Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ҳомиладор» қўғирчоқлар. Энди буниси жуда ортиқча

«Ҳомиладор» қўғирчоқлар. Энди буниси жуда ортиқча

Фото: «Xabar.uz»

Замоннинг зайлини қаранг, бугун бешикда ётган икки ёшли бола телевизор кўриб, онасини тинчлантирмоқда, уч ёшли бола «сотка»ни қўлига олиб, отаси билмаган «операция»ларни бажариб, ҳаммани қойил қолдиряпти. Улар учун эртакларнинг қизиғи йўқ. Боғча ёшидаги фарзандингиз пулни-пулга уриб сизга ақл ўргатади, қандай қилиб янада кўпроқ пул топиш ҳақида.

Бугуннинг болалари «Мен қандай пайдо бўлганман?» қабилидаги саволлар билан бошингизни қотирмайди. Чунки улар сизнинг «Осмондан тушгансан», «Сени лайлак ташлаб кетган» деган қабилдаги жавобларингизга ҳеч қачон ишонмайди, ишонтиролмайсиз ҳам. Бу ҳақдаги «ҳақиқат»ларни аллақачон мультфильмлардан билиб олган, «сотка»ларда бир неча бор томоша қилган.

Болаларни кузатиб, ўзимнинг беғубор дамларимни эслайман-у, «Эҳ, бугуннинг болалари, бугуннинг ёшлари» деб хурсанд бўлишни ҳам, хафа бўлишни ҳам билмайман. Хурсанд бўлай десам, улар болалигини унутяпти, ёшига нисбатан жуда тез улғайяпти, юзларида беғуборлик, самимият йўқолган, баджаҳил, асабий, бугун ҳатто ўзингизнинг фарзандингизга ҳам маслаҳат бериш ёки қилган қилиғидан норози бўлиб жиддий танбеҳ беришга қўрқасиз. Бизнинг болалигимизда эса ножўя иш қилиб қўйсак, оталармиз белбоғини ечиб... Хурсанд бўлмай десам, етти ёшли болам мен билмаган нарсаларни билади, ақлий қобилияти менинг давримдаги тенгқўрларига нисабатан ўн, юз баробар юқори. Майли, нима бўлса ҳам боши омон бўлсин, дейман дуога қўл очиб.

Кейинги пайтларда сийқаси чиқиб кетган бу мавзу ҳақида гапирмоқчи, ёзмоқчи эмас эдим. Аммо яқинда бир танишимнинг айтган гаплари тепа сочимни тикка қилди. Наҳот шунчаликка бораётган бўлсак, дедим ва болаларимизнинг болалигини йўқотишига биз ота-оналар ҳам сабабчи бўлаётганимиз ҳақидаги гап-сўзлар ҳақиқат эканига яна бир бор иймон келтирдим.  

«Яқинда бозорга кетган ўғлим ва неварам ўзида йўқ хурсанд бўлиб кириб келишди, — дея гап бошлади танишим. — Неварамнинг қўлида катта «Барби» қўғирчоғи. Мен ҳам хурсанд бўлиб, қўғирчоқни қўлимга олсам, жуда хунук, қорни қаппайган. «Нега бунақа қўғирчоқ олдиларинг», деб ўғлимга қарасам, беш ёшли қиз неварам: «Буви, бу ҳомиладор, ичида боласи бор» деб қўғирчоқни шартта қўлимдан олди ва ечинтириб, қорин қисмини очди, ичидан кичкина болачасини чиқариб кўрсатди, шодланиб, камига “кўрдингизми, сиз шуни ҳам билмайсиз» деб танбеҳ ҳам бериб қўйди. Неварамнинг бу хатти-ҳаракатига, гап-сўзига нима дейишни, нима қилишни билмай, бир Хитойда ишлаб чиқарилган қўғирчоққа қарайман, бир унинг эгасига, бир қизига шундай ўйинчоқни раво кўрган отасига. Ранг-рўйимдан ўғлим ҳам қанақа ҳолатга тушганимни ва нима демоқчи эканимни тушундими, «Бозорни бошига кўтарди, шу ўйинчоқни олиб берасан деб», дея ўзини оқлагандек бўлди».     

Болалигим — пошшолигим деганларидек, фарзандимиз ҳақиқатан ҳам тўполон қилса, истагини ҳар қандай вазиятда бажаришга ҳаракат қиламиз. Аммо унинг хоҳиши эртага таълим-тарбиясига, хулқига салбий таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмаймиз ҳам. Майли, қайсидир тадбиркор (бундай шахсларни тадбиркор деб ҳам бўлмайди) жиғилдонини ўйлаб, Хитойдан келтиргандир шундай ўйинчоқларни. Сотувчи ҳам расталарнинг энг кўринадиган жойга қўймаган, тирикчилик қиляпти, унинг ҳам бола-чақаси, «аренда»си, «налог»и бор. Уларнинг қизчалари аллақачон шундай «Барби»ни ўйнаб ҳам бўлган. Чунки агар маънавиятдан, маърифатдан хабари бўлганда эди, улар бундай ўйинчоқларни чет элдан олиб келмаган, дўконининг болаларнинг кўзи энг кўп тушадиган жойига илмаган бўлар эди.

Инсоният яратилибдики, бола таълим-тарбияси доимо нозик ва энг жиддий масала бўлиб келган. Чунки, мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон мияси зарур маълумотларнинг 70 фоизини айнан 5 ёшга қадар олиб бўлар экан. Гарчи бу муддат беташвиш, шўх болаликдан иборат бўлса-да, ўзининг эртанги куни, келажагига бефарқ бўлмаган ота-оналарни юқорида айтиб ўтилган каби воқеалар сергаклантириши, ташвишга солиши лозим. Агар болангизнинг келажакда сиз орзу қилган етук инсон бўлиб камолга етишини истасангиз, ҳозирдан ҳаракатингизни бошланг. Бешикда ётган болангизга эзуглик, яхшиликни тарғиб этувчи эртаклар айтиб беринг, байрамларда, туғилган кунларида маънавиятига, маърифатига таъсир кўрсатувчи ўйинчоқлар, китоблар совға қилинг. Зеро, ота-она ҳеч қачон фарзандларига ёмонликни раво кўрмайди.

Равшан Маҳмудов, 
ЎзМТДП фаоли

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг