Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев: Халқлар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда спортнинг ўрни беқиёс

Шавкат Мирзиёев: Халқлар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда спортнинг ўрни беқиёс

Президент Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеясида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари ўз нутқида глобаллашув тобора кучайиб бораётган дунёда давлатлар ва халқлар ўртасидаги мулоқот, ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда спортнинг беқиёс ўрни ҳақида тўхталди.

Спортнинг бутун башариятни, жумладан, Осиё қитъаси халқларини бирлаштиришдаги ўрни ва таъсири эътирой этилди.

«Осиё Олимпия Кенгаши қитъамизнинг 4 миллиард 800 миллиондан ортиқ аҳолисини бирлаштириб, Олимпия ҳаракатининг дўстлик, ўзаро ҳурмат, адолат ва тенглик каби эзгу ғояларини фаол тарғиб этмоқда. Сизлар минтақамиздаги ижобий ўзгаришларга улкан ҳисса қўшиб, спорт дипломатияси орқали «Жипслашган Осиё» намунасини кўрсатиб бермоқдасиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бизга юксак ишонч билдириб, Осиё Олимпия Кенгашининг 46-Бош Ассамблеясини мамлакатимизда ўтказаётгани учун Кенгаш раҳбариятига Ўзбекистон Президенти ва Миллий Олимпия қўмитаси раҳбари сифатида алоҳида миннатдорлик билдираман.

Бугун мана шундай тарихий анжуманда Сизлар билан гўзал ва бетакрор юртимиз заминида учрашиб турганимиздан мамнунман», – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, йирик платформа – Осиё Олимпия Кенгашининг Бош Ассамблеясида кўпгина масалалар муҳокама қилинганини, шулар қаторида айнан Тошкент шаҳрида Кенгашнинг Президенти лавозимига сайлов бўлиб ўтаётгани тарихий воқеа бўлганини таъкидади. Ушбу лавозимга сайланган Шайх Жавъан бин Ҳамад ол Сонийни самимий қутлади.

«Ўтган йили апрелда – бугун янги сайланган Президент билан учрашувимиз чоғида спортни ривожлантириш борасида сермазмун суҳбат қилган эдик. Шайх Жавъан ҳазратлари Миллий Олимпия қўмиталари ассоциациясининг биринчи вице-президенти сифатида Қатарда футбол ва сув спорти бўйича жаҳон чемпионатлари каби кўплаб йирик спорт тадбирларини юқори савияда ўтказган, катта билим ва тажрибага эга шахс. Бу инсон ўзининг ноёб салоҳияти ва самарали фаолияти билан нафақат Осиё қитъаси, балки бутун дунёда спорт ривожига улкан ҳисса қўшмоқда. Бугун Осиё Олимпия Кенгаши мана шундай малакали номзодни Президент лавозимига сайлаб энг тўғри қарорни қабул қилди, деб ўйлайман.

Ишонаманки, Шайх Жавъан ҳазратларининг бевосита раҳбарлигида Осиё Олимпия Кенгашининг нуфузи бундан ҳам юксалади», – деди Ўзбекистон етакчиси.

Давлат раҳбари нутқида сўнгги йилларда Осиё Олимпия Кенгаши билан кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилгани эсланди. Жумладан, 2022 йилда Осиё Олимпия Кенгаши Ижроия қўмитасининг 77-сессияси Ўзбекистонда муваффақиятли ўтказилган. Ташкилот томонидан Ўзбекистон вакили илк бор Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президент этиб сайланди.

«2029 йилги Ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш учун айнан Ўзбекистон танланганини биз мамлакатимизга масъулиятли спорт ҳамкори сифатида берилган юксак баҳо, деб қабул қиламиз. Бу ишонч эса бизга қўшни ва қардош бўлган Марказий Осиё давлатлари билан спорт алоқаларини мустаҳкамлаш учун пухта замин яратмоқда.

Шу ўринда Осиё Олимпия Кенгаши Бош директори ва «World Aquatics» федерацияси раҳбари Ҳусайн ал-Мусаллам жаноблари ўзбек спортининг узоқ йиллик ва ишончли дўсти эканини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Бу киши 1993 йилдан буён юртимизга мунтазам ташриф буюради. Ўзбекистонга катта меҳр қўйиб, мамлакатимизнинг халқаро спорт бўйича ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Жаноб Ҳусайн ал-Мусаллам нафақат Осиёда, балки халқаро миқёсда ўзининг ақл-заковати, қатъият ва иродаси, барчага бирдек муносабати билан кенг спорт жамоатчилиги ишончини қозонган. Сув спорти барча турларининг бутун дунёда янги босқичга кўтарилгани бу фикрнинг яққол тасдиғидир. Хусусан, Лос-Анжелес – 2028 Олимпия ўйинларида сув спорти турлари дастури 49 тадан 55 тага кўпайгани, энг аввало, ривожланаётган давлатлар учун янги имконият бўлди.

Куни кеча юртимизда «World Aquatics» федерацияси Ижроия қўмитасининг йиғилиши ўтказилиб, унинг Минтақавий филиали ташкил этилгани Марказий Осиё спорт ҳамжамияти учун катта кўмак ва мадад бўлиши шубҳасиз.

Таъкидлаш жоизки, Осиё Олимпия Кенгаши амалга ошираётган ишларни бутун дунё спорт жамоатчилиги ҳар жиҳатдан тан олмоқда. Жумладан, Халқаро олимпия қўмитаси президенти Кирсти Ковентри хонимнинг Бош Ассамблеяга йўллаган видеомурожаати ҳам бунга яққол мисолдир.

Анжуманда Халқаро олимпия қўмитаси вакиллари сифатида Жеймс Маклеод ва Бирлашган кураш дунёси президенти Ненад Лалович иштирок этаётгани ҳам ана шундай юксак эътиборнинг далилидир», – деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Ўзбекистон ҳалол спорт тамойилига амал қилиб, допингга қарши курашнинг қатъий тарафдори бўлиб қолишини таъкидлади. Бу борада Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг адолатли сиёсати тўлиқ қўллаб-қувватланишини маълум қилди.

«Бугун ушбу Агентлик томонидан Тошкентда Марказий Осиё минтақавий антидопинг ташкилотларининг йиғилиши ва Халқаро форум ўтказилаётгани муҳим аҳамиятга эга. Ушбу тадбир маҳаллий мутахассислар учун антидопинг қоидалари бўйича тажриба алмашиш имкониятини бериши шубҳасиз.

Шунингдек, анжуманда қатнашаётган халқаро спорт ташкилотларида 50 дан ортиқ юртимиз вакиллари самарали фаолият юритаётганини ҳам мамнуният билан таъкидлаймиз.

Тадбир доирасида Халқаро ва Осиё спорт ташкилотлари бизнинг миллий спорт федерацияларимиз билан 20 дан зиёд муҳим битимлар имзолаганини ҳам олқишлаймиз. Улар ўз йўналишларида ҳар бир ҳудудимиздан 1 тадан спорт мактабини танлаб олиб, ҳақиқий намунага айлантириш учун кўмаклашаётганидан миннатдормиз.

Мисол учун, Халқаро оғир атлетика федерацияси – Бўстонлиқ туманида Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика спорт клубини замонавий илмий ёндашув асосида ривожлантириш; Бирлашган кураш дунёси ташкилоти – Минтақавий спорт курашлари академиясини ташкил этиш; Осиё волейбол конфедерацияси – ҳар бир вилоятимизда волейбол бўйича 1 тадан спорт клубини бунёд этиш; Чим устида ҳоккей халқаро федерацияси – Тошкент ва Хоразм вилоятларида 2 та стадион қуриш каби аниқ мақсад ва натижага йўналтирилган келишувларга эришгани қувонарлидир.

Мазкур лойиҳаларни тўла-тўкис амалга ошириш учун менинг жойлардаги вакилларим бўлган ҳокимлар ва спорт федерацияларимиз раҳбарлари шахсан масъул бўлади», – деди Президент.

Давлат раҳбари нутқи сўнгида Олимпия ҳаракатини ривожлантириш, муҳим спорт ташаббусларини илгари суришга қўшаётган алоҳида ҳиссаси учун Шайх Жавъан ол Сонийни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг «Шон-шараф» ордени билан тақдирлашини эълон қилди.

«Сўзимнинг якунида шуни алоҳида таъкидлайман: Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан спорт соҳасида кўп қиррали ҳамкорликка ҳамиша тайёр.

Бу шарафли йўлда сизлар каби яқин дўстларимизга эшикларимиз ҳам, юракларимиз ҳам доимо очиқ.

Барчангизга улкан куч-ғайрат, омад ва зафарлар тилайман», – деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг