Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

«Сомон сувоқ» бўлаётган муаммолар

«Сомон сувоқ» бўлаётган муаммолар

Тўғри, у ер-бу ерда озроқ янги йўллар ҳам қурилди. Аммо улар етарли эмас.

Фото: «Sputnik»

Муаммо борми, унинг турли ечимлари ҳам бўлади: осон ечим ва қийин ечим. Кўпинча биз ечимнинг осонини танлаб қўя қоламиз.

Охирги ўн беш-йигирма йилда одамларда автомашина кескин кўпайди. Эслайман, болалик пайтимизда катта бир маҳалламизда саккиз-ўнтача одамда машина бўларди. Ҳозир эса деярли ҳар бир хонадонда биттадан машина бор. Айримларида эса икки-учтадан. Хўш, йўллар-чи? Йўлларимиз кўпаяяптими? Йўқ!  Кенгайтирилаяптими? Йўқ!

Тўғри, у ер-бу ерда озроқ янги йўллар ҳам қурилди. Аммо улар етарли эмас. Ана шундай ҳолатда йўлларимизда йўл-транспорт ҳодисаси кўпаймоқдами, тирбандлик юзага келмоқдами, демак, муаммони ҳал қилиш керак. Йўқ, хомтама бўлманг. Йўллар кенгайтирилмайди. Шунчаки йўлларда ҳаракатланиш тезлиги чекланади, бўлди. Муаммо ҳал!

2017 йилда Тошкент вилоят ИИБ ДЙҲХХ бошқармаси ана шундай йўл тутди ва Чиноздан Тошкент шаҳригача бўлган 60 километрдан ортиқроқ йўлда ҳаракатланиш тезлигини пасайтириб, ЙТҲларнинг олдини олмоқчи бўлишаяпти. Агар улар шу иш билан муаммонинг ечимини топдик деб ўйлаётган бўлсалар, адашишади. Муаммонинг ечими битта. У ҳам бўлса ўша ҳудуддаги йўлни кенгайтириш ва йўлаклар сонини кўпайтириш. Не ажабки, раҳматли Шароф Рашидов даврида қурилган йўл бугунги кунда ҳам ҳеч қандай ўзгаришларсиз хизмат қилмоқда.

Ёки эсингизда бўлса бундан икки-уч йил олдин бизда бензиннинг нархи 2000 сўм атрофида бўлиб турганида вилоятлардаги АЁҚШларда умуман бензин йўқ эди. Аммо баъзи одамлар кўчада бироз қиммат нархда сотиб ўтиришар эди. Ана ўшанда бу муаммо юзасидан кимларгадир ёки қаергадир шикоят қилсангиз, ўша ҳудуддаги АЁҚШга бензин етказиб бериларди дейсизми?! Тушингизни сувга айтибсиз. Муаммонинг осонгина ечими бор. Ўша кўча-кўйда бензин сотиб ўтирганлар қувилади ёки уларга бензин соттирилмайди ва сиз энди ўша ҳудудда умуман бензин топа олмайсиз. АЁҚШларга эса барибир бензин бормайди. Қойилмисиз?

Яна бир мисол. Бир туман марказида бозор атрофидаги кўчалар кеча-кундуз тиқилинч. На ўтиб бўлади, на қайтиб. Бозорга келадиган, унда савдо қиладиганлар, камига киракашлар кўчаларни эгаллаб олган, машиналарини қўйишади. Ўша йўлдан ўтиб-қайтмоқчи бўлганлар эса ярим соат, бир соат тиқилинчда қолиб кетиб, охири ҳокимиятга ёки ДЙҲХХ туман бўлимининг бошлиғига шикоят қилишади. Ана шу шикоятга мувофиқ бир-икки кун у ерга ЙПХ ходимлари рейд ўтказиш учун келишади. Қўлларига ким тушса ҳаммасига чора кўришади, жарима солишади, кетишади. Эртаси кундан бошлаб эса аҳвол яна ўша-ўша. Аммо ҳеч ким «муаммонинг ечими — бозор атрофида қандай қилиб бўлса ҳам автотураргоҳ ташкил этиш» демайди. Автотураргоҳ қурмайди ҳам. Тўғри-да, муаммонинг осон ечими турганда бошларини оғритиб нима қиладилар?!

Эсингизда бўлса, яқинда оммавий ахборот воситаларида «келажакда Тошкент шаҳрида ҳаракатланиш тезлиги соатига 50 км/соатгача пасайтирилиши мумкин» деган хабарлар чиқди. Ана, ниҳоят яна бир муаммонинг ечимини топишди. Япониядаги, АҚШдаги кўплаб шаҳарларни айтиб ўтирмай, 1990-йилларнинг бошигача аҳолининг турмуш даражаси ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари биздан паст бўлган, аммо коррупцияга қарши қаттиқ курашган ва кўплаб инновацион ғояларни ҳаётга тақдим этган Хитойнинг кўплаб шаҳарларида автомобиллар учун бир-бирининг устидан тушган қават-қават осма йўллар ва кўприклар қурилди, қурилаяпти. Биз эса ҳануз пойтахт чорраҳаларида оддий кўприк қураяпмиз ва кўчаларимизда кўпайиб кетган автомобилларнинг тезлигини чеклаш пайида бўлаяпмиз.

Мен юқорида бир нечта мисол келтирдим. Истасангиз яна давом эттиришим мумкин. Бизда шу. Кўп ҳолатларда муаммонинг туб илдизи қидирилмайди-да, унга осонгина ечим топа қолишади.

Худди шуларга ўхшаб исталган муаммони айтинг, бизда унинг «оригинал» ечими бор. Ўзингиз дуч келган исталган муаммо юзасидан тегишли ташкилотга шикоят қилинг, муаммонинг туб илдизи билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ҳамма ўша муаммони ўраб, чирмаб, устидан сомон сувоқ қилиб қўйиш билан банд.

P.S. Тўғри, баъзи муаммолар тубдан ҳал қилинаётган ҳолатлар ҳам бор. Аммо, тан олайлик, аксарият муаммоларимиз «сомон сувоқ» билан ёпилмоқда. Бироз ўтиб ёққан ёмғир эса ўша «сомон сувоқ»ни кўчириб юбораяпти ва муаммолар аслида ҳал бўлмагани билиниб қолаяпти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг