Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шаҳид боболаримизга ҳам ёдгорлик ўрнатиладими? Тошкентда чор истилосига дахлдор бутхона қайта тикланмоқда

Шаҳид боболаримизга ҳам ёдгорлик ўрнатиладими? Тошкентда чор истилосига дахлдор бутхона қайта тикланмоқда

Фото: «Xabar.uz»

Тошкент шаҳри «Камолон» маҳалласида жойлашган бутхона (часовня) маданий мерос ёдгорлиги сифатида қайта тикланмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди. 

Авлиё Георгий Победоносец бутхонаси 1886 йилда Тошкентни босиб олиш пайти ҳалок бўлган аскарлар қабри устида барпо этилган.

Фото: «Xabar.uz»

Чор истилосига алоқадор ушбу обиданинг қайта тикланиши борасида ижтимоий тармоқ икки лагерга бўлинди. Бир гуруҳ фойдаланувчилар ёдгорликнинг қайта тикланишини тарихга холис муносабат дея олқишлади. Иккинчи гуруҳ фойдаланувчилар эса бу ташаббусни ватан ҳимояси учун жонини фидо қилган эрксевар боболаримиз руҳига ҳурматсизлик деб баҳолади.

Қозилик қилишга журъат қайда! Бу борада қилни қирқ ёрадиган тарихчи олимлар, миллий маънавиятнинг толмас ҳимоячиси бўлмиш мулозимлар ва албатта гапга чечан депутатлар жўяли фикр билдирса ажаб эмас. Биз эса ушбу ташаббус ортидан туғилган айрим саволларни баён этиш билан чекланамиз.

Мамлакатимиздаги юзлаб маданий мерос объекти таъмирталаб аҳволда экани маълум. Ошиғич таъмирлаш лозим бўлган тарихий объектлар рўйхатида Авлиё Георгий бутхонасига қараганда қадимийроқ обидалар талайгина. Хўш, таъмирлаш учун шунча обида турган пайтда нега айнан XIX асрга оид объект танланди?

Фото: «Xabar.uz»

«Тошкент» энциклопедиясидаги гаплар рост бўлса, генерал Черняев қўмондонлигидаги истилочилар 1865 йил 15 июнга ўтар кечаси Тошкентни забт этгач,  ёшу қарига шафқат қилмай қатл этади, шаҳарнинг асосий қисмига ўт қўяди.

Шундай экан, истилога алоқадор ёдгорликнинг каттагина маблағ сарфлаб қайта тикланиши шаҳид боболаримиз руҳига ҳурматсизлик бўлмайдими?

Тошкент учун асосий жанглар айнан ҳозирги «Камолон» маҳалласида кечган, таъбир жоиз бўлса, ушбу маҳалланинг ҳар бир қаричига шаҳид боболар қони томган. Аммо не тонгки, бугун улардан на ном қолган, на нишон. Хўш, масъул идоралар Тошкентни чор босқинидан ҳимоя қилиб ҳалок бўлган боболар хотираси учун ҳам бирор ёдгорлик ўрнатадими?

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг