Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қўқонлик табиб маҳкамада жавоб берадиган бўлди

Қўқонлик табиб маҳкамада жавоб берадиган бўлди

Ижтимоий тармоқларида қўқонлик табиб – Иқбол Салиевга нисбатан маъмурий иш қўзғатилгани ҳақида хабар тарқалди.

Фарғона вилояти ИИБ берган маълумотга кўра, халқ орасида табиблик билан шуғулланиб, «био нур» соҳиби сифатида танилган И.Салиевнинг фаолияти қонунийлиги ўрганилганда «Халқ табобати» фаолият тури бўйича солиқ органларида 2020 йилнинг августида рўйхатдан ўтгани, бироқ Ўзбекистон халқ табобати Ассоциацияси томонидан берилган гувоҳнома муддати 2024 йилнинг 21 декабрида тугаганлиги маълум бўлган.

Унга нисбатан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судига юборилган. Суд томонидан 2025 йил 10 январь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-5-моддаси (Халқ табобати тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 1-қисми билан, 7,5 млн сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, унинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлганлиги инобатга олиниб, ИИО ходимлари томонидан расмий огоҳлантирилган.

Бироқ И.Салиев такроран ўз фаолиятини давом эттириб, видеороликларни ижтимоий тармоқларга жойлаб келганлиги аниқланиб, жорий йил 27 ноябрь куни Қўқон шаҳар ИИБ томонидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-5-моддаси 3-қисми (Халқ табобати соҳасида фаолият олиб бориш учун тегишли ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини кўрсатиш ҳамда мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилиш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳамда тегишли тартибда суд органига юборилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг