Қашқадарёда йирик қувватли қуёш ФЭС ва энергия сақлаш тизими қурилади
Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 75 МВт/соатли энергия сақлаш тизими (BESS)ни ўз ичига олган лойиҳа бўйича молиялаштириш масалалари юзасидан келишув имзоланди.
Мазкур тадбир Абу-Даби шаҳрида ўтказилган «Abu Dhabi Sustainability Week 2026» халқаро ҳафталиги доирасида бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа БААнинг «Masdar» компанияси иштирокида ДХШ асосида амалга оширилади.
Лойиҳани молиялаштириш халқаро молия институтлари иштирокида таъминланади. Жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки томонидан молиявий ресурслар жалб этилади. Шунингдек, молиялаштириш пакетида Канада ва Финляндия ҳукуматлари маблағлари, Япония билан ҳамкорлик жамғармаси доирасидаги ресурслар ҳамда банк инструментлари назарда тутилган.
Лойиҳа ишга туширилгандан сўнг атмосферага йилига 280 минг тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади, 231 млн куб метр табиий газ тежалади, шунингдек, 280 мингтага яқин хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилади.
Ғузор лойиҳаси «Masdar» компаниясининг Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида бўлиб, ушбу лойиҳаларнинг умумий қуввати тахминан 2 ГВтни ташкил этади.
Мазкур йўналишда жалб этилган инвестисиялар ҳажми 2 миллиард АҚШ долларидан ортди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter