон дастур орқали амалга оширилиши, улар асосида мавсумий ёки бир марталик овни амалга ошириш ҳуқуқи тақдим этилиши кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан питомникларда етиштирилган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш жойларига қўйиб юбориш амалиёти қўллаб-қувватланиб, бундай ҳайвонлар ҳисобидан ов қилишни ташкил этишга рухсат берилиши белгиланмоқда. Мазкур ёндашув ов қилиш билан бир вақтда ёввойи ҳайвонлар захирасини тўлдириш имконини беради.
Бундан ташқари, ов қилиш фақат овчилик хўжаликларига бириктириб берилган ов қилиш жойларида амалга оширилиши белгиланмоқда. Бу эса ов қилиш устидан назоратни кучайтириш ҳамда ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш ва уларнинг табиий захирасини асрашга хизмат қилади. Шунингдек, ов қилишни режалаштириш, рухсат этилган ҳудудлар ва муддатларни белгилашда ягона тизим асосида иш юритиш назарда тутилмоқда.
Мунозаралар давомида депутатлар ушбу қонун лойиҳаси мамлакатимизда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, овчилик маданиятини ошириш ҳамда соҳани барқарор ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлаб, лойиҳани такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибга кўра, ов қилиш жойлари этиб, ов қилиш учун фойдаланиладиган ёки фойдаланилиши мумкин бўлган, ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳити, бўлиш ва урчиш жойлари, уларнинг кўчиб ўтиш йўллари бўлган ерлар, сув объектлари ва ўрмонлар белгиланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter