Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон экологик аллергияни даволашда Марказий Осиёда етакчига айланади

Ўзбекистон экологик аллергияни даволашда Марказий Осиёда етакчига айланади

Фото: Инновация вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Европанинг етакчи фармацевтика компанияларидан бири бўлган «Inmunotek» компанияси билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Xabar.uz»га маълум қилди.

Инновация вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва «Inmunotek» компаниясининг халқаро муносабатлар бўйича директори Хосе Ибарсена узоқ муддатли ҳамкорлик масаласини муҳокама қилишди. Музокараларда, шунингдек, Молекуляр аллергология ва иммунология бўйича университетлар халқаро тармоғи вице-президенти Виктория Гариб ҳам иштирок этди.

Халқаро молекуляр аллергология маркази билан ҳамкорлик 4 та йўналишда олиб борилиши кўзда тутилмоқда:

  • аллергология ва иммунология соҳасидаги шифокорлар учун таълим дастури;
  • аҳолини хабардор қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш;
  • катталар ва болаларда экологик аллергияни даволашга мўлжалланган сифатли маҳсулотлар тақдим этиш;
  • мазкур мақсадларда юқори сифатли фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқиш мақсадида «йўл харитаси» ишлаб чиқиш.

Сўнгги ўн йилларда кўплаб мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам аллергик касалликларнинг кўпайиши кузатилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аллергияни сурункали тарзда кечадиган олтита энг кўп учрайдиган касалликлар рўйхатига киритган.

Ўз навбатида, ҳукуматимиз томонидан мамлакатимиздаги болалар ва катталар респиратор аллергия касалликларнинг сони ошиб бораётганини тасдиқловчи статистик маълумотлардан келиб чиққан ҳолда бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

«Inmunotek» билан шартномага кўра, энди юртимизда респиратор аллергия учун перорал ва инъекцион фармацевтик препаратлар ишлаб чиқилади. Мазкур давлат лойиҳасининг мақсади – фарзандларимиздаги нафас йўллари касалликларининг оқибатлари билан боғлиқ муаммоларни 50 фоизга қисқартиришдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг