Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқандда «сохта капитан» ушланди (фото)

Самарқандда «сохта капитан» ушланди (фото)

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати

Самарқанд шаҳрида ички ишлар органлари ходими кийимини кийиб олган «сохта капитан» қўлга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизматига таяниб, «Daryo.uz» хабар бермоқда.

Хабарда қайд этилишича, 2018 йилнинг 31 март куни соат 23:30 атрофида Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган «Янги юлдуз» тунги клубида эгнида ички ишлар органлари ходимларининг махсус ҳарбий-дала кийими бўлган шубҳали шахс ўтиргани, унинг ёнида «Макаров» тўппончасига ўхшаш қурол борлиги ҳақида тезкор хабар келиб тушган.

Тунги клубга зудлик билан Самарқанд вилояти ИИБ Ўз хавфсизлиги хизмати ва Самарқанд шаҳар IIО ФМБ ходимлари етиб борган ва асли Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида истиқомат қилувчи Абдулатиф Расулов қўлга олинган. Унинг эгнида ички ишлар органларининг махсус ҳарбий-дала кийими, ёнида «Макаров» тўппончасига ўхшаш қурол, 1,5 миллион сўм пул бўлган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати

«Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади вилоят ИИБ ахборотида.

Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати Абдулатиф Расулов ўзини ИИБ ходими деб таништириши оқибатида зарар кўрган фуқароларни вилоят ИИБнинг (+99866) 233-11-11 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, хабар беришни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, 21 март куни Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари томонидан ички ишлар хизмат формасидаги «сохта майор» қўлга олинган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг