Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Иккиламчи уй бозорида нархлар бир йилда 8 фоизга ошган – таҳлил

Иккиламчи уй бозорида нархлар бир йилда 8 фоизга ошган – таҳлил

Жорий йил январь ойида республика бўйича уй-жой олди-сотди шартномалари сони 28,6 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан битимлар сони қарийб 12 фоизга ошди.

Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг  таҳлилида сўз боради.

Қайд этилишича, йил бошидан буён кўчмас мулк савдолари динамикаси республика ҳудудларида ижобий тенденцияларни намоён этмоқда. Республика кўчмас мулк бозорининг қарийб учдан бир қисми Тошкент шаҳрига тўғри келиб, савдолар ҳажми 33,4 фоизга ошди. Бу эса республиканинг барча ҳудудлар орасида энг юқори кўрсаткич бўлди.

Шунингдек, Самарқанд (26 фоиз) ва Сирдарё (24 фоиз) вилоятларида ҳам битимлар сонининг сезиларли ўсиши қайд этилди.

Ҳисобот даврида иккиламчи кўчмас мулк бозорида нархларнинг мўътадил ўсиши қайд этилди.

Республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида 1 кв. метр учун ўртача нарх бир ойда 0,9 фоизга ошди, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса нархлар ўсиши 8 фоизни ташкил этди.

Энг юқори нарх ўсиши Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида қайд этилди. Бу ҳудудларда уй-жой нархларининг ўртача ўсиши қарийб 24 фоизни ташкил қилди. Шунингдек, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам нархлар 16 фоизга ошди.

Шу билан бирга, январь ойида Тошкент шаҳрида иккилламчи уй-жой бозорида 1 кв. метр учун ўртача нархи қарийб 1120 долларни ташкил этди ва нархлар ойлик ҳисобда 0,6 фоизга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса қарийб 2 фоизга ўсди.

Иккилламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши Яккасарой (5,7 фоиз) ва Миробод (4,3 фоиз) туманларида қайд этилди.

Шу билан бирга, пойтахтнинг бирламчи кўчмас мулк бозорида нархлар ўсиши нисбатан юқори бўлди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан янги қурилган уй-жойларда 1 кв. метр учун ўртача нарх 9 фоиздан кўпроққа ошди.

Бирламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши Миробод (18,4 фоиз) ва Мирзо Улуғбек (17,3 фоиз) туманларида қайд этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг